Тошкент ислом институтида “Ноябр – фиқҳий фанлар ойлиги” муносабати билан талабалар учун Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси томонидан тадбир ташкил этилди. Кафедра катта ўқитувчиси Т.Эшназаров “Никоҳ ва талоққа оид фиҳқий масалалар” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, ўқитувчилар А.Аллаберганов, И.Аҳадов ва модуль таълим тизими талабалари иштирок этдилар.
Никоҳ луғатда “Қўшилиш”, “Яқинлик” маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ, “Эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир”. Ушбу таърифдаги
“Никоҳида шаръан монеълик бўлмаган деганидан шариат никоҳини ҳаром килган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади.” Юқоридаги таъриф Ҳанафий мазҳаби таърифидир. Шариат никоҳини ҳаром килган аёллар: бутпараст аёл, маҳрам-яқин қариндош аёллардир. Энди мавзуга Қуръони Каримдан бир қанча далиллар келтирамиз.
Нисо сурасининг 3-оятида: “Бас ўзингиз ҳуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани” деган.
Аллоҳ ушбу оятда мўъмин бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмақда. Ушбу оят никоҳга бўлган кучли тарғибдир.
“Ўзингиздан оиласизларни, қўл ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ кенг ва билимдон зотдир” (Шўро, 32).
Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилган.
Демак, мусулмон киши фақат ўзи никоҳда бўлибгина қолмай, бошқа ўз қўл остидагилар никоҳига ҳам масъул экан. Никоҳ нозик масала бўлгани учун Ушбу оятда фақирлик, камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига алоҳида ишора келмоқда.
Ва батахқиқ: “Сендан олдин ҳам расуллар юборганмиз ва уларга жуфту ҳалоллар, зурриётлар берганмиз” деган (Раъд, 38). Пайғамбаримизга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ оилали бўлиш уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари эканлигини баён этмокда. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлиги кўриниб турибди.
Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоятида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: “Ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ” дедилар. Ушбу тўрт нарса Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад алайҳиссалом гача бўлган барча пайғамбарларнинг суннатидир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга, дунёда аёллар, хушбуй нарсалар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”, дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидур. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир” деганларини эшитдим. Энди шу ўринда мўътабар китобларда келтирилган, оила қуришга имконияти йўқлар учун, рўзадан бошқа йўлларини ҳам келтириб ўтамиз. Булар: кўзни бегона аёллардан сақлаш, Қуръон ўқиш, бузук киноларни кўрмаслик ва жинслар ҳақидаги китобларни ўқимаслик, каби ишлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадиси шарифларида: “Никоҳ менинг суннатимдир. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар. Расулуллоҳснинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзлари имкони бўла туриб оила қурмаслик, никоҳланмаслик мусулмон кишининг иши эмаслигини англатмокда. Тиббиёт ходимларини айтишича “Вақти келганда уйланмаслик инсон соғлигига катта зарардур”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Уч кундан кейин ўлишимни билсам ҳам бўйдоқ ўтишдан уйланмоқни афзал кўраман”, деганлар.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ дан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат деганлар. Зино хавфи бор вақтдаги никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бирингизнинг жинсий ҳожатида ҳам ажр бор”, деганлар. Уламоларимиз кишиларнинг холатига қараб никоҳда бўлишларини хукмини 6 та деб иттифоқ бўлганлар.
1–Уйланиш фарз – маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, фақат уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишиларга.
2–Уйланиш вожиб – маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, уйланмаса зинога кетиш хавфи бўлган кишиларга.
3-Уйланиш суннати муаккада – маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, жинсий муносабатга лаёқатли кишиларга. Ҳанафийлар буни вожибга яқин дейишган.
4-Уйланиш ҳаром – маҳр ва аёл нафақасига қодир бўлмаган, аёлга зулм қилиши аниқ бўлган, жинсий лаёқати йўқлиги аниқ кишиларга.
5-Уйланиш макруҳ – маҳр ва нафақадан, зулмдан ё жинсий ожизликдан хавф қилган кишиларга.
6- Уйланиш мубоҳ – уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган холда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу нарсалардан кейин биз никоҳ – оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканини билиб олдик. Энди никоҳнинг рукн ва шартлари ҳақида сўз юритамиз. Никоҳнинг рукни ҳақида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. “Ийжоб” никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўлса, “Қабул” иккинчи ўринда содир бўладигандир. Мисол учун бир эркак аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан, деса “ийжоб” бўлади. Аёл унга розиман, деб жавоб берса “қабул” бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам “ийжоб- қабул” бўлиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланали. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас” дедилар. Эй Аллоҳнинг Расули, изн қандай бўлур дейишди. “Сукут сақламоғи дедилар”. Бошқа ривоятда: “Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса, изн сўралур. Унинг изни сукутдир” дейилган. Ханса бинти Хизом ал Ансорияни жувон ҳолида отаси сўрамай эрга берди. Бу унга ёқмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳузурларига келди. Бас у зот унинг никоҳини рад этдилар. Изн сўралмай никоҳланган чоғда иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади, у “розиман” деса никоҳ бўлади. Юқоридан маълум бўлдики, бундай иш қозига арз қилинса, қози бу никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Худди шундай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изн сўралмай никоҳланган бокира қизни никоҳини шу қиз ихтиёрига қўйганлари ҳам бошқа ҳадисда келтирилган.
Бошқа мазҳабларда эса ийжоб ва қабулга қуйидаги нарсалар ҳам қўшилади.
1-Хотин.
2-Эр.
3-Валий.
Шу билан Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда никоҳ рукни 4 та бўлади. Никоҳнинг шартлари тўрттадур.
1-Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши керак. Яъни никоҳда, иштирок этадиган аёл эркакка абадий равишда ҳам вақтинчалик ҳам ҳаром бўлмаслиги керак.
2-Ийжоб ва Қабулда ишлатиладиган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт ва мулкка эгаликни дарҳол собит қиладиган лафзлар бўлиши шарт. Масалан: Никоҳ, Тазвиж, Ҳиба, савдо, садақа каби лафзлар. Имоми Шофиийраҳматуллоҳи алайҳ Никоҳ фақатгина “Никоҳ” ва “Тазвиж” лафзлари билан дуруст бўлади.
3-Гуволик. Ҳамма мазҳаб уламолари гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди, деб иттифоқ бўлганлар.
Набий с.а.в. “Валийсиз никоҳ йўқдир” дедилар, бошқа ривоятда “Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир” дейилган. Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши шарт деганлар. 1) Ақл, 2) Балоғат, 3) Ҳур, 4) Мусулмон, 5) Икки гувоҳ ҳам икки томоннинг сўзларини бирга эшитиш. Гувоҳ адолатли бўлса яхши. Лекин фосиқнинг гувоҳлиги ҳам ўтаверади. Бунга Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ хилоф қилганлар. Гувоҳлар икки эркак ёки бир эркак икки аёл бўлиши шарт. Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ бунга ҳам хилоф қилганлар.
Оила кодексида “Никоҳни қайд” этишда гувоҳларнинг сони икки кишидан кам бўлмаслиги керак”, дейилган. Агар мусулмон киши зиммия аёлга икки зиммий гувоҳлигида уйланса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида жоиздир. Муҳаммад ва Зуфар эса жоиз эмас дейишган. Икки томон розилиги шундай бўлмаса никоҳ тўғри бўлмайди. Валий ва бу икки шартнинг далил ҳадисларини юқорида айтиб ўтдик. Шунингдек, баъзи мазҳаблар эътиборга олган, баъзилари олмаган шартлар ҳам бор. Эр-хотин тайинли бўлиши, эҳромда бўлмаслиги, маҳр бўлиши, эр гувоҳлар билан сир тутишни келишиб олмаслиги, эр ё хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслиги кабилар.
Талоқ тушиши учун қўйидагилар шартдур:
1.Луғатда ва урф одатда талоқ маъносини билдирадиган лафзни айтиш ёки ёзиш ёки ишора билан англатиш.
2.Талоқ қилувчи маънони тушунган бўлиши. Бировга талоқ сийғаси бошқа тилда ўргатилса у маъносини билмай туриб ишлатса талоқ тушмайди.
3.Талоқни хотинга нисбат бериши. Аёлнинг исмини айтиш, ўзига хитоб қилиш, васфини айтиш, унга ишора қилиш кабилар.
4.Талоқнинг лафзи ва ададида шак бўлмаслиги. Сўзни бузиб талаффуз қилса ҳам талоқ тушади. Масалан: талоқ ўрнига “талоғ” “талақ” деса ҳам. Очиқ-ойдин талоқ сўзи хотинга нисбат бериб айтиши билан талоқ тушади. Ният, мақсадни сўраб ўтирилмайди.
2) Киноя лафзли талоқ. Бунда талоқни ҳам бошқа маънони англатадиган лафзни хотинга нисбат бериб ишлатилади. “Ота-онангникига кетавер”, “жўна”, “йўқол”, “чиқ кет”, “сен бўшсан”, “ҳурсан”, “ишинг ўзинг билан” каби сўзлар шу жумладандир. Агар бу киноя лафзлари розилик ҳолатида, талоқ тўғрисида гап сўз бўлмай айтилган бўлса талоқ тушмайди. Аммо эр бу гапни талоқ ниятида айтдим деса талоқ бўлади.
Агар розилик ҳолати бўлиб, эр-хотин орасида талоқ масаласи ўзаро баҳс қилиниб турганда эр “иддангни сана”, “сен ажрадинг”, “сен бўшсан” каби лафзларни айтса талоқ тушади. Бошқа киноя лафзларни айтса ниятига боғлиқ бўлади. Ғазаб, уруш-жанжал ҳолати бўлса, “иддангни санайвер” дейиши билан талоқ тушади. Бошқа лафзлар ниятга боғлиқ бўлади.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
ўқитувчиси А.Аллаберганов