Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4802-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 14-бандининг ижроси юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти мутахассислари Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири Соатмурод Примов, кафедра катта ўқитувчиси Абдулқодир Пардаевдан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мақсадли лойиҳаларга қўйилган талаблар асосида Давлат лойиҳаси тайёрланган эди.
Жорий йилнинг 9 октябрь санасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия” (Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича уч йиллик амалий лойиҳанинг молиялаштирилиши тасдиқланди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур лойиҳа 2021-2024 йилларда амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурларига киритиладиган амалий лойиҳалар ичидан Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъат аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан аниқланди.
Аллома Саъдуддин Тафтазоний ва унинг “Шарҳу ақоиди Насафия” асари ҳақида қисқача маълумот.
Саъдуддин Тафтазоний
Саъдуддин Тафтазоний номи билан машҳур бўлган бу зотнинг тўлиқ исми шарифи Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ бўлиб, Хуросон ўлкасининг Тафтазон шаҳрида туғилган. Аллома Тафтазонийнинг қайси йилда туғилгани ҳақида икки хил қараш бор: 1. Ҳижрий 712/милодий 1312 йилда туғилган. Бу қарашни Жалолиддин Суютий нақл қилган; 2. Ҳижрий 722/милодий 1322 йилда туғилган. Бу қарашни Тошкўпирзода нақл қилган.
Саъдуддин Тафтазоний кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, улар орасида Аздуддин Ийжий, Зиёуддин Қазвиний, Қутбиддин Розий Таҳтоний ва Насиймуддин Абу Абдуллоҳ Найсабурий каби уламолар энг машҳурлари ҳисобланади.
Саъдуддин Тафтазоний тафсир, фиқҳ, наҳв, сарф, усулид-дин, мантиқ каби илмларда етук олим бўлган. У Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келган ҳамда бу ерда дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган. Бу зот ўн олти ёшлик ўспиринлик чоғидаёқ дастлабки асарини ёзган.
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия” (Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асари ҳақида
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” асари машҳур олим Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафия” асарига ёзилган шарҳдир. “Ақоидун Насафия” асари мотуридия мазҳабидаги энг мўътабар ва энг машҳур матнлардан ҳисобланади. Бу матннинг бошқа матнлардан ажралиб турадиган хусусияти бошқа матнлар дастлаб Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Унинг сифатлари ҳақидаги баҳслар билан бошланган бўлса, бу матн дастлаб бандаларнинг маълумот олиш воситалари, оламнинг йўқдан бор қилингани ҳақидаги ақлий далиллар ва бу ақлий далиллар Яратувчи бор эканини тақозо қилиши ҳақидаги баҳслар билан бошланган.
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” номли ушбу шарҳи ёзилган вақтдан буён Ислом билим юртларида ақоид фанидан асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Ибораларининг қийинлиги билан ҳам “машҳур” бўлган бу шарҳнинг ўзига ҳам йигирмадан ортиқ шарҳлар ва ҳошиялар битилган.
Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби ўз давридаги ақийда илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Ақоидга оид китобларда ҳар бир китобнинг ёзилаётган даврида ҳукм сураётган эътиқодий масалалар ва тортишувлар акс этиши одат тусига кирган нарса.
Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобининг аввалида ақийда илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради:
“Аввалда ўтган саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳум ақийдалари мусаффо бўлгани ва Набий алайҳиссаломнинг суҳбатларининг баракаси, у зотнинг замонларига яқинлик, ҳодиса ва ихтилофларнинг озлиги ҳамда ишончли зотлардан сўраш имконлари бўлгани туфайли ақийда ва фиқҳ илмларини тадвийн қилишга, фаслу бобларга солишга ҳамда фуруъ ва усулларнинг мақсадларини айтишга ҳожатлари тушмаган. Аммо мусулмонлар орасида фитналар, дин имомларига қарши тажовузлар, фикрларда ихтилоф ва бидъатларга мойиллик зоҳир бўлиб, фатволар кўпайди, уламоларга мурожаат кўпайганидан кейин, улар назар солишга, далил топишга, ижтиҳод қилишга, ҳукм ахтаришга, қоидалар ва асослар ишлаб чиқишга, боб ва фаслларни тартибга солишга ўтишга мажбур бўлдилар”.
Ҳозирги кунда аллома Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳу алақоди Насафия” асарининг калом илмидаги амияти ҳали етарли даражада ўрганилмаган. Айниқса, бу асарнинг таркибий тузилиши, унда кўтарилган ақидавий масалаларнинг тарихий жараёнлар билан узвий боғлиқлиги таҳлил қилинмаган. Асарнинг Ўзбекистонда ва хорижда сақланаётган қўлёзма нусхалари комплекс тарзда ўрганилиб тўлалигича тавсиф қилинмаган. Саъдуддин Тафтазонийнинг мазкур асари қарийб беш аср мобайнида Мовароуннаҳр ва унга қўшни ҳудудлар мадрасаларида асосий дарслик сифатида ўқитилган. Бироқ, унинг таълим дастуридаги аҳамияти ва ўрни тўлалигача ўрганилмаган.
Аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу алақоди Насафия” асарини тадқиқ қилиш ва ундаги ақидавий масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш каломга оид масалаларга аниқлик киритади. Шунингдек, халқимизга Ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказишда бу асар аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу билан бирга ҳозирги кунда мавжуд турли хилдаги диний-сиёсий гуруҳлар ва бузғунчи мафкураларга қарши курашда, мазкур асардан ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳам айтиш зарур.
Умуман олганда мазкур асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб авлодлар бўлиш ҳамда турли бузғунчи, адашган оқимларга қарши раддиялар бериш кўникмаси шаклланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бош мутахассиси Ў.Собиров