islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёш авлодни тарбиялашдаги кўрсатмалари ва унинг бугунги кундаги аҳамияти”

Тошкент ислом институтида “Октябрь – Ислом тарихи ва сийрат” фан ойлиги деб эълон қилинган. Шу муносабат билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан тадбир ташкил этилди.

Илмий суҳбатда Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси шайх Жамолиддин Ҳошим кундузги ва Модуль таълим тизими талабалари учун  “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёш авлодни тарбиялашдаги кўрсатмалари ва унинг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида маъруза қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва саллам марҳамат қиладилар: “Кишининг ўз  фарзандини  чиройли  одоб-ахлоқ билан  тарбиялаши  кўп  миқдордаги  нафл садақа беришидан  яхшироқдир”.

Бошқа  бир ривоятда: “Ота болага гўзал  одобдан кўра  яхширок нарсани  бера  олмайди” (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида туғилади. Ота-онаси уни, ёки яҳудий, ёки насроний, ёки мажусий қилади”.

Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний тилини биласанми? Менга улардан мактублар келади”, дедилар. Мен, йўқ, деган эдим, ўрган, деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим. Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўдаклигида илм олганнинг мисоли тошга ўйилган нақш кабидир. Кексайганда илм олганнинг мисоли сувга ёзилгани кабидир”, дедилар.

Фарзанд тарбияси ҳақида гап кетганда, бўлажак фарзандларнинг онаси солиҳа бўлиши аҳамиятлидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади. Моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танла! Қўлинг тупроққа тўлгур!”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Аёлларга ҳусни учунгина уйланманг, уларни ҳусни ҳалокатга кетказиши мумкин, молу давлатлари учун ҳам уйланманг, балки шу молу давлатлари туғёнга солиши мумкин, лекин диндорларига уйланинглар, албатта қора чўри бўлса ҳам диндорлари афзал” (Ибн Можа ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Агар хулқи ва динидан сизлар рози бўладиган киши (қизингларга) совчи бўлиб келса, уни унга никоҳлаб беринглар, агар бермасанглар ер юзида катта фасод қилган бўласизлар”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларни тарбиясида касб-ҳунарнинг ўрни ҳақида ҳам тавсиялар берганлар: “Кишининг ейдиган энг афзал таоми – ўз касби-ҳунари орқали топганидир. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ўз қўл меҳнатидан таомланарди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга ҳалол ризқ топиш мақсадида чекилган ташвишгина каффорат бўлади”.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи

фанлари кафедраси мудири Ҳ.Нурбаев

 

331710cookie-check“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёш авлодни тарбиялашдаги кўрсатмалари ва унинг бугунги кундаги аҳамияти”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: