islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Юсуф алайҳиссаломнинг тушни таъбир қилишлари

Юсуф алайҳиссалом қордан қутилиб ёмғирга тутилди дегандай чоҳдан қутилиб, қуллик тутилдилар. Бу ҳам етмагандай айбсиз айбдорга айланиб, зиндонбанд қилиндилар. Буни қуйида баён қиламиз.

“У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: “Мен тушимда шароб тайёрлаб юрибман”, – деди. Бошқаси эса: “Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда”, -деди. Биз сени, шубҳасиз яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз”. (Юсуф сураси 36-оят).

Яъни: Миср ҳокими ва аъёнлари Юсуфни зиндонбанд қилишга ҳукм қилишди ва у билан зиндонга аввал подшоҳ хизматкорларидан бўлган яна икки йигит ҳам ташланди. Уларнинг биринчиси подшоҳнинг соқийси бўлиб, у Юсуф алайҳиссаломга шундай деди: “Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман”. Уларнинг иккинчиси, подшоҳнинг нонвойи бўлиб, у деди: “Мен тушимда кўрдимки, бошим устида нон солинган бир саватни ушлаб турганмишман, у нондан қушлар еётганмиш”.

Яъни: эй Юсуф (алайҳиссалом), биз кўрган ушбу тушни таъбир қилиб бер, чунки биз сени тушларнинг таъбирини яхши биладиган кишилардан деб гумон қилмоқдамиз.

Юсуф алайҳиссалом уларнинг тушини таъбир қилишдан аввал Ўзларини ва динларини таништирдилар ҳамда у иккисини Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирдилар. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи ибодат қилишга муносиб эканини тасдиқловчи кўплаб далилларни келтирдилар. Бу ўз ақийдаси ва динига содиқ қолувчи, уни одамлар орасида ёйилишига ҳарисманд бўлган ҳар бир солиҳ, ақлли, мухлис банданинг тутган йўлидир. Зеро, улар ҳикматли сўзлари билан ўзгаларни Аллоҳга иймон келтириш ва У Зот буюрган амрлар бўйича ҳаёт кечиришга чақирадилар ҳамда улар ҳам бундай кишиларнинг даъватларига жавоб қиладилар.

Энди икки йигитнинг фикрларини ишғол қилиб турган масалага, улар кўрган тушларни таъбир қилишга ўтадилар:

“Эй, ҳамзиндон дўстларим, сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қиладир. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейдир. Сиз билмоқчи бўлган иш битди”, – деди. (Юсуф сураси 41-оят).

“Ва у ўзи икковларидан нажот топгувчи деб билган шахсга: “Хўжанг ҳузурида мени эсга ол”, – деди. Шайтон унга хўжасига эслатишни униттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди”. (Юсуф сураси 42-оят).

Оятда “хожанг” маъносини берадиган “раббинг” сўзи ишлатилган. Муҳйиддин ибн Арабий сўзига кўра, ўша даврда Аллоҳдан бошқаларга ҳам шу сўзни ишлатиш жоиз бўлган. Зеро, “рабб” сўзи парвардигор маъноси билан бирга хожа, эга, молик маъноларини ҳам англатади.

“Бир неча йил” тафсирларда етти йил деб кўрсатилган. Бунинг боиси зиндондан озод этилиб кетаётган соқий орқали шоҳга ўзини эслатиш ва шу сабабли озодликка ирода этгани эди. Бу ишлари Аллоҳга хуш келмагани тўғрисида Жаброил алайҳиссалом келиб, Юсуф алайҳиссаломга айтган. Олдинги беш йил билан бу этти йил қўшилиб, ўн икки йил зиндонда ётган бўлади.

“Подшоҳ: “Мен тушумда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг”, – деди”. (Юсуф сураси 43-оят).

Миср подшоҳининг “кўрмоқдаман” деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.

“Улар: “Бу алғов-далғов тушдир. Биз бундай тушларнинг таъбирини билувчи эмасмиз”, – дедилар”. (Юсуф сураси 44-оят).

Аслида, аъёнлар подшоҳ тушининг яхшиликка далолат қилмаслигини билсалар ҳам, қандайдир кўнгилсизликка ишора эканлигини англасалар ҳам, бу ҳақда ҳеч нарса демадилар.

“Ва иккисидан нажот топгани анча муддат ўтганидан сўнг хотирлаб: “Бунинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг”, – деди”. (Юсуф сураси 45-оят).

Яъни, мени Юсуф (алайҳиссалом)нинг ҳузурига юборинг, деди. Уни юбордилар. У қамоққа кириб, Юсуф (алайҳиссалом)ни топди, унга қараб: “У: “Юсуф, эй, ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганининг ва еттита яшил башоқнинг ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки, одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар”,- деди”. (Юсуф сураси 46-оят).

Соқий йигит Юсуф алайҳиссаломни “сиддиқ”-ростгўй зот, деб атамоқда.

Чунки, у Юсуф алайҳиссаломнинг ростгўйлигини тажрибада синаб кўрган “У кетма- кет етти йил зироат қиласизлар. Йиғиштириб олган ҳосилингизни башоғида қолдиринг. Магар озгина ейдиганингизни (қолдирмасангиз ҳам бўлур). (Юсуф сураси 47-оят).

“Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келур, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Магар, озгина асраб қўйганингизгина қолур”. (Юсуф сураси 48-оят).

“Сўнгра, шундан кейин бир йил келади, унда одамлар сероб қилунурлар ва унда (меваларни) сиқурлар”, – деди”. (Юсуф сураси 49-оят).

Бу оятда келаётган башорат подшоҳнинг тушидан ташқаридадир. Яъни, Миср подшоҳи кўрган тушда бундай йилга таъбир қилинадиган ишора йўқ. Бу кейингиси Юсуф алайҳиссаломнинг Пайғамбарлик мўжизаларидир. Етти йиллик серобчиликдан кейинги етти қаҳатчилик йили тугаб, ундан сўнг келадиган йилда ниҳоятда серобчилик бўлар экан. Унда одамлар устидан барака йўғилиб, фаровонлик, мўл-кўлчилик бўлар, одамлар еганларидан ташқари, турли меваларни сиқиб, лаззатли ичимликлар ҳам тайёрлашар экан.

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси талабаси

Маҳмудов Қаҳрамон 

308320cookie-checkЮсуф алайҳиссаломнинг тушни таъбир қилишлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: