Ўзбекистонда Рамазон ойининг учинчи ҳафтасида мингга яқин хонадонларга 210,38 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бу ҳақда «Вақф» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Саидаброр Умаровнинг маълум қилишича, ижтимоий кўмакка муҳтож, ночор фуқаролар шунингдек, боқувчиси йўқ оила ҳамда ногиронлиги бор бўлган аҳоли вакилларини моддий қўллаб қувватлаш ва уларни зарурий озиқ-овқатлар билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, «Рамазон туҳфаси» лойиҳаси доирасида:
- республика бўйлаб мингга яқин хонадонларга 210 миллион 380 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари;
- моддий кўмакка муҳтож хонадонлар ва ногиронлиги бор бўлган аҳоли вакилларидан 128 нафарига 149 миллион 300 минг сўмлик пул маблағлари тарқатилган.
Ой бошидан ҳозиргача эса республика бўйлаб тўрт ярим мингга яқин хонадонларга 918 миллион 270 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий кўмакка муҳтож 423 нафар шахсларга эса 570 миллион 950 минг сўмлик пул маблағлари хайрия қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Рамазон ойининг илк ҳафтасида уч мингга яқин хонадонларга 473,93 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилганди.
Мавзуга доир: «Вақф» фонди 2021 йилда қарийб 70 млрд сўм хайрия қилди
Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилган. «Вақф» хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашдан иборат.