Ислом ҳуқуқига кўра, қонуний (саҳиҳ) никоҳ асосида эр-хотин ўртасида қуйидаги мулкий ҳуқуқлар вужудга келади: маҳр, нафақа ва мерос. Шулардан маҳр олиш ва нафақа билан таъминланиш аёлнинг ҳуқуқи бўлса, мерос олиш эр-хотиннинг муштарак ҳуқуқидир.
Маҳр – Ислом оила ҳуқуқидаги маҳр билан одат ҳуқуқида сақланиб қолган қалин тўлаш ўртасида катта фарқ бор. Чунки маҳр аёлнинг ўзига берилиб, унинг шахсий мулкига айланса, урф-одатимиздаги қалинда мол (маблағ) қизнинг ота-онасига берилади. Чуқурроқ таҳлил қилинса, маҳр никоҳ шартномасини олди-сотди шартномасига айлантирмайди ва бу билан аёлни таҳқирламайди. Чунки маҳр бериладиган никоҳ шартномасини олди-сотди шартномасига ўхшатадиган бўлсак, шартноманинг объекти аёл бўлиши лозим. Лекин олди-сотди шартномасида маблағ шартноманинг объектига берилмайди. Демак, никоҳ шартномасида аёл объект эмас ва маблағ (маҳр) ҳам объектга нисбатан эгалик ҳуқуқини келтириб чиқариш учун берилган эваз эмас. Модомики, ислом ҳуқуқидаги никоҳ шартномасини олди-сотди шартномасига ўхшатиш нотўғри екан, унинг бошқа бир моҳияти борлигини еътироф етишга мажбурмиз. Шу боис, маҳр аёлнинг никоҳга розилик билдиргани учун унга миннатдорчилик маъносида бериладиган совғадир. Маҳр никоҳнинг шарти бўлмай, никоҳ мажбуриятидир. Шу боис, ҳанафий мазҳабида никоҳ вақтида маҳр ўртача миқдорда берилиши лозим.
Aммо, бошқа мазҳабларда, масалан, шофеъий мазҳабида: “Никоҳ вақтида маҳр берилмаса, никоҳ саҳиҳ бўлмайди” – дейилган. Aгар никоҳ ақдини амалга ошириш вақтида маҳр хусусида ҳеч нарса зикр қилинмаган бўлса ёки эр маҳрни бермайман, деб тўғридан-тўғри айтган бўлса, у ҳолда хотиннинг «маҳри мисл» олиш ҳуқуқи бор. Бу маҳрнинг миқдори тўғрисида никоҳга кирувчи хотиннинг оиласидаги аёллар эрларидан олган маҳр миқдорига ёки ушбу хотиннинг ҳол-аҳволига қараб қози ҳукм чиқаради. Никоҳ шартига мувофиқ тўланадиган маҳрни эридан олиш ҳуқуқини таъминлаш учун хотин ўзининг эридан маҳр тўловини олмагунча унинг ўзи билан қўшилишига йўл қўймаслиги, айтганларини бажармаслиги ва эрининг уйида турмасдан бошқа жойда туриши ҳам мумкин бўлади. Бундай ҳолда хотин эр нафақасидан маҳрум бўлмайди. Борди-ю, шу вақт орасида эри ўлса, меросдан ҳам маҳрум этилмайди.
Маҳр аёлга тегишли совға, дедик. Aёлнинг розилигисиз унинг бирор қисмига тегиш таъқиқланади. Демак, агар аёл ўзи маҳрнинг бирор қисмини берсагина, эри уни олиши мумкин. Бундан ташқари, эри аёлига берилган маҳрни қайтариб ололмайди.
Хулоса қилиб айтганда, маҳр аёлнинг хусусий мулки бўлиб, никоҳдан ажралган ҳолда ҳам унинг мулкка эгалиги сақланиб қолади ва маҳр никоҳдан ажралган аёлнинг моддий кафолати бўлиб ҳам хизмат қилади.
4-курс талабаси Рахматуллаева Хадича