islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Амалларда ихлос ва ниятнинг ўрни

عن عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ سمعت رَسُول اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يقول «إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّات وَإِنَّمَا لكل ِامْرِئٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا أَوِ امْرَأَةٍ يَتَزَوَّجُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ». متفق على صحته.

Ҳадиснинг таржимаси:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: “Амаллар(аслий ибодат бўлган амалларнинг тўғри бўлиши ёки ибодатларга восита бўлган амалларга савоб берилиши) ниятларга кўрадир. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлур. Кимнинг ҳижрат (қилишдан мақсад)и Аллоҳ ва Расули(нинг розилиги) учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули(нинг розилиги) учун бўлибди. Кимнинг ҳижрат(дан мақсад)и унга эришадиган дунё ёки уйланадиган бир аёл бўлса, бас, унинг ҳижрати ҳижрат қилганигадир. Муттафақун алайҳ.

Ҳадис луғатлари шарҳи:

Ният сўзининг луғавий маъноси қасд қилмоқ, азму-қарор қилмоқ деганидир. Шаръий-истилоҳий маъноси бир нарсани амал билан бирга қасд қилиш яъни амал билан шерик бўлган азму-қарор маъносидадир.

Ҳижрат сўзининг луғавий маъноси тарк қилишдир. Истилоҳий маъноси эса фитнага учраш(жони, моли, динига дахл ва тажовуз қилиниш) хавфи бўлган куфр диёрини тарк этиб, ислом диёрига кўчиб ўтишдир. Бу ҳадисда Макка фатҳ бўлишидан илгарги даврда Макка ва бошқа жойдаги мазлум мусулмонларни Мадинага кўчиб ўтишлари назарда тутилган.

Ҳадиснинг айтилиш сабаби:

Имом Табароний “Ал-муъжамул-кабир” китобида ровийлари сиқа санад билан ривоят қилишича Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “(Маккада яшаб турган кезларимиз) Орамизда Умму Қайс исмли бир аёлга совчи бўлган киши бор эди. Ҳижратга буюрилгач, Умму Қайс совчиларга ҳижрат қилмоқчи экани, агар у киши ҳижрат қилмаса, унга турмушга чиқмаслигини маълум қилди. Шунда ҳалиги киши Умму Қайсга уйланиш учун ҳижрат қилди ва унга уйланди. Сўнг биз унга “Умму Қайс учун ҳижрат қилган – муҳожир” деб ном қўйиб олган эдик. Демак, ушбу ривоятдан бу ҳадисни айтилишига мазкур воқеа сабаб бўлгани билинади.

Ҳадиснинг аҳамияти:

Бу ҳадиси шариф исломнинг мадор-таянчи бўлган муҳим ҳадислардан бири бўлиб, аксар ҳукмлари унга боғлиқдир.Бу фикр олимларнинг қуйидаги сўзларида ёрқин намоён бўлади:

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳадис исломнинг ярмидир. Зеро, дин ё зоҳир(ий нарса) – амал ё ботин(ий нарса) – ниятдан иборатдир”, деганлар. Имом Аҳмад ва имом Шофиъийлар: “Бу ҳадис маъносига илмнинг учдан бири киради. Чунки банданинг касби-амали уч нарса: қалби, тили ва тана аъзолари ила бўлади. Қалб ила ният қилиш шу уч қисмнибиридир, деганлар. Шунинг учун уламолар ўз китобларини ушбу ҳадис билан бошлашни яхши кўрганлар. Жумладан, Имом Бухорий “Саҳиҳ”ининг аввалида ушбу ҳадисни муқаддима бамисоли ўрнида келтирган. Имом Нававий эса учта китоби – “Риёзус-солиҳийн”, “Ал-Азкор”, “Ал-Арбаъийн ан-Нававийя”ларнинг барчасини ушбу ҳадис билан бошлаган. Бу ҳадис билан бошлашнинг фойдаси шуки, унда толиби илмга илм талабида ва барча яхши ишларда ниятини тўғрилаб, фақат Аллоҳ таолонинг розилиги кўзда тутишга ишора бор. Айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари(бу Имом Бухорий ривоятида келган) ва Умар розияллоҳу анҳу ушбу муборак хутбани қилишлари ҳам ушбу ҳадисни маъноси ўта аҳамиятли эканига далилдир. Абу Убай “Ҳадислар орасида бундан кўра ўзида кўп маънони жамловчи, умуммаъноли-сермазмун ҳамда унданда фойдаси кўпроқ ҳадис йўқ”, деганлар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Уламолар мукаллаф мўминларнинг амаллари шаръан эътиборга олиниши ва уларга савоб берилиши учун ният шарт эканига иттифоқ қилганлар;
2. Ният намоз, закот, рўза, ҳаж каби мақсуда ибодатлар яъни ўзи алоҳида қасд ила амалга оширилувчи аслий ибодат бўлган амалларда рукн-шарт экани, ниятсиз мазкур амаллар дуруст бўлмаслигини айтганлар;
3. Ҳанафийлар “Таҳорат, ғусл каби васила амаллар яъни аслий ибодатларга восита бўлганамалларнинг дуруст бўлиши учун ният қилиш шарт эмасу, уларнинг тўкис ва мукаммал бўлиши ва уларга савоб берилиши учун шарт”, деганлар. Шофиъийлар “Васила амалларнинг дуруст бўлиши учун ҳам ният шарт”, деганлар. қлан ва нақлан ҳам бу ўринда ҳанафийларнинг сўзи кучли);
4. Ниятнинг жойи қалб экан. Шунинг учун ниятни тилда талаффуз қилиш шарт эмас экан;
5. Аммаллар қабул бўлиши учун уларни қилишда Аллоҳ таолога ихлос қилиш шарт экан. Зеро, Аллоҳ таоло фақат Ўзи учун холис қилинган амални қабул қилади.

“Ал-Вофий фий шарҳил-Арбаъийн ан-Нававийя” асосида тайёрланди

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов

309190cookie-checkАмалларда ихлос ва ниятнинг ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: