Кўчадаги ишларимни битириб, уйга пиёда қайта бошладим. Одамлар гавжум йўлакнинг бир четида олма сотиб ўтирган ёши катта онахонга кўзим тушди. Бир донагина тиши қолган, ночорлигидан бўлса керак, ўзи савдо қилаётган нур юзли бу онахон олма нархини камайтириб беришини сўраётган харидорга самимий оҳангда: «Болам, менга тирикчилик учун фақат минг сўм пулингиз қолади. Беш панжани оғизга тиқиш шарт эмас. Бир куним ўтса бўлди…», деди.
Харидор икки килограмм олма сўраганди, онахон кучсизгина, қалтираётган қўлларида олмани тарозига осиб қайта-қайта тортди. Харидор: «Тўғри келмаяптими, хола?», деганди, онахон: «Тарозининг иши қийинда, болам. Бировнинг ҳақи…», деди.
Ана шу ерда бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, қаноатда эканини чуқур ҳис этдим. «Тарозининг иши» ва бировнинг ҳақи борасида ҳам унутилмас сабоқ олдим. Тўғриси, онахонни қучоқлаб, йиғлагим келди…!
4-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон