Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 19 февраль куни “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Қ.Сидиқметовнинг 2-в гуруҳга ақоид фанидан “Касб талаб қилишнинг ҳукми” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди.
Сидиқметов Қудратуллоҳ домла очиқ дарсда янги мавзуни Абул Муин Насафийнинг “Баҳрул калом” асари асосида ёритиб берди. Очиқ дарсда аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра касб қилишнинг ҳукми баён қилинди. Шу билан бирга бошқа ақидавий мазҳабларнинг бу борадаги қарашлари кучсиз эканини далиллар билан исботлаб берилди.
Касб қилиш бандага фарзми ёки фарз эмасми?
Аҳли сунна вал-жамоа наздида касб қилишнинг ҳукми эҳтиёж ва зарурат эътиборидан келиб чиқади. Банданинг ҳолати агар касб қилмаса, ўзи ва оиласи ҳалок бўладиган даражада бўлса, унга касб қилиш фарз бўлади. Агар унинг етарли даражада мол-дунёси бор бўлса, касб қилиши мубоҳдир.
Мутақашшифалар ва карромийлар наздида касб қилиш Аллоҳ таолога таваккул қилишга зид ҳисобланади. Нима нарса таваккулга зид бўлса, уни қилиш жоиз эмасдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасига у ўйламаган томондан ризқ беради. Чора-тадбирини кўрмай, кўр-кўрона қилинган ҳаракатлар таваккул дейилмайди. Айрим инсонлар худди мазкур тоифалар каби таваккулни дангасаликка, чора-тадбирини кўрмаса ҳам, ишлар ўз-ўзидан бўлаверади деган тушунчага айлантириб олишган.
Қадарийлар эътиқоди бўйича мол-дунё топишга қодир кишининг зиммасида (у ким бўлишидан қатъи назар,) касб қилиш фарздир.
Аҳли суннанинг наздида касб қилишга қодир бўла туриб, тиланчилик қилиш асло жоиз эмас, балки вожибни тарк қилиш ҳисобланади.
– Оиланинг таъминотини қилиш мақсадида касб қилиш вожибдир.
– Қўни-қўшнига хайри-эҳсон қилиш мақсадида касб қилиш мустаҳабдир.
– Агар қўни-қўшни ночор аҳволда бўлса, унга ёрдам бериш мақсадида касб қилиш вожибдир.
Ўқитувчи гуруҳ талабаларининг мавзуга оид саволларига ҳам батафсил жавоб берди ҳамда очиқ дарсда баъзи педагогик усуллардан фойдаланиб, дарсни самарали ташкил қила олди ва кутилган мақсадга эришди.
Мазкур очиқ дарсга “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов, “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчилари М.Джангиров, Ф.Жўраев, Я.Раззоқов, А.Пардаев, Б.Аъзамов, Ҳ.Қодиров, Ҳ.Аманов ҳамда “Диний фанлар” кафедраси кабинет мудири У. Мустановлар қатнашиб, дарсни таҳлил қилишди.
“Диний фанлар” кафедра кабинет мудири Ўрол Мустанов