“Оҳод” сўзи луғатда “аҳад” сўзининг кўплиги бўлиб, ваҳид маъносида, яъни ягона ва битта деган маънони билдиради. Яна бир фикрга кўра эса “ваҳид” нинг кўплиги, шаҳид ва ашҳад каби дейилган. Оҳод ҳадис “хабарул ваҳид” деб ҳам юритилади ва бу бир киши ривоят килган ҳадисдир.
Истилоҳий маъноси: Ҳанафий уламоларнинг таърифи: оҳод хабар – бир, икки ёки уч ёки ундан кўп киши ривоят қилган барча хабар бўлиб, машҳур ва мутавотир даражасидан паст бўлгандан кейин унда ададнинг эътибори йўқ.
Муҳаддис уламолар таърифи:
Ўзида мутавотир хабарнинг шартларини жамламаган хабар оҳод хабар дейилади ва унинг учта қисми бор: машҳур, азиз ва ғариб.
Ҳукми: Фахрул-ислом Баздавий айтганлар: “Маъқул нарса шуки, хабар сидқ сифати билан ҳужжатга айланади, хабар аслида рост ва ёлғонни эҳтимол қилади, ровий хабар беришга аҳл бўлгандан сўнг унинг адолатли бўлиши билан хабарнинг рост бўлиши устун бўлади, ровийнинг фосиқ бўлиши билан хабарнинг ёлғон бўлиши устун бўлади. Шундай экан сидқнинг устун бўлиши билан унга амал қилиш вожиб бўлади. Чунки хабар амал қилиш учун ҳужжатга айланди. Яқийн илмни соқит қилиш учун маъсум бўлмаган кишида унутиш ва ёлғон эҳтимоли ҳам эътиборга олинади. Бундай бўлиши амал яқийн илмсиз ҳам дуруст бўлганлиги учундир”.
Жумҳур усул уламолари хабарул ваҳид ҳужжат эканлиги ва амални вожиб қилишини айтганлар, лекин унга амал қилишнинг шартлари борасида ихтилоф қилганлар. Ҳанафий уламолар: хабарул ваҳид маълум шартлар билан амални вожиб қилади, илмни эмас деганлар. Содруш-шариъа Маҳбубий роҳматуллоҳи алайҳ : “Хабарул ваҳид агар қуйида келадиган шартларни ўзида жамлайдиган бўлса ғолиби зонни вожиб қилади ва ғолиби зон амални вожиб бўлишига кифоя қилади”, деганлар. Моликийлар ҳам шундай дейишади, лекин, хабар Мадина аҳлининг амалига мухолиф бўлмаслиги шарти билан чекланишади. Шофеий ва ҳанбалийлар амални вожиб қилишида бирор шартни қўймаганлар. Хабарул ваҳидга амал қилишда Хабарул ваҳидга амал қилишда энг кўп шартларни қўйганлар ҳанафийлардир, унга умумий амал қилишда қуйидагиларни далил қиладилар:
Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!
Ушбу оятдан далил олиш важҳлари: Аллоҳ таоло бир тоифани динни чуқур англашга сўнгра қайтиб келганларида қавмларини огоҳлантиришга буюрди. “Фирқа” сўзи энг ками уч киши бўлган жамоат учун ишлатиладиган исм бўлиб, “тоифа” улардан ажралиб чиққанлар бўлади, натижада тоифа уч кишидан кам бўлади. Демак, тоифанинг гапи амални вожиб қилади, агар амал вожиб қилмаса унда даъватнинг фойдаси бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло тоифанинг огоҳлантириши билан огоҳ бўлиш, эҳтиёт бўлишга буюрди. Зеро, оятдаги “لعل” умид учун ишлатилади ва бу Аллоҳ таолонинг ҳаққида талабга ҳамл қилинади, Аллоҳ таолодан бўлган талаб эса амрдир. Бу билан собит бўладики, Аллоҳ таоло бир тоифанинг огоҳлантириши билан огоҳлантирилганларни эҳтиёт бўлиш, сақланишга буюрди. Буйруқ мутлақ бўлганда вожибликка далолат қилади, натижада бу тоифанинг огоҳлантириши билан сақланиш вожиблигини тақозо қилади. Бу уч кишидан кам бўлган тофанинг гапи амални вожиб қилишда ҳужжат бўлишига ишора қилади.
Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмасликларингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингизлар!
Ушбу оят агар ривоят қилувчи фосиқ бўлмаса хабарул ваҳидни қабул қилинишига ишора қилади. Зеро, ҳукмни муносиб васфга тартиб топиши иллат бўлишлиги билан рухсат берилади, агар оҳод хабар мақбул бўлмаганда бу иллатнинг фойдаси бўлмасди.
Булардан бизга маълум бўладики, ҳанафий уламолар мусулмон, оқил ва адолатли кишининг хабарини қабул қиладилар, зеро, бу сифатлар зоҳиран сидққа ҳамл қилинади. Чунки, кишининг ақли ва дини уни ростгўйликка ундайди ва ёлғондан қайтаради. Натижада, унинг хабари зонний илмни ифодалайди ва унга амал қилишни вожиб қилади. Чунки амал яқийн илмсиз ҳам дуруст бўлади, худди қиёсга амал қилингани каби, оҳод хабарга амал қилиш бунданда авлодир, чунки унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари эканлигида шубҳа йўқ, шубҳа фақат санаднинг уланиш йўлларида бўлади.
403-гуруҳ талабаси
Холхўжаева Наргиза