Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.
Республика олий таълим муассасаларида узоқ йиллар фаолият юритган ҳаётий тажрибага эга педагог Фахриддин домла Ерназаров Тиллар кафедрасида инглиз тили фанидан Олий маъҳад талабаларига сабоқ беради.
Фахриддин домла Ерназаровнинг таълимдаги сермаҳсул фаолиятини қадрлаш ва табаррук ёшдаги меҳнатини эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган ректор Уйғун домла Ғафуров, Ф.Ерназаровнинг ўқув ва ташкилий ишлардаги ёшларга хос шижоати, қатъий меҳнат интизомига эга намунали ходим сифатида қадрланишини таъкидлади. 60 ёшни қаршилаётган домлага касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, Тошкент ислом институти жамоаси номидан табрикнома ҳамда эсдалик совға топширди.
“Инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз, айниқса 35 йиллик педагогик фаолиятингиз ҳар биримиз учун ибратдир.
Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қилганларидек: “Сизларнинг энг яхшиларингиз одамларга кўпроқ манфаати тегадиганингиздир”. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.
Биз Сизда ана шундай одамийлик, камтарлик, олижаноблик, сахийлик, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва Сизни намунали оила бошлиғи, азиз фарзандларингизнинг меҳрибон отаси, шириндан-шакар набираларнинг бобоси деб биламиз.
Динимиз равнақи, ёш авлод тарбияси ва Ватанимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларингизда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин”, дейилади табрик матнида.
Тиллар кафедраси мудири Ёқубжон домла Бухорбоев ҳам сўзга чиқиб, Ф.Ерназаровнинг бошқаларга намуна бўладиган касбий ва инсоний фазилатлари тўғрисида гапириб, кафедра ўқитувчилари номидан эсдалик совға топширди.
Тадбир сўнгида, Фахриддин домла ҳамда Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидойи устозлар ҳақида дуои хайрлар қилинди.
ТИИ Матбуот хизмати