islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Никоҳи ҳаром қилинганлар

Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай марҳамат қилади:

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ أُمَّهَاتُكُمْ وَبَنَاتُكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ وَعَمَّاتُكُمْ وَخَالاَتُكُمْ وَبَنَاتُ الأَخِ وَبَنَاتُ الأُخْتِ وَأُمَّهَاتُكُمُ اللاَّتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُم مِّنَ الرَّضَاعَةِ وَأُمَّهَاتُ نِسَآئِكُمْ وَرَبَائِبُكُمُ اللاَّتِي فِي حُجُورِكُم مِّن نِّسَآئِكُمُ اللاَّتِي دَخَلْتُم بِهِنَّ فَإِن لَّمْ تَكُونُواْ دَخَلْتُم بِهِنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ وَحَلاَئِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلاَبِكُمْ وَأَن تَجْمَعُواْ بَيْنَ الأُخْتَيْنِ إَلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُورًا رَّحِيمًا

Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у (хотин) лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган оғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса майли. Албатта, АЛЛОҲ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир.

Албатта никоҳ муқаддас алоқадир. Албатта бу алоқани тўғри ҳолатда ўрнатиш керак. Бунинг учун эса, уйланмоқчи бўлган инсон ўзига мос жуфт танламоғи зарур. Танлаш жараёнида эътибор бериш фарз бўлган шарт-хотинликка танлаётган аёлнинг никоҳи, танловчи эркака ҳалол бўлиши керак. Ислом шариати мусулмон эркакларга айрим тоифа аёлларга уйланишни ҳаром қилган. Мазкур тоифалар ушбу оятда, бундан олдинги ва кейинги оятларда ва пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларида баён қилинган. Бу борадаги илоҳий таълимот ва амрлар шулардан иборат бўлади. Исломдан бошқа дин ва тузумларда ҳам ушбу масалада ўз таълимотлари ҳукмлари бор. Уларнинг базилари исломники билан тўғри келса, кўплари нотўғридир. Баъзи тузумларда Аллоҳ ҳаром қилган тоифадаги аёлларнинг никоҳини ҳалол қилишган. Ҳатто онасига уйланишга ҳам рухсат берилган. Бошқа бир тузумларда эса, қабиласи бошқа, танасининг ранги бошқа, табақаси бошқа ёки шунга ўхшаш бошқа шартлар ила аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган. Ислом эса, улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмишлик алоқаси ва қудачилик алоқаси туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган. Буни бир-бир ўрганиб чиқайлик:

Насаб алоқаси туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:

“Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизни қизлари, опа сингилларингизнинг қизлари”, ҳаром қилинди.

1.Никоҳи ҳаром қилинган аёллар тоифаси ояти каримада “оналар”дан бошланган.

Бу нарса насаб жиҳатидан асл бўлганларнинг никоҳи ҳаромлигига ишоратдир. Онага, ота-онанинг оналарига эркакнинг никоҳи ҳаромдир. Буни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўз онасига эрлик қилиш нафақат инсонга, балки ваҳший ҳайвонлар табиатига ҳам зиддир. Ахир, у онасининг бир парчаси ҳисобланади. Бунинг устига, насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларнинг никоҳи икки томон соғлиқи учун ҳам зарар экани ҳаммага маълум .Улардан бўлган фарзандлар нимжон, касалманд ва ногирон бўлиб туғилиши аниқланди.

2.Кейинги тоифа “қизларингиз”дир.

Бунга кишининг ўзидан тарқаган зурриётлари, жумладан, набира қизлари ва улардан кейинги табақалар ҳам киради. Ўзига жигаргўша бўлмиш қизининг эри бўлиши раво кўриш учун инсон инсонликдан чиқиши керак! Бу иш инсоний табиатда мутлоқо зид бўлгани учун ҳам Ислом шариатида ҳаром қилингандир.

3.”Опа-сингилларингиз”.

Туғишган бўлса ҳам, ота бир, она бошқа ёки она бир, ота бошқа бўлса ҳам, опа-сингилларнинг никоҳлари ҳаромдир. Аввало, буларнинг асллари бир-бир қондан, бир қариндош пайдо бўлиб, бир хил сутдан катта бўлганлар. Инсонийлик табиатнинг ўзи уларнинг эри хотин бўлишини кўтармайди. Уларнинг никоҳларидан келадиган табиий зарарлардан ташқари, ижтимоий зарарлари ҳам кўп.

Агар мазкур шахслар никоҳ жоиз бўлса, улар бир оила азолари сифатида бирга яшаш ва инсоний алоқаларда бўлиш имконига эга бўлмай қоладилар. Чунки , никоҳи жоиз эркак-аёл бир жойда туриши, ёлғиз қолиши кўплаб муоммоларни келтириб чиқаради. Хотин эрини унинг опа-сингилларидан ҳам қизғанадиган бўлиб қолади. Бу мулоҳаза бошқа тоифаларга ҳам жорийдир.

4.” Аммаларингиз ва холаларингиз”

Булар билан ҳам насаб алоқалари бўлиб, бу одамлар ҳам юқорида зикр қилинган тоифаларга ўхшашдир. Амма-холалар, одатда, онанинг ўрнига ўтадиган ота ва она тарафининг вакиллари ҳисобланади. Улар билан никоҳда бўлиш соғлик, ахлоқ-одоб ва қариндошлик жиҳатларидан катта зарарлар келтиради.

5.”ака-укаларингизнинг қизлари ва опа –сингилларингизнинг қизлари”.

Булар ҳам насаб томонидан алоқадор бўлиб, аввалги зикр қилинган ва яна Аллоҳнинг Ўзи биладиган бошқа ҳикматлар учун никоҳлари ҳаром қилинди.

6.“…эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз” никоҳи ҳаром қилинди.

Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган Аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа-эмиш туфайли аслга айланган, яъни она бўлганлар ва уларнинг шаҳобчалари бўлмиш эмикдош опа-сингилларгина зикр қилинмоқда. Пайғмбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам эса, бу борада: “насаб жиҳатидан (никоҳи) бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўладилар”. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмиш туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади. Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа, сутли аёлни тўйиб эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри эса отасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлар ҳам эмган болага хеш бўладилар. Бу ҳукмнинг ҳикмати тўлалигича Аллоҳнинг Ўзига маълум. Аммо баъзи ҳикматлари ушбу ояти карима нозил бўлганидан бир неча асрлар ўтиб маълум бўлди. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шакллар экан. Бир онанинг сутини эмиб катта бўлган инсонларнинг физиалогик хусусиятлари бир хил шакллангани туфайли улар орасида никоҳ алоқаси бўлса, ўзларига ҳам, улардан бўлган болаларга ҳам катта зарар бўлади. Буни мусулмонлардан бошқалар энди-энди тушуниб келмоқдалар.

Қудачилик асосида никоҳи ҳаром қилинган аёллар:

“…хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у (хотин)- лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир”.

7.” Хотинларингизнинг оналари”.

Қайноналар ва катта қайноналарга (қайнота тарафдан бўлса ҳам, қайнона тарафдан бўлса ҳам ) уйланиш куёв учун ҳаром. Булар қудачилик алоқалари туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар тоифасига кирадилар. Қайнона ҳам она, унга уйланиш ҳеч мумкин эмас. Қизи билан бўлган оилавий ҳаётнинг ҳурмати бор. Сўнгра, агар қайнонага уйланиш мумкин бўлса, қизи эрини ундан қизғониб, она-боланинг орасидаги алоқалар ҳам бузилиши табиий.

8.” Ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғиндаги қизлари”.

Шариат ҳукми бўйича, эркак ва аёл рози бўлиб, ақду никоҳ, ўтиши билан эру хотинга айланадилар. Бирга эр-хотинлик қилиб яшасалар, арабча ”духул бўлди” дейилади. Аммо ақду никоҳдан сўнг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларда биз таржимада “қовушган” ёки “қовушмаган” деб зикр қилдик. Ана шу ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни, бир одам аёл киши билан ақду никоҳни ўтгказган бўлса-ю, “духул” қилган, яъни, қовушган ҳам бўлса ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади.

Ояти каримада “қарамоғингиздаги қизлари” дейилиши ғолибо одатни эътиборга олиб айтилган. Аслида, ўгай қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса ҳам, унга никоҳи ҳаром бўлаверади. Бу ҳукмнинг никмати ҳам аниқ кўриниб турибди. Агар эркак кишига ўгай қизига уйланишликка рухсат берилса, у қизнинг ўз онаси билан мунособатлари қийинлашади. Қолаверса, ўгай қиз ҳам қиз ўрнида. Аммо юқоридаги шартга кўра, ақду никоҳи бўлган-у, ҳали духул бўлмаган аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланса бўлади.

9.” Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари”.

Яъни келинлар. Бу ерда “пуштингиздан бўлган ўғлларингиз” деб қайд қилиш билан бирга, тутинган ўғиллар бу ҳукмга кирмаслиги аён бўлмоқда. Келинлар уйланишни ман қилишда ахлоқий, инсоний эътиборлар билан бирга, худди юқоридаги ҳолатларга ўхшаб, қариндошлик алоқаларини эҳтиётлаш ҳикматлари ҳам бор.

Мазкур тоифаларнинг никоҳи абадий ҳаромдир.

10.”Опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди.”

Яъни, бир киши ўз никоҳида турган хотининг опа-синглисига уйланиши мумкин эмас. Бундай никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчадир. Агар никоҳда турган опа ёки сингил ила никоҳ алоқаси узилса, у ҳолда унинг опасига уйланса бўлаверади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам аёл билан уни аммасини ёки ҳоласини қўшиб ҳотин қилмоқликни ман қилганлар. Бундай никоҳлар қариндош хотинлар орасидаги муносабатларни бузади, шу учун ҳаром қилинган.

Оятнинг охирида:

“Магар аввал ўтган бўлса, майли”, дейилмоқда.

Яъни, Исломнинг ушбу ҳукми тушгунча бунга ўхшаш никоҳлар бўлган бўлса, кечирилади. Чунки, ҳукм жорий қилмасдан олдин эски урф-одатга биноан қилинган, деб ҳисобланади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ал-Заҳҳок ибн Феруздан, у киши отасидан қилган ривоятда: “Мусулмон бўлганимда икки хотиним бир-бирига опа-сингил эди. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи вассаллам улардан бирини талоқ қилишимни буюрдилар”, дейдилар.

Сўнги сўз ўрнида айтамизки ҳар бир мўмин инсон ўзи учун ҳар соҳада , шу каби никоҳ ишида ҳам ўзига нима мумкину нима мумкин эмаслигини билиб олишлиги лозим бўлади.

Тошкент ислом институти

талабаси Мухторов Исроилжон

343980cookie-checkНикоҳи ҳаром қилинганлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: