Китоб (كتاب) сўзи Қуръони каримда 205 марта келган. Китоб сўзи Қуръон, Инжил, Таврот, Аҳли китоб, ваҳий, номаи аъмол, Сижжин, Иллиййин, Лавҳул маҳфуз, китоб, ёзиш каби маъноларида келган. Китоб сўзи Қуръонда биринчи бўлиб, Бақара сурасининг 2-оятида ва охирги марта Баййина сурасининг 6-оятида учрайди.
Китоб сўзининг Қуръони каримда келган ўринлари, маъноси ва тафсири:
ذَٰلِكَ ٱلۡكِتَٰبُ لَا رَيۡبَۛ فِيهِۛ هُدٗى لِّلۡمُتَّقِينَ
“(Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳабўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учунраҳбар – йўлбошчидир” (Бақара,2).
Бу оятда китоб – “Китабуллоҳ ёки Аллоҳнинг Китоби” деб таржима қилинди, чунки у тақдиран “كتاب الله” бўлади. ал-Китобдаги алиф-лом аҳди ҳузурий қилиниб, таниқли китоб тақдирида таржима қилинса ҳам бўлади. Қуръондаги бир қанча кичик фарқ ва енгилликларни эътиборга олмаганда, ундаги ҳукмлар ўзидан аввалги китоблардаги ҳукмлар билан бир хил (Бақара, 106). Қуръонни араб тилида нозил бўлишининг сабаби – Расулимиз Муҳамамд алайҳиссалом араб бўлгани учундир. Чунки, Аллоҳ қайси бир қавмдан элчи-пайғамбар танлаб, унга ваҳий юборса, айнан унинг қавми тилида ваҳий юбориш қонунини ўртага қўйган (Иброҳим, 4). Барча Пайғамбарларга берилган китобларнинг асли Она Китоб – Лавҳул-Маҳфузда ёзиб қўйилади (Зуҳруф, 3-4). Чунки, Аллоҳнинг ягона мақбул дини Исломдир (Оли Имрон, 19). Барча Пайғамбарга Ислом динининг ҳукмлари буюрилган.
۞ أَتَأۡمُرُونَ ٱلنَّاسَ بِٱلۡبِرِّ وَتَنسَوۡنَ أَنفُسَكُمۡ وَأَنتُمۡ تَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ
“Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?” (Бақара, 44)
Бу оятда китоб – Таврот ва Инжилга, ёки Қуръонга ишорат қилган бўлса ҳам, ҳукм ўзгармайди. Чунки, бошқа оятларда бу каби хитоблар айнан Қуръонга ишонган мўминлар учун ҳам келган (Соф, 2). Бошқаларга яхшилик қилишга буюриб, ўзи қилмаслик ҳам, бошқаларни ёмонликдан қайтариб, ўзи у ишни қилиш ҳам яхши эмас. Бу ҳақида ибрат учун Ҳуд сурасининг 88- оятида билдириб ўтилган.
Оят тафсири: Маълумки, яҳудийлар ва хусусан, уларнинг диний олимлари аҳли ширк бўлган арабларни самовий динга, янги келадиган Пайғамбарга эргашишга, китобга амал қилишга, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилишга ва бошқа кўпгина яхшиликларга чорлар эдилар. Вақти етиб, Аллоҳ Қуръони Каримни нозил қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни охирзамон пайғамбари қилиб юборганда, араб мушрикларидан кўплари иймон келтирдилар, аммо яҳудийлар ўзларини унутиб, кофир бўлдилар. Аслини олганда, улар иймонга аввалроқ киришлари керак эди. Чунки улар Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Таврот китобини тиловат қилиб турар эдилар. Унда эса сўнгги Пайғамбарнинг келиши тўғрисида хабар бор эди. Китобни, яъни илоҳий китобни тиловат қилиб, одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзини унутиш ақлдан эмас эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ояти кариманинг охирида:
«Ақл юритмайсизларми?!» дея хитоб этиб, уларни ақлсизларга тенглаштиряпти.
Аввал айтиб ўтганимиздек, бу ояти каримадаги хитоб фақат Бану Исроилга хос эмас, балки ҳаммага тегишлидир. Ўзи айтганига ўзи амал қилмайдиган дин уламолари ҳар бир уммат учун катта офатдир. Эътиборни жалб қиладиган, диний тус берадиган кийим кийиб олиб, чиройли-чиройли сўзларни танлаб, ширали овоз ила амри маъруф, наҳйи мункар қилиб, аммо айтаётганларига ўзи амал қилмайдиганлар ҳар бир жамиятда топилади. Айниқса, динни ўзларига касб қилиб олганлар хавфли. Улар эгаллаб турган мақомларини бой беришдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашлик қилишга тайёрлар. Уларнинг офати ҳаммага уради. Касофати умумийлашади. Дин номидан Аллоҳни, иймонни аралаштириб, яхшиликка чақирадиган, лекин ўзи унга хилоф иш тутадиганлар кишиларнинг қалбларидаги ҳис-туйғуларни оёқости қиладилар, фикрларини остин-устун қилиб, қалбларида ақийда ёққан шуълани ўчириб, иймон нурини кетказадилар. Шунинг учун ҳам илмига амал қилмайдиганларнинг бу дунё-ю у дунёда азоб-уқубатлари улкан бўлади.
Имом Аҳмад Набий алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда:
«Аллоҳ таоло қиёмат куни саводсизларни уламоларни ҳимоя қилмаган нарсалардан ҳимоя қилади», дейилган. Баъзи ривоятларда:
«Аллоҳ илмсиз кишини етмиш марта мағфират қилганда, олимни бир марта мағфират қилади», – дейилган.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
«Қиёмат куни бир киши дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахилар уни ўраб олиб:
– Эй Фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилмаганмидинг? – дейишади. Шунда у:
– Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», – дейди», – деганлар.
Имом Аҳмад Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:
«Исро кечасида лаблари оловдан бўлган қайчилар билан қирқилаётган кишиларнинг олдидан ўтдим.
– Анавилар кимлар? – деб сўрадим.
– Умматингдаги аҳли дунё ваъзхонлар. Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларини унутганлар ва ҳолбуки, китобни ўқир эдилар, ақлни ишлатмайдиларми? – дейишди».
وَإِذۡ ءَاتَيۡنَا مُوسَى ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡفُرۡقَانَ لَعَلَّكُمۡ تَهۡتَدُونَ
“Сизлар ҳақ йўлни топишингиз учун Мусогакитоб ва Фурқонни (яъни Тавротни) берганимизни эсланглар” (Бақар,53).
Бу оятда Китоб – Мусога берилган Тавротнинг яна бир номи, Фурқон эса ўша китобнинг сифати. Фурқон – тўғрини хатодан ажратиб бериш, дегани. Илоҳий Китобларнинг барчаси мана шу хусусиятга эгадир. (Оли Имрон, 4 ва Нисо,113)
Оят тафсири: Китоб берилгани Бану Исроилга берилган улуғ неъматлардандир. Уларга пайғамбар этиб юборилган Мусо алайҳиссаломга китобнинг (яъни Тавротнинг) ҳамда фурқоннинг (яхши билан ёмон, ҳақ билан ботилни ажратувчи шариатнинг) берилиши ҳақиқатдан ҳам улкан неъматдир. Буларни беришдан кўзланган нарса – шоядки, Бану Исроил ҳидоят топса, тўғри йўлга юрса, деган мақсаддир.
Лекин буларнинг табиати аслида бузуқ эди, тўғри йўлга юрмадилар. Энди қаттиқроқ чора кўрилмаса, булар тузалмайдигандай эди.
وَمِنۡهُمۡ أُمِّيُّونَ لَا يَعۡلَمُونَ ٱلۡكِتَٰبَ إِلَّآ أَمَانِيَّ وَإِنۡ هُمۡ إِلَّا يَظُنُّونَ
“Уларнинг ичида китобдан бехабар, фақатхом хаёлларнигина биладиган омийлари ҳамборки, улар фақат гумон қиладилар, холос”(Бақара,78).
Оят тафсири: Яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган, саводсиз омилар ҳам бор. Ўша омиларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Улар турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонларига ишониб юраверадилар. Бу омиларнинг шундай ҳолга тушиб қолишларига сабаб нима? Асосий сабаблардан бири – залолатга кетган уламолар. Ўшалар оми халқнинг китобдан бехабар қолишига, хомхаёлларга берилиб, гумондан бошқани билмай қолишига сабаб бўлганлар.
فَوَيۡلٞ لِّلَّذِينَ يَكۡتُبُونَ ٱلۡكِتَٰبَ بِأَيۡدِيهِمۡ ثُمَّ يَقُولُونَ هَٰذَا مِنۡ عِندِ ٱللَّهِ لِيَشۡتَرُواْ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلٗاۖ فَوَيۡلٞ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتۡ أَيۡدِيهِمۡ وَوَيۡلٞ لَّهُم مِّمَّا يَكۡسِبُونَ
“Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнгра озгинақийматга сотиш учун: «Бу китоб Аллоҳҳузуридан келди», дейдиган кимсаларга ҳалокатбўлғай, бас, ёзган нарсалари уларга ҳалокатбўлғай, топган фойдалари уларга ҳалокатбўлғай” (Бақара, 79).
Бу оятда китоб – Яҳудийлар ўз қўллари биланёзиб, сўзли Таврот дея номлаган Талмуд китобидакелтирилган “Ёмонларнинг Жаҳаннамдаги жазоси12 ой давом этади. Ўша муддат ичида қилгангуноҳларининг каффорати тўланган бўлади” (Шаббат 33-б) шаклида келтирган иддаолари мана шу оятда билдирилган сўзларидир. Улар анашундай ёлғон иддаолар билан яшаб келмоқда. Тавротни аслидан бехабар бўлган яҳудий халқниҳам, бу ҳукмлар Тавротдан олинган, деб алдабкелади. Бундай ҳолатлар баъзи бир мусулмонларўртасида ҳам учраб туради. Қуръонда бўлмаганҳукмларни Қуръондан деб айтадилар ваинсонларни бунга ишонтириш учун тилларинибуриб-эгиб эҳтирослар билан гапирадилар.
Оят тафсири: Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий:
«Арзон баҳо дунё ва унинг нарсаларидир», – деганлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.
Ушбу ояти каримада инсон томонидан содир этиладиган энг улкан жиноятлардан бири ҳақида сўз кетмоқда. Бу ояти каримада дунё тарихидаги энг улкан жиноятлардан бирини содир этган нобакорга дуоибад бўлмоқда.
«Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни озгина баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга вайл бўлсин!»
Ушбу ва бошқа ояти карималардаги «вайл» сўзининг икки хил маъноси бор. Ҳалокат ҳамда Вайл исмли дўзах. Ушбу икки маънони жамлаб ифода қилиш мақсадида таржимада асл ибора – «вайл»ни келтиришни лозим кўрдик.
Молу дунё, мансабу амал, айшу ишрат ва ҳузур-ҳаловат йўлида билиб туриб, дин аҳкомларини бузадиган аҳли жаҳолатнинг сифати будир! Ундай жоҳиллар ўзларига диний илмларни билиш нисбатини берадилар. Улар кишиларга диний таълим бериш, дин аҳкомларини баён қилиб бериш даъвосини қиладилар. Бошқа кишилар, хусусан диний илмлардан бехабарлар ёки етарли илми бўлмаганлар эҳтиёжлари тушганда, ана ўша диний илм соҳиби эканини даъво қилиб юрган шахсларга мурожаат қиладилар. Ҳақиқий диний олим бундай пайтда Аллоҳнинг ҳукмини тўғри ҳолда айтиб беради. Сохта диний олим эса вазиятга қарайди. У ўзининг дунёвий манфаатини ҳамма нарсадан устун қўяди. У ўзига фойда етиши учун Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейиши ёки аксинча, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейиши турган гап. Шундай қилиб, улар динни бузадилар. Натижада ҳамма ёқ расво бўлади. Шунинг учун ҳам оятда ундай кишиларга ҳалокат тилаб, дуои бад қилинмоқда. Ҳа,
«Қўллари билан ёзган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин! Касб қилган нарсалари туфайли уларга вайл бўлсин!»
Яҳудийларнинг омилари ўз динларини ўрганмай, хомхаёллар билан юрар эдилар. Уларнинг олимлари эса динни арзон баҳога сотар эдилар.
Омилари ва олимларининг ҳоли шундай бўлган қавмнинг иймонга келишидан умидвор бўлиш мумкинми?! Тафсирчи олимларимиз «Оятлар Бану Исроил ҳақида нозил қилинган бўлса ҳам, улар ҳаммага тегишлидир», – деганлар.
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси Эгамбердиев Миржон