islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун: виртуал муҳитда шахс ва давлат манфаатларини ҳимоя қилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Мақкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 1-сон мажлис баёни билан “Ўзбекистонда медиасаводхонлик тизимини такомиллаштириш ва онлайн-хавфсизликни таъминлаш бўйича 2022-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар” тасдиқланган эди. Мазкур чора-тадбирларнинг 9-бандига мувофиқ Тошкент ислом институтида “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Медиасаводхонлик ва онлайн-хавфсизликни таъминлашга бағишланган мазкур тадбирга Тошкент шаҳар ИИБ бошқармаси Эстремизм ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи, подполковник Абдувоҳид Шукуров ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Замонавий ахборот коммуникациялари технологияси” кафедраси мудири Қурбон Раҳманов таклиф этилди.

Давра суҳбатида ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, Ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор Умиджон домла Ходжаев, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

У.Ғафуров тадбирни кириш сўзи билан очиб бергач, Қ.Раҳманов ва А.Шукуровга сўз берилиб, қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.

2022 йил 15 март куни «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Ҳужжат 40 та моддадан иборат мазкур қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтиб, 2022 йил 17 июлдан қонуний кучга киради.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини президент белгилайди (10-модда), Давлат хавфсизлик хизмати эса киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қонунда соҳадаги асосий тушунчаларга таъриф берилган. Унга кўра, кибержиноятчилик – ахборотни эгаллаш, уни ўзгартириш, йўқ қилиш ёки ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш мақсадида кибермаконда дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланилган ҳолда амалга ошириладиган жиноятлар йиғиндиси ҳисобланади. Кибермакон эса – ахборот технологиялари ёрдамида яратилган виртуал муҳитдир. Шунингдек, қонунда бошқа кўплаб зарурий атамаларга ҳам изоҳ берилган. (3-модда)

Киберхавфсизликни таъминлашдаги асосий принциплар – қонунийлик, шахс ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳага ягона ёндашув, тизимни яратишда (давлат харидларида) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устуворлик бериш, халқаро ҳамкорлик учун очиқлик ҳисобланади. (4-модда)

Қонуннинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали (pdf) танишиб чиқишингиз мумкин.

Киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланган Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги ишчи орган бўлиши кутилаётган – Киберхавфсизлик маркази ДУК томонидан Ўзбекистон Республикасида киберхавфсизликни таъминлаш бўйича 2021 йил учун ҳисобот эълон қилинган эди.

Унда Марказ томонидан 2021 йилда миллий сегментдан 17 миллиондан ортиқ зарарли ва шубҳали тармоқ фаолликлар бўйича ҳолатлар аниқлангани, ушбу фаолликларнинг кўпгина қисми, яъни 76 фоизи бот-тармоқ иштирокчиларидан иборатлиги айтилган. Шунингдек, марказнинг веб-иловаларни ҳимоя қилиш тизими ёрдамида интернет тармоғининг миллий сегментидаги веб-сайтларга қилинган 1,3 миллиондан ортиқ киберҳужумлар аниқлангани ва бартараф этилгани маълум қилинган.

Маърузачи Қ.Раҳманов зарур маълумотларни тақдим қилгандан сўнг, талабаларнинг кибермакон ва ахборот хавфсизлигига оид саволларига жавоб берди.

ТИИ ректор У.Ғафуров ҳуқуқий ва воқеликдаги ҳаётий мисоллар ёрдамида мазкур қонун ва у билан боғлиқ масалаларни тушунтириб, иштирокчиларга қўшимча маълумот берди.

Мазмунли ва фойдали маъруза ҳамда иштирок учун Қ.Раҳмановга ташаккурнома ва эсдалик совғаси топширилди.

ТИИ Матбуот хизмати

 

295010cookie-check“Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун: виртуал муҳитда шахс ва давлат манфаатларини ҳимоя қилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: