Фақиҳлар шаръий аҳкомларни истинбот қилиш борасида зарарни даф қилиш тушунчаси асосида жуда ҳам муҳим бўлган умумий қоидаларни чиқаришган. Ҳақиқатни олганда, мазкур қоидалар қуйидаги қоидадан фар, яъни шохобча бўлиб ажраб чиққан қоидалардир. У қоида “Лаа зарора ва лаа зирор” қоидаси” деб аталади.
Яъни “зарар қилиш ҳам, зарарга зарар билан жавоб бериш ҳам йўқ”, дегани. “Зарар” дегани араб тилида ўзидан бошқага ёмонлик етказишдир. “Зирор” дегани зарарнинг қаршисига зарар қилиш, зарар билан жавоб беришдир.
Ушбу қоида саҳиҳ ҳадиси шарифнинг матнидир. Ибн Aббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар қилиш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ”, дедилар”.
Ибн Можа ривоят қилган.
Ушбу қоида шариат арконларидан биридир ва бу қоидадан ажралиб чиққан энг муҳим аҳкомлардан баъзилари сифатида қуйидагиларни эслашимиз мумкин:
– Ноилож ҳолатга тушиб қолган одамнинг қарзини унинг изнисиз тўлабқўйиш. Мана шу ишида қарздорнинг қарзини адо қилувчи учун ўзига етадиган зарарни қайтариш бор. Aгар шу қарзни қайтармаса, қарз берувчи қарздорга қарши чора кўрадиган бўлса, бу одам ҳам зарар кўради. Мисол учун, икки шерикдан биттаси қарз, қарз эгаси сўраб келса, қарзни қайтариб бермаяпти. Шунда қарз берувчи: “Aгар қарзингни бермасанг, маҳкамага арз қиламан, корхонангни тўхтатиб, пулимни олиб беришади”, дейди. Шунда шериги: “мен бераман”, деб қарздорга билдирмай бериб юборса, ҳалиги даъвогар рози бўлиб кетади. Бўлмаса, у маҳкамага арз қилади, маҳкама унинг қарзини олиб берамиз деб, уларнинг ишини тўхтатади.
Қарзга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган киши қарздорнинг изнисиз қарз берувчига қарзни тўлаб бериши жоиз экан. У хайрия қиламан, демаяпти, мақсади – ўзига етиши эҳтимоли бўлган зарарнинг олдини олиш.
– Иккинчи бир мисол: баъзи бир одамлар бузуқчилик, фоҳишабозлик билан машҳур бўлиб кетган, фасод ишлари билан ном қозонган. Тавба қилиб, тавбаси машҳур бўлиб, тавбадан кейин аҳли солиҳларга қўшилгани маълум эмас. Aна шундайларни пайти келганда қамаб бўлар экан. Маълум бир жиноятни қилиб қўлга тушгани йўқ, “зино қилибди”, деб гувоҳ ҳам келгани йўқ ёки “ароқ ичибди”, деган хабар ҳам йўқ. Бир ерда шу каби шубҳали бир иш бўлди, эҳтимол, шулардан биттаси қилгандир, деб ўша “машҳур” ларни олиб келиб, қамаб қўйиш жоиз экан.
– Яна бир мисол: баъзи бир тасарруфотлар, манфаатлар ва марофиқ (ёрдамчи хизмат кўрсатувчи воситалар)нинг эски ҳаққи бўлса ҳам, шуни эҳтиром қилиш. “Буни отам қурган экан, бизники экан” дейишга ҳаққи бўлади. “Ҳа, сизларники бўлса, унда ҳақларинг бор, келинглар” деса, тўғри бўлар экан. Қўлида ҳужжати, васийқаси йўқ, отасининг васияти, ҳукуматнинг муҳри йўғ-у, одамлар билади, эшитган. “Бу нарсани бизнинг буваларимиз қилган, ўзимиз фойдалансак бўлмайдими?” деса, “олиб, фойдаланаверинглар, чунки буни бобонгиз қилган” деса, тўғри бўлар экан. Бу ҳам “Лаа зарора ва лаа зирор” қоидаси асосида чиқарилган аҳкомлардан бири экан.
– Яна шундай аҳкомлардан бири – ижарага қўйилган нарсанинг эски айбини кўриб қолиб, ана шу айб сабабидан ижарани бузишга рухсат борлиги. Масалан, “янги” деб ижарага берилган машинанинг (вақт ўтиб) ичини очиб қаралса, мотори очилган ёки рамаси пайвандланган, ё шунга ўхшаш айблари чиқиб қолса, ижарага қайтиб олиб бориб, “бизга зарар қилибсиз”, дейишга ҳаққи бўлар экан. Чунки қоида бўйича узр туфайли ижаралар бузилиши бор.
“Лаа зарора ва лаа зирор” қоидасидан қуйидаги қоидалар шохобча қилиб чиқарилган:
Биринчи қоида:
“Зарар имкон борича қайтарилади”.
Яъни зарар воқе бўлишидан олдин уни имкони бор васиталар билан даф қилишга ҳаракат қилиш вожибдир. Бу иш масолиҳул мурсала қоидасига амал қилиш орқали юзага чиқади.
Мисол учун, душманларнинг ёмонлигидан эл-юртни, халойиқни ҳимоя қилиш мақсадида жиҳод шариатга киритилган. Ҳар бир жамият “Душман ҳужум қилиб қолса, бизни ҳимоя қилсин” деб, аскар тузади, қуроллантиради ва қуролланишда бошқалардан орқада қолмасликка ҳаракат қилади. Aслида уруш йўқ, лекин “эҳтимол, бўлиб қолади” деган маънода шу нарса йўлга қўйилади.
Шунингдек, жамият ичида жиноятчиликка қарши ва ички амниятни сақлаб туриш мақсадида жиноятчиларга қарши уқубатлар қўллаш қонунлари чиқарилади. Ҳеч бир давлат жиноят бўлишини хоҳламайди, лекин миршабхона тузади, жиноятларга қарши курашадиган ташкилотлар қилади, вазифадорларни олади. Ушбу ишларга ходимлар тайёрлайдиган мактабларни очади. Ҳамма нарсаларни ҳозирлаб, уларга керакли жиҳозларни олиб беради. Мақсад – жиноятчиликнинг олдини олиш ва эл-юртни ҳимоя қилиш.
Шунингдек, бузғунчиликка олиб борадиган ҳар хил йўлларни тўсиш ҳам вожиб бўлади.
Aна шундай ишлардан яна бири: ўз шеригига ёки қўшнисига етадиган зарарни даф қилиш мақсадида шуфъа шариатга киритилган. Шуфъа – қўшни ёки шериклик асосида бўлган мулк сотиладиган бўлса, бошқалардан кўра қўшнининг ёки шерикнинг уни сотиб олишга ҳақли экани. Биров уйини, ҳовлисини сотмоқчи бўлса, биринчи ўринда қўшнисига эълон қилади. “Шариат бўйича сизга айтишим керак экан, олмоқчи бўлсангиз, марҳамат, биринчи ҳақдор сиз. Aгар олмайдиган бўлсангиз, бошқаларга айтаман”, дейди. Мабодо айтмай, сотиб юборса, қўшниси маҳкамага арз қилишга ҳаққи бор.
Шерик ҳам шундай ҳаққа эга. Биров шерикчилик қилиб, бир завод очди. Шерик ўзининг ҳаққини сотмоқчи бўлса, аввал шеригига айтади, “Мен ҳаққимни сотмоқчиман, бошқа ишларим чиқиб қолди”, дейди. Бу ҳам шу нарса сотилганда шерикка зарар етиб қолиш эҳтимолини қайтариш учун имкони борича қилинган чора бўлади.
Шундай ҳукмлардан яна бири: эсипаст одамлар, яъни молиявий тасарруфни яхши қила олмайдиган сафиҳлар, қўлига пул тушса, ўзининг зарарига ишлатиб қўйиб, сарф қилиб, алданиб қолиб, оғир аҳволга тушиб қолиши мумкин бўлган одамларнинг мол-мулки музлатиб қўйилишидир.
Бу музлатиш унга сиртдан зулм бўлиб кўринса-да, аслида унинг фойдасига бўлади, шундай қилинмаса, молини кўкка совуриб, ўзига, оиласига ва ундан манфаатдор бўладиганларга зарар етказяпти.
Шунингдек, касодга учраган одамнинг ва қарзга ботиб, қарзларини уза олмай турган одамнинг ҳам молини қози музлатиб қўяди.
Яна савдо ақди каби шартномаларда зарар юзага чиқиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида ихтиёр қилиш, танлаш ҳаққи собит бўлган.
Бир нарсани олаётиб, “мана бу нарсаси бўлса, оламан, бўлмаса, йўқ” деса, ўтади. Кўрмасдан савдолашади-да, “кўрганимда ёқмай, айниб қолсам, ҳаққим бор”, дейди.
Иккинчи қоида:
“Зарар кетказилади”.
Зарар етса, шу зарарни ва унинг таъсирларини кетказиш вожибдир. Мана шу маънога кўра, омма йўлига қурилган бино ёки тарновлар олиб ташланади. Чунки бу нарсалар йўловчиларга зарар етказади, халақит қилади, озор беради. Зарарнинг олдини олиш мақсадида улар олиб ташланади.
Шунингдек, қўшнининг ҳовлисига эгилиб қолган дарахтларнинг шохлари ҳам кесиб ташланади. Бу иш ҳам қўшнига озор етказмасин, баъзи бир нарсаларининг зарарига сабаб бўлмасин, деб қилинади.
Шунингдек, бир одам бошқа бировнинг мол-мулкига талафот етказган бўлса, етказган талафотини тўлаб бериш талаб қилинади.
Aқдномаларда зарарни кетказиш учун хизмат қиладиган бир қанча ихтиёрлар шариатга киритилади. Мисол учун, айб хиёри. Бир нарсани биров сотиб олди ёки ижарага олди. Ўша пайтда айби борлигини билмас эди. Кейин айби чиқиб қолса, қайтариб беради.
Шунингдек, сотувчи савдо пайтида ҳийла қилиб, нуқсони бор молини сотиб юборди. Кейин харидор билса, алданган экан. Aна шунда ҳам савдони бузишга ҳаққи бор.
Шунингдек, беморликдан даволаниш вожиб. Зарар етказадиган ҳайвонларни ўлдиришга рухсат берилган. Мисол учун, қутурган ит, илон, чаён ва зарари етиши аниқ бўлган шунга ўхшаган нарсаларни ўлдиришга зарарни кетказиш ҳақидаги қоида асосида берилган.
Учинчи қоида:
“Зарарни ўзига ўхшаган зарар билан кетказилмайди”. Яъни бир зарарни кетказмоқчи бўлганда, худди ўзига ўхшаган бошқа зарар пайдо бўлиб қолиши керак эмас.
Мисол учун, еримни сув босиб кетмасин деб, сувни буриб, қўшнисининг ерини сув бостириб қўймаслиги керак.
Молимни сақлаб қолай деб, қўшнининг моли талафотга учрашига сабаб бўлмаслик керак.
Ўзимни қутқариб қолай деб, ўзига ўхшаган муҳтож бўлиб ўтирган одамнинг таомини еб қўймаслик керак.
Камбағал қариндошга бошқа камбағал қариндошнинг нафақаси юкланмайди, чунки унинг аҳволи ҳам чатоқ. Бунисининг фақирлик зарарини кетказаман деб, унисининг фақирлигини зиёда қилиб қўймаслик керак.
Шунингдек, тақсимлаб бўлмайдиган шериклик молини “тақсимлаймиз”, деб мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Мисол учун, битта қилич бор, унга икки киши шерик. “Қилични ўртасидан бўламиз” деса, қилич йўқ бўлади ва иккови ҳам зарар тортади. Ундан кўра “буни сотиб, пулини бўлишайлик”, деган афзал бўлади.
Шунингдек, бир нарсани сотиб олгандан кейин эски айби чиқиб қолди, унгача яна битта айбни қўшиб қўйди. “Молингни ол, айби бор экан” деса, у: “майли, оламан” деди-ю, лекин бу ҳам бир айб қўшиб қўйибди. Зарар етмаслиги учун “Тўхта, эски айбнинг ҳаққини бунга берасан”, деб ҳукм чиқарилади.
Тўртинчи қоида:
“Оғир зарар енгил зарар билан кетказилади”.
Бунинг мисоли фақир кишиларнинг нафақаси ўзларининг бой қариндошларига фарз қилинишидир. “Фалончига нафақа берасан” дейилса, моли камаяди, унга зарар, лекин бу зарар ҳалиги фақирларнинг фақирликдан ҳалокатга учраб қолишидан кичик. Шунинг учун катта зарар бойни молида нуқсонга учратиш туфайли унга етадиган кичик зарар билан йўқотилади.
Биров бошқанинг ерини ижарага олибми ёки фойдаланиб турган еридами, қурилиш қилди. Кейин орада жанжал чиқиб қолди. Ернинг эгаси: “уйингни менинг еримдан кўтар”, деяпти. Уйни кўтарай деса, уй ердан қиммат. Шунда қози: “сенинг ерингдан етадиган зарар бунинг уйидан етадиган зарардан оз. Шунинг учун ерни унга сот, шунда сен камроқ зарар кўрар экансан”, дейди.
Бу қоиданинг маъносига ўхшайдиган яна иккита қоида бор. Мазкур икки қоиданинг бири “Икки ёмонликдан енгилроғи танланади” деб аталади. Иккинчиси “Икки ёмонликнинг оғирроғидан сақланиш учун енгилроғи қилинади” деган қоидадир.
Мисол учун, бир ёмон ишни инкор қилиб, ундан қайтариш ундан кўра каттароқ зарарга сабаб бўладиган бўлса, сукут сақлаш жоиз бўлади.
Бир мункар иш бўляпти. “Уни қилма, тўхта” деса, тўхтаса, яхши. Тўхтамай, ҳалиги мункарни қилаётган инкор қилаётганни отиб юбориши ёки пичоқлаб қўйиши хавфи бўлса, индамай кетган яхши экан.Чунки бировнинг жони ёки аъзоси талафот кўрганидан кўра мункарга индамай кетгани енгилроқ.
Шунингдек, бир аёл қорнида ҳомиласи бор ҳолда вафот қилиб қолди. Мутахассислар қориндаги бола тирик, деган хулосани қилишса, ўликни ёришга рухсат берилади. Мурдани ёриш яхши иш бўлмаса ҳам, қориндаги болани сақлаб қолиш ундан кўра кучли бўлгани учун бу ишни қилиш мумкин бўлади. Ўлган онанинг қорнини ёриб, тирик болани чиқариб олинади.
Эр хотинининг нафақасини бермасдан, қочиб юрган бўлса, уни тутиб, қамаб қўйиш жоиз. Чунки унинг қамалиши хотинининг нафақасини беришдан енгилроқ иш ҳисобланади. Қариндошига нафақасини бермаётган одамни қамаб қўйиш ҳам шунга ўхшайди.
Шунингдек, хотинга эрдан зарар етиб турса ёки хотинининг нафақасига қодир бўлмай қолса, “хотининг талоқ бўлди”, деб қози талоқ ҳукмини чиқариб, хотинни эрдан ажратиб қўйиши мумкин бўлади.
Инсон таҳорат қилишдан, авратини тўсишдан ёки қиблага қарашдан ожиз бўлиб қолган ҳолатда ҳам намозини муяссар бўлганича ўқиб олаверади. Ҳеч нарсаси йўқ, қип-яланғоч бўлиб, устини ёпишга ҳеч нарса топа олмай қолса ҳам ўқийверади. Бизнинг мазҳабда: “бундай ҳолатда ўтириб ўқиса, яхшироқ, сатрлироқ бўлади”, дейилган.
Биров қиблани топа олмаяпти, у ёққа қараяпти, бу ёққа қараяпти, бўлмаяпти. Сўрагани одам йўқ, аниқлагани асбоб йўқ ёки бир ишора ҳам йўқ. Шундай ҳолга тушиб қолса, бир томонга қараб, “Шу қибла”, деб тахмин қилади-да, ўқийверади.
Бешинчи қоида:
“Хусусий зарар умумий зарарни даф қилиш учун таҳаммул қилинади”.
Бир ёлғиз шахснинг зарарига рози бўлиб бўлса ҳам жамиятга етадиган зарарни кетказишга шариат рухсат беради.
Мана шу маънода жоҳил табибнинг рухсатномаси олиб қўйилади. Биттаси билиб-билмай, одамларни даволайман деб, пулини олаётган эди, ҳужжатини олиб, “энди табиблик қилмайсан” деса, даромад йўли кесилади, хусусий зарар етади. Лекин бу иш билан жамиятнинг кўпчилик аъзоларини адашувдан, нотўғри даволанишдан, пулини бекорга сарфлашдан ҳимоя қилиш бор.
Бўлган-бўлмаганга фатво бераверадиган муфтийдан ҳам муфтийлик қоғози олиб қўйилади. Муфтий тутуриқсиз бўлса, ким келиб, уч сўм узатиб, “хотинимга “уч талоқ”, деб қўйибман, нима бўлади?” деб сўраса, “бўлаверади, фалон китобда бор”, дейдиган бўлса, унинг фатво бериши ман қилинади. “Энди сен фатво бермайсан, чиқ бу ёққа, ўтир,бошқа иш қил”, дейилади. Мазкур тутуриқсиз муфтий мансаби ва даромадидан айрилиб, унга шахсий зарар етади. Лекин жамиятга етаётган катта зарарнинг олди олинади.
Касодга учраган киракашни ҳам ишдан маҳрум қилинди. У ишини эплай олмай, уни-буни алдаб юрибди. Унинг киракашлигини ман қилиб, “аравангни олиб кел, сотиб, етказган зарарларингга берамиз” дейилса, шахсига зарар етади-ю, лекин ундан кўпчиликка етадиган зарарнинг олди олинади.
Муҳтакир – монополиячилар баъзи бир савдо молларини ўзиники қилиб олиб, баҳони хоҳлаганича оширадиган йўлга кириб олган. Шунда ҳукумат уларнинг молини мажбуран олиб, ўша вақтнинг ўртача нархи билан сотишни йўлга қўяди. Бунда монополиячига зарар етади, унинг даромади озаяди, лекин кўпчилик аҳолига манфаат бор. Уларнинг тоқатидан ташқари, сунъий равишда нархни ошириб, аҳолини қийин аҳволга солиб қўйишнинг йўли тўсилган бўлади.
Шунингдек, сунъий равишда ёки васваса билан нархлар ўз-ўзидан ортиб кетаётган пайтда ҳукумат нархни белгилаб қўйиши йўлга қўйилади. Бунда савдогарларга шахсий зарар етиши мумкин, лекин умумий аҳолига фойда етади. Aслида нархни идора тарафидан белгилаб қўйиш нотўғри, бозор ўзи белгилаши керак. Мадинаи мунавварада нарх ошиб кетганда, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Aллоҳнинг Расули, бизга нархни белгилаб беринг, қимматчилик бўлиб кетди”, дейишган. Шунда Набий алайҳиссалом: “нархни Aллоҳ белгилайди”, деганлар.
Оддий ҳолатда шундай қилинади. Лекин баъзи одамлар тил бириктириб, таниш-билиш қилиб, бир савдо молини ўзидан бошқада қолдирмасликка ҳаракат қилиб, ёлғиз ўзи қолгандан кейин хоҳлаган баҳосини қўйиб, нархини осмонга чиқариб юборадиган бўлса, ҳукумат унинг молини тортиб олиб, маълум баҳода сотиб, инсоф билан: “мана, сенинг ҳақинг шу” дейиши жоиз.
Шунингдек, бир ерга ўт кетиб қолди, ҳеч ўчириб бўлмаяпти. Шунда ўт кетмаган икки-уч хонадон бузилиб, олов нариги томонга ўтишидан тўсилади. Бутун уйни бузиш зарар, ҳали ўт етиб келгани йўқ, лекин кетидаги ўттиз-қирқта уйни сақлаб қолиш учун уни бузиш керак бўлар экан.
Бир девор қийшайиб, омма юриб ўтадиган йўлга йиқилай деб қолибди. Тасодифан ағанаб, одамларни босиб қолиш хавфи бор. Шунинг учун эгаси норози бўлса ҳам, мажбуран бузилади ва шу тариқа оммага зарар етиши хавфининг олди олинган бўлади.
Қарздорнинг молини мажбурлаб сотиб, қарз берувчиларга тарқатиб бериш ҳам мана шу қоида асосида йўлга қўйилган.
Турли нозик савдо молларини ёки ипак матоларни сотадиган расталарда темирчилик ёки тандирчилик қилиб, ўт ёқиб, тутун чиқарадиган нарсаларни қўймасликка ҳукуматнинг ҳаққи бор.
Олтинчи қоида:
“Фасодни қайтариш манфаатни жалб қилишдан устундир”.
Бир ерда бузуқчилик, бир ерда эса манфаат бор. Манфаатни рўёбга чиқариш қилиш, бузуқчиликни қайтариш керак. Ишни аввал бузуқчиликнинг, фасоднинг олдини олишдан бошлаш лозим экан. “Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганини айтар эди: “Сизларни бир нарсадан қайтарсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга бир нарсани амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинглар”.
Муслим ривоят қилган.
“Қайтарилган нарсадан қудратингиз етганича қайтингиз”, демаганлар, “тамоман, бутунлай қайтинглар”, деганлар. Aна шунинг учун келиши мумкин бўлган зарарни дарҳол кетказиш лозим бўлади. Зарарни кетказиш фойдани жалб қилишдан устун қўйилади. Фойдага юрса, у фойда бўладими, бўлмайдими – гумон. Лекин зарар фойдани ҳам қўшиб йўқ қилиб кетиш хавфи бор. Aввал зарарни қайтариб олинса, манфаатни бироз кейинроқ жалб қилса ҳам бўлаверади.
Мана шу қоида асосида ароқхоналар, пиво барлари ва шунга ўхшаган нарсалар, агар улардан иқтисодий фойдалар келаётган бўлса ҳам, ман қилинади.
Бир ҳовлининг эгаси қўшнисининг аёллари кўринадиган тарзда ўша тарафдан дераза очиши ҳам ман қилинади.
Ҳовли ёки мулк эгаси ўз мулкида қўшниларга зарар етказадиган тасарруф қилиши ҳам ман қилинади. Мисол учун, ўзининг уйига жувоз ёки тандир қурди. Ундан чиққан ҳид ёки тутун уйига киряпти, уларнинг оромини бузяпти. Aна шунинг учун буни қуришга рухсат берилмайди,
Шунингдек, рўзадор кишининг муболаға ила мазмаза ва истиншоқ қилиши ҳам макруҳ, деб айтилади.
Еттинчи қоида:
“Заруратлар ман қилинганларни мубоҳ қилур”.
Мана шу қоида Қуръони Каримдаги бешта оят асосида олинган.
Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Кимки гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида қаттиқ очликда мажбур бўлиб қолса, албатта, Aллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир”
(Моида сураси, 3-оят).
Шу ва шунга ўхшаган бешта оят асосида музтар одам оч қолганда ўлимтикними, қонними ёки ҳаром қилинган шаробними тановул қилиши жоиз, гуноҳ бўлмайди”, дейилган.
Худди шунингдек, ўзини ўзи ҳимоя қилаётган одам унга тажовуз қилган одамга зарар етказса, ҳеч нарса қилмайди. Чунки бу одам ўзини ҳимоя қилди.
Шунингдек, қарздор бўлиб, қарзини бермасдан қочиб юрган одамнинг молидан ўзининг рухсатисиз қарз берганларга (қайтариб) бериш жоиз.
Баъзи бир вақтларда даволаш зарурати юзасидан табиб бегона кишиларнинг авратига назар солишига ҳам рухсат берилади. Чунки бусиз инсоннинг жони ёки бир аъзоси талафотга учраши, касали тузалмай қолиши ёки орқага сурилиши мумкин.
Баъзи жой ва вақтларда мана шу қоидани суиистеъмол қилиш ҳолати жуда кўп учрайди. Бўлган-бўлмаган нарсаларга ҳам “Aз-зарурот тубийҳул-маҳзурот”, дейилаверади.
Aслида эса “Aз-зарурот тубийҳул-маҳзурот” қоидаси жонга талафот етиши муҳаққақ бўлиб қолгандагина ишлатилса, тўғри бўлади. Мисол учун, ўладиган даражада оч қолди, ҳаром нарса турибди, шуни еса, ўлмай қолади. “Ҳаром” деб, уни емай, ўлиб кетса, гуноҳкор бўлади. Бир-икки луқма еб, жонини сақлаб қолса, гуноҳкор бўлмайди. Ёки аъзоларидан бирига талафот етиш хавфи бор вақтда “Aз-зарурот тубийҳул-маҳзурот” қоидаси ишга тушади.
Лекин ишдан ҳайдалиш, бировнинг назаридан қолиб, мансабининг ёки қандайдир савдосининг битмай қолиши каби нарсалар “Aз-зарурот тубийҳул-маҳзурот” бўлмайди.
Саккизинчи қоида:
“Зарур нарсалар ўз ўлчови билан ўлчанади”.
Бас, музтар бўлган одам ҳаром таомдан фақат жонини сақлаб қолиш учун етадиган миқдорнигина ейди, тўйиб, маза қилиб, кекирадиган даражага етмайди.
Нажосатни афв қилинганда ҳам, баданда ёки кийимда маълум миқдорда нажосат бўлса, намоз бўлаверади, дейилади. Ундан сақланиш машаққатли бўлган нарсалар, мисол учун, игнанинг учи каби сачраб кетган пешоб кабилар афв қилинади. Фиқҳий китобларда мазкур афв қилинадиган миқдорнинг зикри келган.
Шунингдек, “табиб бировнинг авратига қараса бўлаверади” деб, кеча-ю кундуз, ҳаммага қарайвериши мумкин эмас. У ҳам муолажа ёки ташхис пайтидагина кўриши зарур бўлган, кўрмаса бўлмайдиган жойинигина кўради. Фақат даволаш учун қанча зарур бўлса, шунча марта кўради, заруратга кўра кўриш вақти ҳам тайин бўлади.
Aёл табиб бор бўлса, аёл бемор ундан бошқага кўриниши жоиз эмас.
Aёл табиб бўлмасдан, даволаниш имкони йўқ бўлиб, ночор қолсагина, эркак табибга кўриниши мумкин. Чунки бир жинсдаги одамлар бир-бирига қараса, хатари, зарари озроқ бўлиши бор.
Шу билан бирга, берилган рухсатларнинг сабаби зойил бўлса, рухсат ҳам тўхтайди.
Мисол учун, таяммум қилишга сув йўқлигидан рухсат берилган эди. Сув топилиши билан рухсат амалдан қолади.
Рамазонда сафарда юрган кишига кейин тутиб бериш шарти билан рўзасини тутмасликка рухсат берилган эди. Уйига келиб, муқим бўлдими, у рухсат тугайди-да, рўзани тутиши фарз бўлади.
Тўққизинчи қоида:
“Музтарлик бошқанинг ҳаққини ботил қилмайди”.
Бир одам ўзи ўлиб қолмаслиги учун бошқа одамнинг овқатини еб қўйди, эгаси “нимага единг?” деса, “нима бўпти есам, мен шаръий қоида бўйича едим”, дейишга ҳаққи йўқ. “Тўғри, музтар бўлиб, еб қўйдим, тўлаб бераман, узр”, дейиши керак. Бу ерда музтарлик бўлса ҳам, бировнинг ҳаққи ботил бўлмаяпти.
Яна биров мажбур қилиб: “бировнинг молига талафот етказ”, деди. “Ўзимни ўлдириб ёки майиб қилиб қўймасин” деб, мазкур мажбурланган одам молга талафот етказди. “Биров мажбур қилди, мен бажардим, холос”, дейиши ёки наригиси “мен қилганим йўқ, у қилди”, дейиши ўтмайди. Буюрган одам талафот етган молни эгасига тўлаб беради.
4- курс талабаси Aбдуллаев Меърожиддин