islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инсонийлик: адабиётда, тарихда, хорижда, орамизда…Ёхуд шам ёруғида шам ҳақида ёзилган мақола

Адабиётнинг мақсади инсонийликдан сабоқ бериш. Инсонпарварлик одамларга ҳамдардлик, уларни қандай бўлса, шундай қабул қилишни англатади. Шунинг учун кўплаб асарларда ушбу фазилатларга алоҳида урғу берилади. Рус адабиётида қадрли асарларга айланган баъзи қаҳрамонлар ҳаётига назар ташласак.

А. Платонов ўзининг «Юшка» асарида бош қаҳрамон етим болага ғамхўрлик қилади. У барча пулларни боланинг ўқиши учун ажратади. Ижарага, ўзи учун кийим-кечак олишга имкони йўқ эди. Аммо у бор топган-тутганини бир инсоннинг ҳаёти учун бағишлади.

М. Шолоховнинг «Инсон тақдири» асаридаги уруш қатнашчиси Андрей Соколов ҳаётнинг шафқатсизлигига қарамай меҳрибонликни унутмайди. Оиласидан айрилгач, фарзанд асраб олади ва унга ғамхўрлик қила бошлайди. У меҳрибон ва урушдан кейин ҳам меҳрибон инсон бўлиб қолади.

А. Куприннинг «Мўъжизавий табиб» асари бизни меҳр-шафқатга ўргатган энг яхши асарлардан биридир. Бош қаҳрамон камбағал оилага ҳеч нарса тама қилмай ёрдам кўрсатади, одамларга дори-дармон ва озиқ-овқат сотиб олиш имконини беради. Қаҳрамон одамларни очликдан қутқаради.

Л.Толстойнинг қаҳрамони Наташа Ростова болалигидан меҳр ва мурувватли оилада вояга етган аёл. Москвадаги ёнғин пайтида Наташа заргарлик буюмлари ва тўпланган мол-мулкини қурбон қилиб, ярадорларга ёрдам беради. Фидокорона ёрдам, меҳрибонлиги туфайли ўнлаб одамларга ўша пайтда омон қолишга ёрдам берди. Адабиётдаги ушбу мисолларни таҳлил қилганингизда, ҳар қандай шароитга қарамай, инсонийликни доимо сақлаб қолиш керак, деган хулосага келишингиз мумкин.  Мана нима учун биз кўпроқ китоб ўқишимиз керак…

Очликда ҳам йўқолмаган одамийлик

Энди тарихга қайтсак…

«Ватандош» нашрининг 2021 йил 9 май санасида нашр қилинган Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган «101 ўзбек аскари» ҳақидаги мақолани ўқир эканман, аскарларнинг очликда ҳам одамийлигини йўқотмаганлига оид парча этиборимни тортди: «1942 йили Амерсфоорт яқинида ўлдирилган 101 ўзбекни кўрган одамлар бугун бармоқ билан санарли. Агар бир қизиқувчан голланд бўлмаганида, бу ўзбекларни дунё буткул унутиб юборарди. Марказий Нидерландиянинг Амерсфоорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади. Улар тонг саҳар ўрмонда 101та шам ёқишади. Бу шамлар нацистлар қўлида ўлим топган ва кейин ярим аср унутилган 101 ўзбек аскарининг рамзидир.

Улар ҳақида бундан 18 йил бурун маҳаллий журналист Ремко Рейдинг қизиқиб қолган. Рейдинг бир неча йил Россияда ишлаб, она шаҳри Амерсфоортга қайтгач, бир ўртоғи унга шаҳар яқинида совет қабристони борлигини айтади. Ремко Рейдинг концлагерда айнан ушбу 101 асрга нисбатан жуда шафқатсиз муносабат қилинганини ҳам аниқлайди.

«Илк уч кун уларни атайдан ташқарида, симтўр билан ўралган жойда оч-наҳор сақлашади» – дейди Рейдинг. — «Негаки немис тасвирчилари келиб, ташвиқот фильми олишни режалаштирган эди. Нацистлар «ёввойи чала одамлар» қандай қилиб нон устида талашиб, уришишини тасвирга туширмоқчи бўлишади».

«Камераларни тўғрилаб, оч асирларга қарата нон улоқтиришади» – давом этади Рейдинг – «Бироқ шу ерда уларни ҳайратга солган воқеа рўй беради. Ўзбеклардан биттаси секин туради-да, нонни ердан олади. Кейин шошмасдан, қўлидаги қошиқ дастаси билан нонни тенг бўлакларга бўлади. Бу орада бошқа ўзбеклар ўринларидан қўзғалмай, сабр билан кутишади. Ҳеч бири на уришади, на талашади» – давом этади суҳбатдошим.

«Кейин ўзбеклар нон бўлакларини теппа-тенг баҳам кўрадилар. Хуллас, нацистларнинг режаси иш бермай, ҳафсаласи пир бўлади».

Реал воқеаларда одамийлик

Америкалик Осетте Дуранд ўғли учун мактабга икки кишилик овқат бериб юборган. Овқатнинг биттасини ўғли Дилан камбағал дўсти учун олиб борган. Диланнинг бу ишидан хабар топган мактабнинг волейбол жамоаси аъзолари унга 400 доллар хайрия қилишди. Аммо Дуран оиласи бошқа камбағал мактаб ўқувчиларининг тушликларини шу маблағлар ҳисобидан тўлашга қарор қилди, шунда улар ҳам ҳамма билан тенг равишда ошхонада овқатланиш имкониятига эга бўлдилар.

Америкалик полиция ходими Лоуренс де Прим совуқ кунда нафақат оёқ кийими, балки оёғида пайпоқ ҳам бўлмаган уйсиз одамни кўчада кўриб қолди. Ялангоёқ одам билан гаплашгандан сўнг, Лоуренс оёқ кийимининг ўлчамини билиб олди, ва  энг яқин дўконга бориб, унга пайпоқ ва этик сотиб олди. Кейин Лоуренс оёқ кийимларни эҳтиёткорлик ва меҳр билан ўша одамга кийгазиб қўйди.

Керол Сакман умуман машҳур шахс эмас, балки оддий бадавлат америкалик аёл. Бир куни у Манхеттен бўйлаб сайр қилиб, тасодифан синиш ёқасида турган ўйинчоқлар дўконига кириб кетди ва барча ўйинчоқларни сотиб олди. Аёл бу ўйинчоқларни Нью Йорк штатидаги етимхоналарга тарқатди — бир йўла икки карра одамийлик қилди. Дўкон эгасини жар ёқасидан олиб қолди ва етим болаларни хурсанд қилди.

Америкалик Кентон Ли эса Кениялик қанчадан қанча болажонларнинг оёқларини асраган йигит. У Кенияда волонтер бўлиб хизмат қилади. У бир куни кичкина қизалоқнинг оёғидаги кроссовкаларини кўриб қолади. Оёғига сиғмаган бошмоқчаларнинг олди қирқилган бўлади. Кейин у жуда кўп болаларни кузатади. Оёқ яланг юрган болаларнинг товонларидаги йирингли яралар, тилинган, шилинган жароҳатлар, вирус тушган тузалмас касалликлар Кентонни ўйлантириб қўяди. Африкалик болаларнинг ялангоёқ юриши улардаги етишмовчилик, йўқчилик билан боғлиқлигини тушуниб етади. Кейин у 2009 йил 5 размерга каттарадиган, яъни ўсадиган пойабзалларни ўйлаб топади. Усти ҳақиқий чарм, таги мустаҳкам резинадан ишланган пойабзаллар ёнига ҳам, бўйига ҳам «ўсади». Дастлаб ушбу оёқ кийимларнинг 3000 жуфти тезда сотилиб кетади. Кейинчалик Кентон жуда кўп шундай бошмоқчаларни сотиб олишга қурби етмаганларга совға қилади. Бола боғчага чиққандан токи мактабни тугатганча кийиши мумкин бўлган бу оёқ кийимлар атиги 30 долларга сотилади. Гапнинг қисқаси, Кентон яратган кашфиёт миллионлаб болаларнинг ҳаётини яхшилайди, тақдирини ўзгартиради…

Дунёни ларзага солган ташландиқ бола сурати…

2016 йил 31 январ бундан роппа роса тўрт йил олдин  қашшоқ болаларга ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган даниялик волонтер Аня Ринггрен Ловен Нигерия қишлоқлардан бирининг кўчаларида  овқат сўраётган абгор аҳволдаги кичкинтойни кўрди.  У дарҳол болага ёнида олиб юрган сув ва овқатни берди. Бола гўё биринчи марта овқатни кўраётгандек ташланди. Маълум бўлишича, бола ота-онаси томонидан жодугарликда айбланиб кўчага ҳайдалганида бир ёшдан ошган гўдак бўлган ва бир йилга яқин  бошпана ва овқат излаб кўчада юрган.  Унга Аня Хоуп яъни Умид, деб исм берди. Халоскор аёл  интернетга жойлаштирган суратлар бутун дунёни ларзага солди.

Одамлар «Сизнинг ёрдамингиз — уларнинг ҳаёти» хайрия жамғармаси ҳисоб рақамига пул ўтказишни бошладилар. Бир миллион долларга яқин маблаг йиғилди. Ушбу маблағлар Умиднинг соғлиғини тиклашга ва унга ўхшаб ота-оналари томонидан ўлимга маҳкум бўлган барча болаларни қўллаб-қувватлашга сарфланди.

Маҳаллий шифокорларнинг маълумот беришларича Умидга ўхшаган болаларнинг оиладан қувилишига сабаб гипоспадия хасталиги (бола жинсий аъзосининг анатомик тузилиши аномалияси) борлиги аниқланган ва бу одатдаги жарроҳлик йўли билан тузатилади. Бироқ, бу жамиятда бундай нуқсон билан туғилган болалар қарғишга қолган ёки жодугарликкда айбланиб кўчага ҳайдалади ёки ўлдириб юборилади.

Хоуп — Умидда бу касалликдан ташқари орттирилган бир қанча хасталиклар даволанди. Эҳтимол унга берилган Умид исми  Хоупнинг яшаб кетишига сабаб бўлгандир. Ҳозир Умид спорт тўгаракларига қатнашади, сурат чизишни яхши кўради. Унинг қариндошларини қидириш натижа бермади. Бола баъзида бундан тўрт йил олдинги аянчли суратига қарайди, лекин раҳм, шафқат, қўрқув, ачинишни ҳис қилмайди. У бунга ота-онасини ҳам айбламайди. Чунки унга нигериялик болаларнинг бундай аянчли тақдир қурбонига айланишига ота-онани эмас, балки жамиятни, қашшоқлик, илмнинг йўқлиги ва маҳаллий хурофот, урф-одатларни сабаб деб кўрсатишган.

Бугунги кунда у Нигериянинг Экет шаҳридаги ўзи каби 35 нафар  бола билан мурувват уйида яшамоқда. Яқинда Умид ҳаётида биринчи марта сочини кестирди. Бола ниҳоятда қизиқувчан, қувноқ, меҳрибон ва самимий бўлиб ўсди: «Кўриб турганингиздек, бола бахтиёр. Дунёдаги барча ғамхўр одамлардан ва меҳрибонлик уйи тарбиячиларидан миннатдормиз. Меҳр-муҳаббат бор жойда умид ҳам бор!», деб ёзади Аня ўзининг Facebook саҳифасида.

Аня турмуш ўртоғи нигериялик Дэвид Эмминуэл билан «Умидлар мамлакати» янги болалар уйини ташкил қилишга киришди. Маълум бўлишича, 10 йил ичида Нигериянинг 36 вилоятидан иккитасида 15000 бола жодугарликда айбланиб, 1000 га яқини ўлдирилган. Шу боис Аня дунёдаги аянчли тақдирли болаларни  ҳимоя қилиш учун қалбида умид билан янги болалар уйининг очилишини кутаяпти.

Отнинг ўлими итнинг байрами

Бу сарлавҳача бироз қўполдек кўринади. Аммо…

Куни кеча ярим кун чироқнинг ўчиши Ўзбекистоннинг каттагина ҳудудини қамраб олди. Табиийки чироқ йўқ бўлгач ҳамма шамга ёпишади. Ижтимоий тармоқларда шамнинг бирданига қимматлаб кетганини ёзишди. Аслида бундай тасодифлар шунчаки тасодиф эмас. Бунга карантин маҳали ҳам жуда кўп гувоҳи бўлдик. Бу юқорида келтирилган мисолларимиз иложсизликдан қилинадиган иложсизликмас, шунчаки нафси очлик, қандай қилиб бўлсада фойда олиш.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

«Кеча шу шамни 10.000 сўнг деди Универсамда. Жаҳлим чиқди одамларда виждон йўқлигидан…», «Кеча бир-бирига ёрдам бериш ўрнига 30000 сўмдан сотишди», «7000 сўмдан сотилибди, охири шуниям топиб бўлмади», «Магазинда тушгача арзонроқ сотилган шам, соат 12 дан кейин 4,5 мингдан келибди, икки баравар қимматига, кейин улар беш мингдан сотишди. Онамнинг маҳалласида 4 таси 25 мингдан сотилибди», «Ўзи аслида одамларда айб, битта шам бир неча кунга етади, худди бир умрга чироқ ўчадигандек ғамлашга тушиб кетишди…»

Ҳа, кеча ярим кун кутилмаган носозликка айримларда шунча тоқатсизлик. Ижтимоий тармоқда яна бир фойдаланувчи ёзганидек: «Кеча роса излаб 25 000 сумга шам топиб, хурсанд бўлиб уйга кирсам чироқ ёнса денг».

Ҳа, чироқ ёниши, аввалгидек ҳаёт ўз изга тушиши аниқ эди, фақат ваҳимага, кичиккина мусибатдан катта фойда олишга ҳаракат қилиш кўнгилга хиралик етказгани қолди холос…  Шам каби тез эриб битувчи топилган даромад, фойда қачонгача уддабуронларни кўнглини ёритиб туради, мана шуниси шам каби хира ва аччиқ тутунли…

Барно Султонова

273620cookie-checkИнсонийлик: адабиётда, тарихда, хорижда, орамизда…Ёхуд шам ёруғида шам ҳақида ёзилган мақола

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: