Рамазонда ҳар куни жаннат безатилади. Жаннат ўзи таърифига тил, фикрлашга ақл ожиз даражада гўзал. Аммо Рамазон кунлари у янада безатилар экан. Ҳадисда: «Аллоҳ таоло Рамазонда ҳар куни жаннатини безатади», дейилган (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган).
Рамазон ризқ-рўзларга барака бериладиган ойдир. Салмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади.
Рамазон саховат ойидир. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.
Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраган кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар.
Юнусобод оқтепа жоме масжиди имом
ноиби Урол Назар Мустофо