Истеҳсоннинг луғавий маъноси “бир нарсани яхши деб ҳисоблаш” маъносидадир. Усул-фиқҳ истилоҳида эса мужтаҳиднинг очиқ, равшан қиёсдан махфий қиёсга, куллий ҳукмдан жузъий ҳукмга ўтишидир. Бундай ўтишга унинг ижтиҳоди сабаб бўлган.[1]
Истеҳсоннинг истилоҳий таърифидан кўриниб турибдики, у икки турга бўлинади.
- Махфий қиёсни очиқ қиёсдан устун қўйиш.
- Далилга асосланиб куллий ҳукмдан жузъий ҳукмга ўтиш.[2]
Биринчи турига мисоллар:
- Агар сотувчи билан олувчи сотилган нарсани ҳали олувчи қўлига олмасдан аввал унинг пули тўғрисида тортишиб қолсалар, яъни сотувчи “юз сўмга сотдим” деб даъво қилса, олувчи эса “Йўқ, тўқсон сўмга сотгансан“ деб айтса, ҳанафий уламолари истеҳсонга кўра ҳар иккаласи ҳам қасам ичади, дейдилар. Қиёс эса сотувчи қасам ичмаслигини тақозо қилади. Чунки сотувчи ўн сўм ортиғини даъво қилмоқда, олувчи эса ўша ўн сўмни инкор қилмоқда .
Шариатдаги қоида эса: البينة على من ادعى و اليمين على من أنكر .
“Даъво қилган киши, даъвосига ҳужжат келтириши лозим, уни инкор қилган киши эса, қасам ичиши керак”.
Очиқ қиёс мазкур масалани даъвогар ва инкор қилувчи ўртасидаги воқеани таққослаб, даъвогар ҳужжат келтиришини, инкор қилувчи эса қасам ичишини тақозо этади. Махфий қиёс эса мазкур масалани ҳал қилишда сотувчи ва олувчининг ҳар бири бир вақтнинг ўзида ҳам даъвогар, ҳам инкор қилувчи бўлишини тақозо этади. Бу махфий қиёсни мужтаҳид ўз наздида яхши деб ҳисоблаб, ҳар иккаласи ҳам қасам ичади дейди.
- Бургут, лочин, қарға, калхат каби йиртқич қушларнинг тумшуғи теккан нарса ҳанафий фақиҳларнинг наздида истеҳсон йўлига кўра тоза, қиёсда эса нажас – ҳаромдир.[3]
Қиёсга кўра гўшти ҳаром бўлган шер, бўри, тулки каби йиртқич ҳайвонларнинг олдидан қолгани ҳаромдир.
Истеҳсонга кўра; йиртқич қушларнинг гўштлари ҳаром бўлса ҳам, бироқ уларнинг пайдо бўладиган сўлаклари олдидан қолган сарқитига аралашмайди. Чунки қушлар сувни тумшуқлари ила ичадилар. Тумшуқлари эса тоза суяк. Аммо ваҳший ҳайвонлар сувни тиллари билан ичадилар. Тиллари эса сўлаги билан аралашган бўлади. Шунинг учун уларнинг оғзи теккан сув ҳаромдир.[4]
Мужтаҳид махфий қиёсни ҳукмига мувофиқ деб билганлиги учун очиқ қиёсни ташлаб, махфий қиёс ила ҳукм қилади. Мана шундай очиқ қиёсдан махфий қиёсга ўтишлик истеҳсондир.
Иккинчи турига мисол: Кишини ўзи эга бўлмаган нарсани сотишдан ёки сотишга аҳдлашишдан шариат қайтарган, лекин истеҳсон тариқасида ҳунармандчилик, заргарлик, тикувчилик, ижара масаласи, деҳқончилик ишларига рухсат берилган, чунки юқорида айтилганларнинг ҳаммаси мавжуд бўлмаган нарсага аҳдлашишдир. Истеҳсоннинг вазифаси кишилар ҳожатини чиқариш ва уларнинг урф-одатларини эътиборга олишдир.
Мазкур мисолларда мужтаҳид куллий ҳукмни қўйиб, жузъий ҳукмга ўтганлиги маълум бўлди.[5]
Истеҳсоннинг ҳужжатлиги: Истеҳсонга асосланиб ҳукм чиқарувчилар асосан ҳанафий мазҳаби уламоларидир.[6] Улар истеҳсонни шаръий далиллигига ҳужжат сифатида қуйидаги оят ва ҳадисни келтирадилар.
وَاتَّبِعُوا أَحْسَنَ مَا أُنْزِلَ إِلَيْكُمْ مِنْ رَبِّكُ[7]
“Роббингиз сизларга нозил қилган энг яхши нарсага (Қуръонга) эргашинглар”.[8]
Ва Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадис:
ما رآه المسلمون حسناً فهو عندَ الله حسنٌ
“Мусулмонларнинг кўпчилиги нимани яхши деб билсалар, у Аллоҳ ҳузурида ҳам яхшидир”.[9]
Истеҳсонга эътироз билдирувчилар: Баъзи уламолар шаръий ҳукмлар чиқаришда истеҳсонни далил қилиш киши ҳоҳишига қараб ҳукм чиқаришдир, деб истеҳсонни инкор этганлар. Бундай мужтаҳидларга Имом Шофеъий (роҳимаҳуллоҳ), мўътазилийлар, шиалар, зоҳирийлар киради.
Имом Шофеъий (роҳимаҳуллоҳ) ўзининг “ал-Умм” номли китобида истеҳсон учун алоҳида бир фасл ажратган.[10] Бу фаслда истеҳсонни ботиллиги ҳақида гап боради.
У кишидан: من استحسن فقد شرع
“Ким истеҳсонга мувофиқ ҳукм чиқарса, у ўзидан янги шариат тўқиб чиқарибди” дегани ривоят қилинади. Имом Шофеъий (роҳимаҳуллоҳ) бундан ташқари “ал-Усул” номли рисоласида “Кимки истеҳсонга асосан ҳукм чиқарса, гўё бир томонга қараб намоз ўқиб, ўша томонни Каъба деб истеҳсон қилган бўлади“ деб айтганлар. Яна шу китобда: “Кимки истеҳсон ила ҳукм қилса, у ҳоҳиш истагига бўйин сўнибди” деганлар.[11]
Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак истэҳсон инсонларга шариатга амал қилишда янада енгиллик қилиш мақсадида бу умматга бэрилган нэьматдир. Истэҳсон борасидаги энг кэнг йўл тутган маз эса бу шубҳасиз ҳанафий мазҳабидир. Ушбу бобда ҳам ҳанафий мазҳабини бошқа мазҳабларга нисбатан мўтадил ва инсонлар амал қилишлари учун енгиллиги яққол намоён бўлади.
4-курс талабаси Абдурахимов Абдулбосит
[1] Абул Баракот ан-Насафий. Манор ал-анвор. –Истанбул: Ҳанафия матбаси. Б. 164.
[2] Ваҳбат аз-Зуҳайлий.Усулул -фиқҳ ал-исламий. –Дамашқ: Дарул-фикр, 2008. II-жуз. Б. 21.
[3] Абул Баракот ан-Насафий. Манор ал-анвор. –Истанбул: Ҳанафия матбаси, Б. 167.
[4] Аҳмад ибн Абу Саид. Кашф ал-асрор фи шарҳил манор. –Истанбул: Ҳанафия матбаси, 2008. II-жуз. Б. 57.
[5] Муҳаммад ибн Абдуҳалим. Қомар ал-ақмор шарҳил-манор. –Истанбул: Ҳанафий матбааси, II-жуз. Б. 168.
[6] Ваҳбат аз-Зуҳайлий.Усулул фиқҳ ал-исламий. –Дамашқ: Дарул-фикр, 2008. II-жуз. Б. 17.
[7] Зумар сураси. 55-оят.
[8] Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Б. 464.
[9] Салоҳиддин Муҳиддин. Усулул фиқҳ. –Тошкент: Адолат, 1997. Б. 102.
[10] Ваҳбат аз-Зуҳайлий.Усулул фиқҳ ал-исламий. –Дамашқ: Дарул-фикр, 2008. II-жуз. Б. 29.
[11] Салоҳиддин Муҳиддин. Усулул-фиқҳ. –Тошкент: Адолат, 1997. Б. 103.