islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар ҳумкронлиги VIII асрда Ислом илмларининг ривожланиши

Ҳукмронлик аббосийлар қўл остига ўтиши билан халифаликнинг маданияти Дамашқдан Бағдод сари кўча бошлади. Бу вақтда мусулмонлар нақлий илмлар – шариат илмлари бўлган  ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом, лўғат ва одоб-ахлоққа доир илмлар билан машғул бўлдилар. Шунингдек, ҳукмларни (қонун-қоидаларни) Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдан чиқариб олиш бўйича илк кунлардан бошлаб фаолият олиб бордилар. Шу йўсинда икки-уч асрда Ислом шариати ривожланиб, ўз қиёмига етди[1]. Айниқса, бу ҳижрий иккинчи-учинчи асрга келиб янада ривожланди ва шаклланди.

Суннийлар ислом қонунчилигини ташқи кўринишига кўра қуйидаги қисмларга бўладилар:

Ибодат (ибодатлар ва уларга тегишли мажбуриятлар).

Муомалат (фуқаролик муносабатлари).

Уқубат (жазолар).

Улуми шаръия ҳақида буюк мутафаккир Абдураҳмон ибн Халдун (1332-1406) ўзининг машҳур асари «Ал-Муқаддима»да тўхталиб ўтган. У илмларни икки қисмга бўлади: биринчиси, инсон учун табиий бўлиб, унга тафаккур орқали эришиладиган ва иккинчиси эса, нақд (ривоят) орқали эришиладиган илмлардан иборат бўлиб, инсонлар уни асосчиси Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан оладилар. Биринчи қисм илмлар ҳикмат ва фалсафага мансуб илмларни ўз ичига олади. Инсон уларни ўз идроки ёрдамида турли мавзулар ва масалаларга доир далиллар орқали қўлга киритади.

Иккинчи қисм «нақлий ва вазъий илмлар» номи билан аталиб, унда хабарлар (ҳадислар) орқали шариат асосчисидан нақл ва ривоят этилади. Бу илмларнинг асосий қоидалари ҳақида ақлни ишга солиб, фикр юритиш мумкин эмас.Фақатгина уларга боғлиқ бўлган фаръий (жузъий) масалаларни қиёс орқали белгилаб олиш мумкин. Бу эса шаръий илмлар ва уларни ўзлаштириш учун бизга ёрдам берадиган илмлардан иборатдир. Ушбу ҳижрий иккинчи-учинчи асрда илмнинг икки қисми ҳам ривожланиб, ўзининг юқори чўққисига чиққан.

Биринчиси, қироат илми. Қуръони карим ислом динининг асосий манбаи бўлгани учун уни ўзгаришлардан сақлаш ва мазмунини чуқур тушуниш учун қироат ва тафсир илмлари юзага келган. Қироат илми мутавотир ривоятлар (кўп ишонарли кишилар томонидан қилинган ривоятлар)га доир ихтилофларни назарда тутиш билан бирга Аллоҳ каломини тўғри ва хатосиз, тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиш масалаларини текширади.[2] Бундан ташқари унинг асосий мақсади Қуръонни таҳриф (ўзгартириш)дан сақлашдир.Қироат илми камида етти хилга бўлинади. Улар бўйича жуда кўп китоблар ёзилган.

Иккинчиси, тафсир илми. “Тафсир” сўзи арабча “фасара” сўзидан олинган бўлиб “шарҳлаш”, “тушунтириш” ва “мақсадини кўрсатиш” ёки “пардани очиш, кўтариш” маъноларини англатади. Тафсир фан бўлиб, унинг ёрдамида Аллоҳ таолонинг китобини тушуниш мумкин бўлади. Изоҳлар муаллифи, Қуръонни шарҳлашга интилган Аллома Шоҳ Абдулазиз Деҳлавий таъбирига биноан қуйидаги уч қоидага риоя қилиш лозим:

  1. Ҳар бир сўзнинг ҳақиқий маъносини тушуниш ва унинг ҳақиқий мақсади кўрсатилиши лозим. Бунга эришиш учун олим лингвистик (тилшунослик) ва грамматик воситалардан фойдаланиши лозим.
  2. Ҳамма нарса воқеанинг асосий мавзуси билан биргаликда шарҳланиши лозим бўлади.
  3. Аллоҳнинг элчиси томонидан олинганига гувоҳлик берувчи саҳобалар ёзганларига зид ҳолда воқеани тушунмаслик лозимдир.

Шундай қилиб, тафсир алоҳида фан бўлиб, унинг ёрдамида Қуръон кўрсатмалари ва уларнинг нозил бўлиши сабаблари тушунилади.

Энг биринчи ва асосий тафсир ёки Қуръон изоҳлари бўлиб Қуръоннинг ўзи ҳисобланади. Унинг бир қисми кейинги қисмига ойдинлик киритади. Буни Қуръони карим матнининг барча қисмида кўриш мумкин[3]. Бу фан ҳуқуқий муаммоларни Қуръони карим оятлари асосида ҳал қилишда катта ёрдам беради.

Учинчиси, ҳадис илмида ислом Пайғамбари ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, бажарган амаллари ва тасдиқлари ҳақида сўз юритилади. У икки қисм, ривоятул ҳадис ва дироятул ҳадис илмларидан иборатдир.

Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим оятларига ҳадис аралашиб кетмаслиги учун ҳадисларни ёзиб боришдан қайтарган эди. Бу ҳолат Муҳаммад ибн Муслим ибн Абдуллоҳ ибн Шиҳоб Зуҳрийнинг ҳадисларни жамлагунига қадар давом этди. Ибн Шиҳоб Зуҳрий ҳадисларни ёзиб, китоб ҳолига келтирган аввалги шахс ҳисобланади. У икки юз минг ҳадисни ёддан биларди. Имом Молик, Суфён Саврий сингари муҳаддислар ундан ҳадис  ривоят қилган.

Замонлар ўтиши билан ҳадислар кўп ривоят қилиниб, хилма-хил тўқима, сохта ҳадислар ҳам уларга қўшила борган. Иккинчи ҳижрий асрдан бошлаб уларни тўплаш ишларига катта эътибор қаратилган ва биринчи тўпламлар тузилган. Мазкур тўпламлар муаллифлари қаторида Марвлик машҳур муҳаддис Ибн Муборак ва Абу Сулаймон Жузжоний катта ўрин тутганлар.

Ҳадисларнинг биринчи тўпламлари кўпинча фиқҳий-ҳуқуқий масалаларга доир ҳадисларни ўз ичига олган. Иккинчи хижрий аср охирлари (VIII аср авваллари)га келиб, мукаммалроқ усулларга таяниб янги тўпламлар (муснадлар) тузилган. Бу муҳаддисларнинг ҳадис тўплашдан асосий мақсадлари ислом шариати учун ҳадислардан ҳукмларни чиқариб олишни енгиллатиш эди. Аввалги муҳаддислардан кейин келган ҳадис имомлари ҳадисларни маълум  мавзулар услубида жамлай бошладилар. (Масалан, “Таҳорат боби”, “Намоз боби”) Ундан кейинги муҳаддислар ўша  ҳадислар олдига санадлари билан бирга келтиришни зиёда қилдилар. Ҳижрий иккинчи-учинчи асрга  келиб ҳадисларни мавзуларга ажратиб, бир бутун китоб ҳолида жамлаш янада жонланди. Ҳадис борасида қонун-қоидалар жорий этилиб, мутавотир, саҳиҳ, ҳасан, заиф каби атамалар қўлланиб ҳадисларнинг навлари  аниқланди.  Шунингдек, саҳиҳ ҳадисларни сохта ва тўқима ҳадислардан ажратиб олиш учун ҳадислар ровийларини танқидий услубда текшириш зарурати юзага келганди. Бу эса олтита энг саҳиҳ китоблар (Саҳиҳи ситта)ни тўплаш даври эди. Саҳиҳи Бухорий, Саҳиҳи Муслим ва Саҳиҳи Термизий каби китоблар ёзилди. Улар Саҳиҳ Бухорий, Саҳиҳ Муслим, Жомеъ Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа «Суннан»ларидан иборатдир. Мазкур олти буюк муҳаддислардан икки киши (Имом Бухорий ва Имом Термизий) Мовароуннаҳрга, тўрттаси эса Хуросонга мансуб бўлган.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1] Жўзжоний.А.Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги.Ҳанафий  мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. – Т.: ТИУ, 2002 .Б.20.

[2]Ислом энциклопедия.–Т.:Ўзбекистон илмий энциклопедияси Давлат нашриёти,2004. Б.292.

 [3] Камилов М. Священный Куръан первый основной источник ал-фикха//Маяк Востока. №1. 2004. Б.16.

330001cookie-checkАббосийлар ҳумкронлиги VIII асрда Ислом илмларининг ривожланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: