islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Алишер Навоий “кашфиётлари”: светафор, фотоаппарат, телевидение, лифт

Ҳазрат  Алишер Навоий (1441-1501) – улуғ шоир ва мутафаккир, давлат арбоби бўлган. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишер.

Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан, мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи.

Алишер болалик чоғлари кўп китоб ўқиди. Мактаб, мадрасада Қуръон суралари ёд олинар, қироат усуллари ўргатилар зди. Демак, Алишер болалик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олди. Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.

Алишер Навоий 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки     минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган.

Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.

Навоий ёшлигидан Хуросоннинг бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро (1469-1506) билан дўст бўлган. Ҳаёти давомида Навоий мусулмон Шарқининг турли мамлакатларида бўлади, ўз даврининг таниқли шахслари билан кўришади. Ўзининг шеърий маҳоратини оширади. 1464-1465 йиллар Навоий ижодининг шинавандалари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади.

1469 йил дўсти темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллайди ва Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. Шу йили Хуросон ҳукмдори Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди, 1472 йил вазир бўлади. Эгаллаган мансаби орқали у мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Катта мулк эгасига айланади.

Хондамирнинг қайд қилишича, 1480-йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Сарой амалдорларига Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатларини бузишади. Шундай қилиб, Навоий эгаллаб турган мансабидан озод этилиб, 1487 йил Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. Бу ерда у икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Ҳусайн Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда мансабга эга бўлишига руҳсат беради. Лекин Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Бойқаро султоннинг яқин кишиси лавозимини (“мукарраби хазрати султани”) таклиф этади. Бундай лавозимда Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.

Шу вақтдан ҳазрат Алишер Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади ва у кўпроқ ижод билан шуғулланади. У яратган асарларининг катта қисми айнан шу даврга тегишли. Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида (1370-1506) яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган.

Маълумки,буюк бобокалонимиз шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг ҳамма замонларда ҳам ҳар бир адабиёт ихлосмандларини қизиқтириб келган.

     Кашфиётлари

Келинг, аввало, бобомизнинг ижодига тўхталсак. Маълум бўлишича, Алишер Навоий ўз асарларида бугунги кунда бизга хизмат қилаётган айрим нарсалар ҳақида ҳам ёзиб қолдирган экан. Иномжон Абдиевнинг мақоласида шундай дейилади: “Шеърият султони таҳайюл отида шунчалар узоқларга парвоз эта олганки, унинг олдида нафақат тезлик, балки вақт-асрлар ҳам чикора”. Масалан,манзумаларида даври учун бутунлай бегона бўлган турли тимсол (образ)лар учрайдики, гўё Навоий бобомиз тафаккур ғалладонида бунёд бўлган илмий кашфиёт, башорат ва фаразларини сатрлари қатига сингдириб юборгандек. Масалан, мутафаккирнинг гўзал ғазалларидан бирида шундай сатрлар мавжуд:

Хилқатим то айламиш жонон қизил,сариҳ,яшил,

Шуълаи оҳим чиқар ҳар он қизил,сариғ,яшил.

Шишадек кўнглимдадир гулзори ҳуснинг ёдидин.

Табодонинг аксидек алвон қизил,сариғ,яшил.

Ғазалда инсон руҳий ҳолатлари нозиклиги, сирлилиги, одам сурати билан уйғунликда экани жуда нозик ҳолатда тасвирланган. Улуғ шоир танлаган уч ранг- қизил, сариғ, яшил ўзининг барча товланишлари билан намоён бўлади. У гарчи ёр тавсифига бағишланган бўлса-да, юқоридаги сатрларни ўқиб, сизнинг ҳаёлингизда ҳам бугун бутун дунёда машиналарнинг қатновини тартибга солиб турган светофор гавдаланганига шубҳа йўқ. Тўғри, бир қарашда бу шеър ва светофорнинг бир бирига умуман алоқаси йўқдек туюлади. Аммо ранглар силсиласи, уларга юкланган вазифа иккисини бир бирига боғлаб турганини илғаш у қадар қийин эмас. Маълумки, қизил ранг тақиқ белгиси, ёр дастлаб ошиқнинг севгисини рад этади, ноз қилади. Сариқ ранг тайёргарлик, ошиқнинг ранги сарғайиб, фиғони кўкка ўрлайвергач, машуқасининг кўнгли ҳам унга илий бошлади. Яшил ранг-бу йўл очиқ дегани. Ғазалда ҳам ёр турфа ранглардаги кийимларда кўриниш бериб, ошиқнинг кўнглини эзади. У яшилликка бурканганда васл айёми бошланди. Дарвоқе, ҳазрат Навоий байтларида илк бор намоён бўлган бу рамз-светофор америкалик олим Гаррет Морган томонидан 1916 йилга келибгина кашф қилинди.

Энди мана бу сатрларга (“Фавойид-ул-кибар”) эътибор қаратайлик:

Нега таркинг этмай, эй чархки: шому ахтарингдин –

Қародур юзинг, валекин… оқ эрур юзингда холинг!…

Мазкур байтнинг иккинчи мисрасида фототасвир ибтидоси-негатив кўринишлар (оқ рангнинг-қора, қора рангнинг оқ бўлиб кўриниши) ҳақида гапирилаётгандек гўё. Ўрни келганда эслатиш жоизки, биринчи фотоаппарат француз олими Луи Жак Даптер томонидан 1839 йилда кашф қилинган. Илк негативлар ҳам айнан шу йили Фокс Тальбот томонидан ихтиро этилади. Навоий бобомиз эса улардан деярли 350 йил олдин бу ҳақида маълумот беряпти.

Барчага яхши маълумки, 1928 йилда Тошкетда ихтирочилар: Б.Грабовский ва И.Белявскийлар электр-нур ёрдамида ҳаракат қилаётган тасвирни бир жойдан узатадиган ва қабул қиладиган аппарат тайёрлаб, уни муваффақиятли синовдан ўтказишди. Юртимиз пойтахти Тошкент телевидение ватани сифатида тан олинди. Аммо ҳазрат Навоий улардан ҳам анча йиллар олдин буни кўра олганди. Сўзимизнинг исботи учун “Фарҳод ва Ширин” достонидан олинган қуйидаги мисраларни келтириш кифоя:

Ғаройиб кўп ҳувайдо бўлғусидир,

Бас,анда шакл пайдо бўлусидир…

Кўруниб ҳар замоне -кўзга бир шакл,

Кўз олғоч-бўлғусидир…ўзга бир шакл!

Чу бўлди жилвагар ошкор юз навъ,

Анга ҳам бўлғуси-тим сол юз навъ!

Маълумки,экранда кадрлар бир секундда 24 маротаба алмашиб, жонли тасвир кўринади. Шакл-бу кадрлардесак, уларнинг алмашинувидан турли ғаройибот, жонли сурат, рангин қиёфалар силсиласи намоён бўлади. Энг ажабланарлиси, Навоий бобомиз бу қурилмани ғам ўз ҳолича “ойнаи жаҳон” деб номлайди. Фарҳод узоқ Арман ўлкасининг маликасининг ҳусну жамолини айнан шу восита орқали кўриб,унга маҳлиё бўлиб қолади.

“Фарҳод ва Ширин” достонини мутолаа қилишда давом этсак,бугун тилимиз анча келишиб қолган XX аср яратиқларидан бири роботлар ҳақидаги сатрларга ҳам кшзимиз тушади.

Бўлур дарвоза ичра ошкора,

Темур жисмики қилмиш пайкар оро.

Эрур одамға монанду мушобиқ,

Илгида темурдан ёй қилиб зиҳ.

Ва лекин ушбу пайкар рой то фарқ,

Бўлиб ўтдек темур ўрчин аро ғарқ.

Маъноси шундай: “У одамга жуда ҳам ўхшар,қўлида ўткир ўқ тортилган темир ёйни ушлаб турар эди. Бошдан-оёқ совутга ўралган бу темир одам ич-ичидан ёниб туради”.

Ҳамсанинг тўртинчи достони – “Сабъи сайёр”да эскалатор ва лифт ҳақидаги фаразларни ўқиган машҳур шарқшунос олим Бертельс ҳам ҳайрат оғушида қолганини яширмаган экан.

Поялар мақдамида бўлғай паст.

Айлағай бир-бири юзига нишаст,

Чун секиз поч қатъ бўлди тамом,

Айлагач шоҳ ўз ерида мақом.

Яна ул поялар баланд ўлғай,

Тахтидан шоҳ баҳраманд ўлғай.

Ким,қаён шаҳ бўлур нишотангез,

Оз ишорат била югургай тез.

Маълумки: “Шох бу тахтга чиқадиган бўлса, пиллапоялар унинг қадам қўйилиши учун пасайиб, бир бирини устига ётади. Шоҳ шу саккиз поянинг ҳаммасини босиб ўтиб, ўз тахтига ўтиргач, у зиналар яна баланд кўтарилади.

Шоҳ қай тарафга қараб ўтаришни ҳоҳласа,озгина ишорат кифоя. Тахт тарафга қараб айланади. “Бу ерда кейинги асрларнинг, янаям аниқроғи -1892 йилда америкалик кашиётчи Жесси Рено томонидан ясалган эскалаторлар ҳақида гап кетаётганига шубҳа йўқ…

   Табобатдаги ҳиссаси

Ҳазрат Алишер Навоийнинг кўплаб фанларга қизиққани, ҳатто, мусиқа ёзиб, сурат чизганини ҳам яхши биламиз. Таъкидлаш лозимки, мутафаккирнинг табобат илми ривожига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёсдир. Бу ҳақида Иззат Ахмедов шундай ёзади:

“Навоий табобат фани асосчиларини яхши билиши, унга қизиқиши, ҳалқ аҳволини яхшилашга қаратилган ҳаракати туфайли Ҳиротда Доруш шифо -яъни даволаш уйи очилишига ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Бу ерда машҳур табибларнинг тўпланиши, уларнинг бамаслаҳат илмини ривожлантириш учун улкан имкониятлар туғдирди.

Шуниси диққатга сазоварки, шифохонада ишлаш, яъни уларнинг дам олишлари, ҳаттоки, яшашлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган эди.

Қизиғи,у ерда беморлар учун бенул дори-дармон,таомлар муҳайё этилган. Узоқ юртлардан келганлар ҳам бу ерда ётиб бемалол даволанишган. Бундай шароитларни яратиш учун каттагина маблағ лозим эди. Буларнинг барчасини Навоий бобомиз ўз зиммасига олганлиги тарихий манбаларда келтирилган. Бу эса ўша давр табобатлиги учун  катта имконият эди. Шу боис ҳам унинг довруғи узоқ-узоқларга бориб етди. Ҳазрат Навоий бошлаб берган савобли иш туфайли қанчадан қанча беморлар дардига шифо топишди.

Ҳазрат Алишер Навоий асос солган Доруш шифо ҳамда шу шифохонада ишлаган табибларнинг довруғи оламга ёйилди…”.

 

 “Тиллар“ кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин томонидан тайёрланди.

 

 

 

278240cookie-checkАлишер Навоий “кашфиётлари”: светафор, фотоаппарат, телевидение, лифт

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: