Маълумки, муқаддас динимизда ҳидоят йўли раҳбари, икки жаҳон сарвари, олий ахлоқ намунаси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўра кўпроқ севиш, суннати санийяларини ардоқлаб, амал қилиш, мудом саловоту саломлар билан эслаш олий вазифаларимиздан саналади. Шу кунларда бутун дунё мусулмонлари томонидан юқори хурсандчилик, кўтаринки кайфият билан кутиб олинган Расули Акрам алайҳиссалоту васалламнинг муборак мавлуд ойлари турли ўлка ва турфа элатлардан алоҳида шодиёналар остида ўтмоқда.
Дарҳақиқат, Оламларга Раҳмат этиб юборилган Ҳабиби Акрамнинг дунёга келишлари инсоният учун битмас-туганмас саодат эшикларини очгани ҳеч биримизга сир эмас. Шу муносабат билан Тошкент ислом институтида, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчи-ходимлари томонидан муассасамиз талабалари орасида “Расулуллоҳга муҳаббат имондандир!” деб номланган сийрат мусобақаси ўтказилди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аёллар бўлими ходимаси Абдуллаева Марям, Тошкент шаҳар отинойилари ҳамда кўплаб азиз меҳмонларнинг ташриф буюриши алоҳида кўрк бағишлади. Шунингдек, меҳмонларга совға-саломлар улашилиши, муборак ҳадислар етказилиши ҳамда улар орасида ўтказилган сирати набавийга оид “Мен айтай!” деб номланган қизиқарли викторина даврани янада қизитиб юборди.
Хусусан, мусобақанинг аёл-қизлар орасидаги қисмида 1-курс талаба қизларининг “Пайғамбар ошиқлари” ҳамда 2-курс талабаларидан ташкил топган “Хадичаи Калон” гуруҳлари ўртасида бўлиб ўтди. Мусобақанинг асосий қисми қуйидаги 3 та босқичда давом этди:
1. Сийратга оид қисқа савол-жавоб.
2. Видеоролик
3. Сийрат ҳақида саҳна кўриниши
Муассасамизнинг устоз ходимлари, яъни “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчилари Ҳафизова Умида ва Маҳкамова Озода, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Зойирова Ҳафиза, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Нажмиддинова Робиядан иборат ҳакамлар ҳайъати гуруҳларнинг ҳар бир чиқишини синчковлик билан, холисона ва муносиб баҳолаб борди.
Ҳар иккала жамоа ҳам беқиёс иштирок этишганига қарамасдан, ҳакамлар ҳайъати берган баҳолари натижасига кўра, “Пайғамбар ошиқлари” жамоаси биринчи ва “Хадичаи Калон” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шартли равишда тайинланган ушбу ўринларга қарамасдан, ҳар иккала жамоа, нафақат жамоалар, балки тадбирда ҳозир бўлган барча қатнашчилар фақат ва фақат ютди, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Инчунун, мусобақа фақат ва фақат иштирокчилар қалбида илм-маърифат ҳамда Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатни оширди, холос.
Қизиғи, тадбирда нафақат иккита жамоа беллашди, балки бутун иштирокчилар ва юқорида таъкидлаганимиздек, меҳмонлар ҳам ўзаро билим синашишди.
Рабиъул аввал ойи бошланиши биланоқ институтимиз аёл-қизлари орасида ходималар ҳамда талабалар учун алоҳида эълон қилинган “Ким кўп саловот айтади?” мусобақасининг ТОП 5 талиги ҳамда ғолиблари ҳам айнан шу куни аниқланиб, тантанали равишда тақдирланди. Унга кўра, ходималар орасида муассасамиз ҳисобчиси Муҳаммаджонова Шоҳида 47 000 та ва талабалар орасида Баракаева Моҳинабону 97 000 саловот билан мутлоқ ғолиб бўлиб, барчани лол қолдиришди.
Шунингдек, “Расулуллоҳга мактуб” танлови ғолибаси соҳибаси 1-курс талабаси Собирова Рухсора ўзининг қалбларни ларзага келтирувчи мактубини ўқиб қатнашчиларнинг қалбларини соғинч, кўзларини ёшга ғарқ қилди. Мактуб ўта самимийлиги ҳамда юқори даражадаги бадиийлиги билан иштирокчиларда алоҳида таассурот қолдирди.
Талабалар томонидан ижро этилган саловот ҳамда наътлар тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади. Муассасамизнинг барча аёллари орасида уюштирилган “Совғалар алмашиш” маросими ходимлар, талабалар ҳамда бошқа ходималар орасида кўтаринки кайфият, ўзаро меҳр-оқибатнинг янада кучайишига, ўзаро жипслашиш, қалблар орасидаги ҳамоҳангликни янада уйғунлаштиришга хизмат қилди, деб умид қиламиз.
Хуллас, институтимизнинг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Саидакбарова Нилуфар бошчилигида ташкил этилган сийрат ойлиги тадбири барча ходималар ҳамда талабаларнинг бир ёқадан бош чиқариб қилган уринишлари натижасида том маънодаги байрамга айланиб кетди. Тадбир барчанинг қалбида чуқур из қолдириб, келажакда бундан ҳам чиройли амалларни қилишга умид бағишлади.
Мусобақа якунида ғолиблар ва ҳакамлар ҳайъатига эсдалик совғалари топширилди.
Аллоҳим! Барчамизга Хулуқуҳул Қуръон бўлгани Ҳабиби Адибингни севиш, у кишининг кўрсатган йўлларидан оғишмай яшаб ўтишни насиб айла!
Аллоҳумма солли саййидина аъла Муҳаммадин ва аъла али саййидина Муҳаммад!
Ақоид ва фиқҳ фанлар ўқитувчиси Усмонова Нигора