islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Илоҳи, оғир қил мезонимизни!”

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.
Қиёмат кунида бу дунёда қилинган барча яхшию ёмон амалларнинг торозуда ўлчаниши хақдир.

Аллоҳ таоло каломида айтади:
Ўша куни вазн (амалларнинг тарозига тортилиши) хақиқатдир (Аъроф, 7).
Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтади: “Қиёмат кунида банданинг қадамлари то умрини нимага сарфлаганидан, илми билан нима амал қилганидан, молини қаердан ториб қаерга сарфлаганидан, жисмини ниманинг йўлида хоритганидан сўралмагунча жойидан жилмайди”.

Сўфи Оллоёр бобомиз қиёмат тарозуси хақида айтади:

Тарозу борига иқроримиз бор,
Нечук эрканига не коримиз бор.
Илоҳи, оғир қил мезонимизни,
Саломат тут бизнинг иймонимизни!

Аллоҳ таоло бизнинг ҳолимиздан, барча қилмишларимиздан хабардор бўлса-да, амалларимизни тарозуга солади. Бироқ тарзунинг қандайлиги, паллаларнинг холати ва амаллар қандай тортилиши бизга номаълум. Чунки инсоннинг ақли буни билишдан ожиздир. Одатда биз билган тарозунинг бир палласи оғир келса, иккинчи палласи юқорига сакрайди. Маънавият оламида ҳам шундай: масалан, инсонда иймон сусайса, залолат зўрлик қилади, маърифат кам бўлса, жаҳолат кучаяди.
Демак тарозуни икки палласи бўлгани каби дунёдаги ҳамма ишнинг ҳам бир бирига зидлиги бор: иймон ва куфр, ҳидоят ва залолат, маърифат ва жаҳолат, эзгулик ва ёвузлик, риёзат ва шаҳват, савоб ва гуноҳ, мукофот ва жазо ва ҳоказо…
Шундай экан бандалар хушёр бўлиши, амалларни ёзиб борилаётганини ҳис қилиши ва бунга иймон келтириши фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Аниқки, банданинг тарозисида энг оғир келадиган нарсаси бу унинг ҳусни хулқидир”. (Абу Довуд ривояти).
“Раҳмонга суюкли иккита калима бор, тилга енгил, тарозида эса оғирдир. Булар Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ҳамда Субҳаналлоҳил аъзимдир” (Имом Бухорий ривояти).
“Поклик – иймоннинг ярми. Алҳмадулиллаҳ тарозини тўлдиради. Субҳаналлоҳ ва Алҳмадулиллаҳ осмону ер орасини тўлдиради” (Имом Муслим ривояти).
“Ким бир отни Аллоҳ йўлида иймон билан, савоб умидида, яъни жиҳод йўлида ишлатиш учун боқса, ем бериб сув ичиргани, ҳатто унинг тезаги ва бавли ҳам Қиёмат кунида савоб сифатида унинг тарозисига қўйилади” (Имом Бухорий ривояти).
“Кимки бир жанозага, намоз ўқиб, маййитни қабрга қўйгунча эргашса, унга икки қийрот савоб берилади. Ким жанозага намоз ўқилгунича эргашса, унга бир қийрот савоб берилади. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ўша қийротлар унинг тарозисида Уҳуд тоғидан оғирроқ келади” (Имом Аҳмад ривояти).
“Солиҳ фарзанд вафот этса, ота-онаси ажр умид қилиб сабр қилса, унинг савоби тарозини энг оғир босади” (Имом Аҳмад ривояти).

Барчаларимизни яхшилик тарозимиз оғир келишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

ўқитувчиси Тўхтаев Насруллоҳ

286100cookie-check“Илоҳи, оғир қил мезонимизни!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: