islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Одам қилган ишни одам қила олади

Бир яқин дўстим билан орамиздан гап ўтди. Унчалик жиддий эмас, ҳамма оғайниларнинг ҳам ўртасида бўлиб турадиган келишмовчиликлар борку ахир, ўшанга ўхшаш. Мендан аразлаб олди, мен ҳам аразладим. Бир-биримиздан узоқлаша бошладик. Фарзандларимиз, таниш-билишлар бир-биримиз ҳақимиздаги «деди-деди»ларни ташиб келиши оқибатида бирйўла душманга айланиб қолдик. Шундай қилиб ўттиз йиллик биродарчиликка жаноза ўқилди.

Узоқ вақт юзкўрмас бўлиб кетдик. Бу ҳолат кун сайин менга оғир ботарди. Бир куни, Аллоҳга қалбан яқинроқ бўлиб турган вақтим бўлса керак, дўстим билан ярашиш ҳақида ўйладим. Камайиб қолмайманку ахир, дедим-да, шартта йўлга отландим. Тўғри бориб унининг эшигини қоқдим. Эшикни унинг хотини очди. Кўзларига ишонмасди. Келган киши мен эканимни айтганида эри ҳам ишонмабди. Шунинг учун шекилли олдимга чиққанида кўзларидаги ҳайрат сезилиб турарди. Тўғрисиям-да, нимага келган эканман-а?

Остонада юзага келган совуқ вазиятни ўнглаш учун биринчи бўлиб ўзим гап бошладим. Салом бердим. Саломки, аҳил вақтларимизни эслатувчи самимий салом. У ҳам шунга яраша алик олди. Яна орага сукунат ораламасин деб, кулимсираб сўз қотдим: «Ярашгани келдим олдингга!»…

Уйида бир неча соат қолиб кетдим. Эски гапларни эсладик. Бир-биримизни айбладик. Хуллас, ичимиздаги ғуборларни биргаликда чиқариб ташладик. Шукрлар бўлсин, дўстлигимиз қайтадан жонланди, аввалги ҳолига қайтди.

Ишончим комилки, аразлашганлардан бири ўзида куч топиб мен қилган ишни қилса, ўртадаги келишмовчилик йўқолиб, аҳиллик қайтиши аниқ.
Биргина йўқлаб боришнинг ўзи кифоя. Шу биргина йўқлов келажакдаги юзкўрмаслик, судлашишу даъволашиш эҳтимолларини аритиб юборади.
Муҳими ўзингизда шунга ирода топа олинг. Одам қилган ишни одам қила олади. Битта юриш билан аҳиллик қайтади, самимийлик қайтади, кетиб қолган хотин қайтади, урушиб қолган биродар қайтади…
Фақат иккиланманг!

Али Тантовий

«Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчи-стажëри Сардорхўжа Расулхўжаев таржимаси

237790cookie-checkОдам қилган ишни одам қила олади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: