islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлид нима?

Салаф солиҳ имомлар даврида илм ривожланиб, маълум шахслар оят ва ҳадисдан ижтиҳод қиладиган даражада эдилар. Бошқалар улардан савол сўраб, жавобларига қараб муаммоларини ҳал қилардилар. Демак, мужтаҳид бўлмаганлар мужтаҳидлардан фатво сўраб, уларга эгашарди, тақлид қиларди. Ҳа, воқелик шундай: билмаган билгандан сўраб ўрганади. Зеро, оятда ҳам шунга буюрилган:

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз[1].

Демак, оят ва ҳадис нима деяётганинин англай олмаган инсонлар зикр аҳлларидан, яъни уламолардан сўрайдилар, уларнинг тавсия ва маслаҳатларини оладилар, берган фатволарига амал қиладилар. Бунинг номи тақлиддир. Ушбу ҳолат асрлар оша давом этиб келмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда мужтаҳид имомларга тақлид қилмасликка чорлаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳамма ўзи ижтиҳод қилиш кераклигини айтяптилар. Кузатсангиз, уларнинг амалда тутган йўллари даъволарига терс. Чунки, улар тақлидни қоралаган ҳолда ўзлари тақлид қиляптилар. Масалан, бирлари Имом Абу Ҳанифа фалон масалада саҳиҳ ҳадисга хилоф қилганини даъво қилади. Агар ундан ўша ҳадиснинг саҳиҳлигини қаердан билганини сўрасангиз, у муҳаддислардан бирининг китобидан ўқиганини айтади. Мисол учун ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да ёки фалончи ва фалончилар фалон жойда шу ҳадисни саҳиҳ деган, дейди. Ва яна айтадики, у масала Имом Абу Ҳанифанинг айтганидан бошқача бўлади. Унга яна буни қаердан билганини сўрасангиз, у фалончи шайхнинг гапини келтиради.

Бу пайтда унинг ўзи бошқанинг гапига эргашиб, унга тақлид қилиб, ҳадисни саҳиҳ ёки заиф демоқда. Шнингдек, бир масалани мужтаҳид имом айтганидан бошқача дейишда ҳам фалончи шайхга тақлид қилган ҳолда айтяпти. Бу билан у инсон яна тақлидни маъқуллаяпти. Ўзи қораланган ишни яна ўзи оқлаяти, ҳаром деганини ҳалол қиляпти.

Эътибор берсангиз, бундай инсоннинг гапини ёки у эргашган кишининг йўлини тўғри деб маъқулламай, асрлар давомида бутун уммат эргашиб келган салафлардан бирининг мазҳабида юрсангиз, тақлидчисиз. Аммо, айтганини қилсангиз, тақлид эмас, ижтиҳод қилдингиз гўё. Аслида, унинг айтганига юриб, унга эргашишингиз билан бошқасига тақлид қилишингиз ўртасида фарқ йўқ. Чунки ўзингиз юрган мазҳабдан кечиб, янги фикрга эргашиб кетишингиз ҳам тақлид. Иккаласи ҳам тақлид, барибир.

Шундай экан, халқи бир мужтаҳиднинг мазҳаби бўйича амал қилиб келаётган юртда одамларни чалғитмасдан уларга муаммоларини ўша мазҳаб бўйича ечиб беринг. Қолаверса, салаф солиҳ мужтаҳиднинг ижтиҳоди замонлар сайин амал қилиниб келаётган мазҳаб. Амал қилиб келганлар ҳам уламолар. Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин!

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

[1] Наҳл сураси 43-оят.

329790cookie-checkФиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлид нима?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: