islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти, сифатлари ва илмдаги мавқеи

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди.

1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг насаби қуйидагича:
1. Маралбой;
2. Мирзабой;
3. Араббой;
4. Қаламбой;
5. Эшбўта;
6. Қўшбўта;
7. Бойбўта;
8. Муҳаммад Юсуф;
9. Муҳаммад Содиқ.

Аллоҳ раҳмат қилсин, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг илк устози отаси бўлган. У бошланғич диний таълимни отасидан олди. Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. Муҳаммад Содиқ ёшлигидан жуда кўп китоб ўқирди. У илмга, китобга қаттиқ муҳаббат қўйган эди. Унинг китобдан ортган вақти бўлмаган. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қиларди.

Шунингдек, Муҳаммад Юсуф домла ҳам кўплаб аҳли илмларнинг хизматини қилиб, фарзанди аржумандининг ҳаққига жуда кўп дуолар оларди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди. У пайтда мадрасадаги ўқиш 7 йиллик бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқни ўша кунгача ҳосил қилган билими асосида бир йўла 5-босқичга олишди. Натижада у мадрасани 3 йилда тамомлади. Уни дарсда, илмда илғорлигидан мадарасадаги талабалар «пешқадам» деб аташарди.

Муҳаммад Юсуф домла ҳам фарзандининг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлини бошқалар орақали махсус кузатиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ 1973 йили мадрасадан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад)га ўқишга кирди. Қабул имтиҳонидан юқори баҳоларда ўтган Муҳаммад Содиқ институтга ҳам бир йўла 3-босқичга қабул қилинди ва уни ҳам 2 йилда аъло баҳоларга битирди.

У институт барномасидан ташқари махсус устозлардан алоҳида дарс ҳам оларди. Иснтитутнинг энг илғор талабаси сифатида танилганди. У нафақат ҳордиқ кунларини, балки 10 дақиқалик танаффусни ҳам, азон билан такбир орасидаги қисқа вақтни ҳам китоб мутолааси билан банд қиларди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1974 йили Исмоил махдум домланинг қизи Фотмахонга уйланди. Ундан бир ўғил, икки қиз кўрди. Улар Исмоилжон Муҳаммад Юсуф, Одинахон Муҳаммад Юсуф, Оминахон Муҳаммад Юсуф. Унинг аҳлу оиласи барчалари илм-маърифат йўлидалар .

У 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлади.

1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номли дорулфунунга ўқишга кирди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Ливияда бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг тиришқоқ ва энг итеъдодли талаба сифатида намоён бўлди. У олийгоҳ дарсларига бир соат ҳам қўймай қатнашарди ва унга дарсларни тайёрлашда ҳамда имтиҳонларни юқори даражада топширишга шунинг ўзи етарди. У олийгоҳ барномасидан ташқари ўша ердаги устозлардан алоҳида дарслар ҳам олди, мустақил мутолаа билан ҳам шуғулланди. Ўша пайтларда у дарсдан ташқари турли мавзудаги китоблардан ҳар куни 100 саҳифа ўқишни ўзига вазифа қилиб олганди.

У 1980 йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди ва доруфунун тарафидан моддий маблағ билан мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг талабалик паллалари мазкур йилларда ўтган бўлса-да, у илм талабини умрининг сўнгги онларигача тарк қилмади. У киши ишлари, машғулотлари ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, илмий баҳслари, таълифларидан ташқари мустақил мутолаани ҳам умрининг охиригача тўхтатмади. Шунинг учун ҳам умри мобайнида қилган юзлаб сафарларида фақат китоб олиб келарди ва ўзи учун янги бўлган ҳар қандай китобни ўқиб тамомларди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди.

1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси:
1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;
1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади.

У институтда 1981 – 1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди.

У ушбу Ислом институти барномасига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк жорий қилди. Масалан, «Қуръон илмлари», «улумул-ҳадис», ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъаҳадга у олиб кирган эди.
1989 йили 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси бўлди;
1989 йил декабр ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди;
1993 йил июн ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди.

У ўзининг муфтийлик даврида мусулмонлар учун улкан хизматларни бажарди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматидан мусулмонларнинг кўплаб ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқди ва мақсадга эришди. Мусулмонлар учун минглаб масжид-мадрасалар очилишида улкан ташаббус кўрсатди . СССР ҳудудидаги мусулмонлар учун асрий орзуси бўлган муборак Ҳаж сафарининг очилишига сабаб бўлди. Катта сондаги мусулмонларнинг ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этиб келишларига рухсат олди. У кишнинг муфтийлик даврида биринчи марта 1990 йилда Юртдан борган ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан «Подшоҳнинг меҳмонлари» сифатида қабул қилиндилар, алоҳида эътибор, меҳмоннавозликка мушарраф бўлдилар ва бу ҳолат 1993 йилгача давом этди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ҳазрат кўплаб устозлардан илм ўрганди. Жумладан, Бухорода Шаҳобиддин қори акадан қироатдан, Мухторжон домлада Алфиядан, шунингдек, Усмонжон домла, Қосимжон домла, Абдуллатиф домла каби йирик олимлардан мадраса барномасидан ташқари алоҳида дарслар олди. Тошкентда ҳам институт дарсларидан ортиб Исмоил махдум, Юсуфхон Шокиров каби олимлардан дарс олди. Ливияда ўқиган кезлари ҳам олийгоҳ дарсларидан ташқари ўша ердаги олимлардан алоҳида илм таҳсил қилди. Кейинчалик машҳур Муҳамад ибн Алавий Моликий, Абу Ҳасан Надавий, Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис Араконий каби Ислом олами намояндаларидан турли соҳалардан илм ва ижозалар олди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида 1981 – 1989 йиллар орасида мударрислик қилди ва бир қанча фанлардан дарс берди. Ўша йилларда институтда ўқиган барча талабалар унинг шогирди бўлган. Масалан, Кавказ бош муфтийси Исмоил Бердиев, Россия муфтийси Равил Айниддин, Чеченистон муфтийси ва илк президенти Аҳмад Қодиров, доғистонлик имом Муҳаммад Расул, озарбайжонлик олим Мулкадор каби кўзга кўринган дин арбоблари ҳам унга шогирд бўлишган. Ундан ташқари Ливияда Анвар Аҳмад, Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ, Муҳаммад Умар, Муҳаммад Қурбон, Ризққулбек каби бир қанча ўзбек талабаларга ҳам алоҳида устозлик қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ 2001 йилда Ўзбекистонга қайтиб келгач, мамлакатдаги кўплаб илм аҳллари унинг атрофига тўпланишди. Уларнинг аксарлари унга шогирд бўлди.

Сўнгра шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, айни пайтда Олий маъҳадда дарс бердилар. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишладилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диний идоранинг 1989-йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинландилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар.

Шу йили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари собиқ Совет Олий кенгашига депутати бўлган даврида собиқ Совет Иттифоқи президенти Михаил Горбачёв ҳамда Олий кенгашга собиқ Совет Иттифоқи мусулмонларининг ҳаёти ифода этилган баённома тақдим этдилар. Баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш, уларнинг ҳуқуқларини қайтариш масалалари кўтарилган эди.

Шайх ҳазратларининг Горбачёв билан бевосита мулоқотларидан сўнг коммунистик тузумнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида ижобий ўзгаришлар сезила бошланди. Шайх ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан собиқ Иттифоқда кўплаб масжидлар ва мадрасалар очила бошланди, мусулмонларга ўз диний урф-одатларини, маросимларни адо этишга рухсат берила бошланди. Бундан ташқари, ана шу даврда шайх ҳазратлари мусулмонларнинг тақдирини ҳал қилувчи катта миқёсдаги ишларни ҳам амалга оширдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совет делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилдилар. Президент Горбачёвнинг таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб, афғоний жиҳод қўмондонлари билан музокаралар олиб бордилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз саъй-ҳаракатларини собиқ иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирган эдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўнгги йилларда илмий ва даъватга ҳамда диний маданиятни оширишдаги фаолиятларга ўзларини бағишлаганлар.

ТИИ Модуль таълим шакли
талабаси Жамгиров Набижон

308641cookie-checkШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти, сифатлари ва илмдаги мавқеи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: