islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Метрода ҳам мўминга етарли ибрат бор экан…

Ҳамма ишга, ўқишга кетаётганда ўзига қулай транспорт воситасини танлайди. Кимдир машинада, кимдир таксида, кимдир велосипедда ва яна кимдир пиёда.
Шу кунларда метро энг оммабоп ва қулай транспортга айланиб қолди. Шаҳарни у қисмидан бу қисмини арзон йўл кира билан айланиб чиқиш мумкин. Ёзда салқин, қишда илиқ. Лекин тиқилинчи… Шуниси масала.
Гохо ўзим ҳам баъзи кунлари айрим қулайликлари учун метрони танлайман. Лекин ўша-ўша гап: тиқилинч! Шундаку-я, метрода ҳам мўмин банда учун ибратлар бисёр экан. Баъзи мулоҳазаларимни айтиб ўтсам:
“…Вагонлар тўла, чиқувчилар вагондагилардан ҳам кўп. Худди қатор-қатор навбат олган харидорлар ёки томоша майдонидаги оломонга ўхшаш. Бу туришда вагонга кириб олиш учун кинолардаги супер қаҳрамон бўлиш керак. Табиий, бу имконсиз. Айниқса, аёл кишига! Бу ҳолатда ё эзиласиз, ё кимнидир эзасиз. Хуллас, ўйлаб-ўйлаб, бу ноқулай шароитга ўзни урмаслик учун қарама-қарши томонга миниб, энг охирги бекатга бораман. Йўлимни узоқ қилсам ҳам бўш вагонда ўтириб, ҳеч кимга урилмай қайтиб келаман. Бекат сайин ўша оломон тўлиб, туриш уёқда турсин, нафас олгани бўшлиқ ҳам қолмай кетади гоҳо. Менга мазза! Ўтириб олганман, ҳеч кимга илтижоли қарамайман, жой қидирмайман. Китобимни очаману, манзилим келгунича ўқиб кетавераман. Кексаларга жой бериш учун тургани жой ҳам йўқ. Уларни ҳам тўрт томонларидан оломон тираб туради. Чайқалишни ҳам ҳожати йўқ. Юмшоққина ўридиққа суянгандай хотиржам кетишади. Турай десам, бамайлихотир ишора келади: “Ўтиравер!” хуллас масала ҳал, ҳижолатга ўрин йўқ, китоб қўлда, кўнгил хотиржам. Атрофда туриб қолганлар эса… тезроқ бекати келсаю, бу издиҳомдан қочиб чиқса!
Шу жойда ўйлаб қоламан: Охиратда ҳам кимдир Аршнинг соясида, кимдир эриб кетар даража иссиқ остида; кимдир маҳшарда хавотиру, кимдир Аллоҳнинг раҳматида Ўша Куннинг қўрқинчидан омонда. У Кунда кулган чеҳралар бор ва У Кунда буришган, тиришган хафа юзлар бор. У Кунда тўсиқнинг ичида яйраган мўминлар бор ва У Кунда тўсиқнинг ташқарисида азобда қолган жонлар ҳам бор. У Кунда пешқадамлар ҳам, ортда қолганлар ҳам бор. Соя салқинда ҳузурланганлар ҳам, чанг-тўзонда тўзиб кеганлар ҳам бор… Қиёмат куни ҳолатнинг ҳар хил бўлиши амалларнинг ҳар хил бўлиши билан боғлиқ.
Ким амалларга шижоат қилса, ибодатга ҳаммадан эрта рағбат қилса, ўз йўлини топиш учун ҳамма юрган осон йўлдан эмас, қийин бўлсада бошқа йўлдан кетса, ўз нафсини бироз қийнаса – ҳамма қийналган пайтда Қиёмат куни жони роҳатда қолади.
Аммо, кимики, ҳамма юрган йўл дея, йўлнинг фарқига бормаса, ўзини маъсият ичига ташласа, амалларига бепарво бўлса, баҳорида қишининг ғамини емаса, оқим билан текис сузиб кетаверса, ким билан қаерда турганини фарқига бормаса – Охиратда қўрққан, эзилган, зиқ бўлган, қимирлашга мажоли қолмаган ҳолатда бўлади. Аллоҳ асрасин!
Охиратда роҳат учун гохо йўлларни ўзгартиришга, гоҳо оқимга тескари сузишга, гоҳо жонни қийнашга, гоҳо эрта отни қамчилашга, оломоннинг харакатига алданиб қолмасликка тўғри келар экан! Шунда сизга Аллоҳнинг ҳузурида бўш ва қулай шароит яратилади…”
Айтганча, шу хаёллар билан манзилимга ҳам етиб келибман. Хотиржам эшикка яқинлашаман. На чарчоқ ва на тиқилинчни ҳис қилмабман. Тушар бекат келди: Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Нилуфар Саидакбарова

 

348770cookie-checkМетрода ҳам мўминга етарли ибрат бор экан…
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: