islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рўзадор учун тиш пастасидан фойдаланиш ҳукми

Рўзадор кундузи яъни оғиз ёпиқлигида тиш пастасидан фойдаланиши макруҳдир. Чунки, бу ҳолатда тиш пастасининг бўлаклари сўлакка қўшилиб ичга кетиб қолиш хавфи пайдо бўлади. Бинобарин, кундуз куни оғиз бўшлиғини тозалаш учун тиш пастасидан фойдаланиш рўзани хатарга қўяди. Шу боис ҳам рўзадор учун мазкур воситадан фойдаланишнинг кароҳати бор.

Бироқ, рўзадорнинг табиий мисвок ишлатишида ҳеч қандай кароҳат йўқ гарчи, у нам бўлса ҳам.

Имом Шофеий (р.ҳ) рўзадор куннинг иккинчи ярмидан сўнг мисвок ишлатишини макруҳ санаганлар. Чунки, у кишининг наздида бу ҳолатда ҳадиси шарифларда Аллоҳ ҳузурида мискнинг ҳидидан-да хушбўйроқ бўлган “халуф”, яъни рўзадорнинг еб-ичишни тарк қилганлиги туфайли оғзидан келувчи ўзгариб қолган ҳид кетказилади. Ваҳоланки, мазкур ҳид мақталган рўзанинг асаридир.

Лекин, бу ҳид аслида оғиз бўшлиғидан эмас балки, инсоннинг ошқозонидан келади. Боз устига, мазкур ўзгарган ҳид рўза тутган ҳаммадан ҳам келавермайди. Баъзи, инсонларнинг ошқозонларида муаммо бўлганлиги туфайли узоқ муддат оч юрилганда нохуш ҳидлар пайдо бўлади.

Ҳанафий мазҳаб уламоларининг сўзига кўра, бирор кимсада рўза тутса ҳам оғзида шундай нохуш ҳид пайдо бўлмаса, у инсоннинг шунга такаллуфан интилиб, атайин оғзини чаймасдан мазкур ҳолатга эришишга ҳаракат қилиши ҳеч қандай ажр-савоб келтирмайди. Бу худди, масжидга яқин ва осон йўл турганда атайин ҳар бир қадамимга ажр ёзилсин, дея бошқа кўчаларни айланиб, қийин йўллардан юриб, одимини кўпайтирмоқчи бўлган инсоннинг ҳолатига ўхшайди.

Табиийки, бу ҳолатда унга ўзи ўйлаган ажр берилмайди. Чунки, бу ҳолатда осон йўл турганда атайин ўзини машаққатга солиш ва такаллуф қилиш бордир.

Худди, шунга ўхшаб, оғзимда мазкур ҳид пайдо бўлсин дея такаллуфан ҳаракат қилиши ва айнан шу боис мисвок ишлатишни тарк этиши у инсонга ортиқча савоб касб эттирмайди, валлоҳу аълам.

Алишер Султонхўжаев

225540cookie-checkРўзадор учун тиш пастасидан фойдаланиш ҳукми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: