Ҳозирги кунда жонажон Ўзбекистонимиз буюк ўзгаришлар жараёнини бошидан кечирмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларига янгиланиш ва юксалиш нафасини олиб кирмоқда. Энг муҳими, халқимизнинг ўз кучига, эртанги кунга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда.
Бугунги мураккаб ва шиддатли даврнинг ўзи олдимизга қандай ўткир ва долзарб муаммоларни қўяётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Айниқса, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсад йўлида дадил илгарилаб бораётган Янги Ўзбекистонда таълим тизими олдида мислсиз вазифалар пайдо бўлмоқда. Чунки биз интилаётган буюк мақсадларни амалга ошириш учун аввало юксак профессионал кадрлар – ўз ишининг чинакам усталари, ҳар қандай шароитда ҳам эл-юртимизга садоқатли ва жонкуяр инсонлар керак.
Бу вазифани амалга оширишда сифатли таълим ва тарбия биз учун сув билан ҳаводек зарур. Бугун ушбу масала мамлакатимиз тақдири ва келажагини, барчамизнинг ҳаёт-мамотимизни белгилайдиган энг масъулиятли ва шарафли ишга айланмоқда.
Шунинг учун ҳам ҳурматли Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2023 йилни мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилдилар.
Биз – ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган ўқитувчи ва мураббийлар буни таълим ва тарбия соҳасига берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси сифатида қабул қилмоқдамиз.
Куни кеча пойтахтимизда устоз ва мураббийлар билан ўтказилган самимий ва очиқ мулоқотда зиммамиздаги вазифаларни янада чуқур ҳис этдик.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг муаллим ва мураббийларнинг мавқеини кўтариш, ўқитувчилик мақомини Конституциямизда мустаҳкамлаш ҳақидаги фикрлари кучимизга – куч, ғайратимизга – ғайрат қўшди. Ўзбекистон муаллим ва мураббийлари ҳеч қачон бундай юксак эътиборга, қулай шароитларга эга бўлмаган.
Тошкент шаҳрининг ўзида сўнгги йилларда кўплаб мактаблар бутунлай янгича қиёфага эга бўлди. Педагоглар фаолияти учун янги-янги имконият ва шароитлар яратилмоқда. Келгуси ўқув йилидан барча мактабларда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантиришни йўлга қўйиш ташаббуси ҳам инсон қадрини улуғлаш аввало мактабдан, таълим тизимидан бошланаётганини кўрсатади.
Бундай улкан ижобий ўзгаришлар бутун мамлакатимизни қамраб олмоқда.
Дунёда чуқур инқироз давом этаётган ўта мураккаб бир даврда таълим соҳаси учун бундай катта маблағлар ажратиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, Президентимиз халқимиз, фарзандларимизнинг тақдири ва келажагини ўйлаб, соҳа ривожи учун барча имкониятларни яратиб бермоқда.
Биз – педагог ходимлар бундай ғамхўрликка жавобан бебаҳо бойлигимиз бўлган ҳар бир болани – бу менинг болам, деб Янги Ўзбекистон бунёдкори этиб тарбиялашга бор билим ва салоҳиятимиз, куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз.
Азиз ота-оналар!
Барчамиз яхши тушунамизки, таълим-тарбия сифатини ошириш, фарзандларимизнинг мактабда камида иккита чет тилини, компьютер ва касб-ҳунар асосларини ўрганиб чиқишини таъминлаш барчамиздан биргаликда ҳаракат қилишни талаб этади. Айниқса, болаларимиз учун келгуси ҳаёт йўлини танлашда 11-синфдаги шаклланиш даври муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Ҳеч шубҳасиз, бу борада устозлар билан бирга ота-оналарнинг ҳам бурчи ва вазифаси муҳим эканини унутмаслигимиз зарур. Муқаддас ислом динимизда ҳам фарзандга яхши таълим ва тарбия бериш ота-онанинг биринчи галдаги вазифаси экани алоҳида таъкидлангани албатта бежиз эмас.
Шунинг учун ҳам ота-оналар ва ўқитувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришимиз лозим. Келгусида янги авлод тарбиячиси бўладиган қизларимизни замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаган, дунёқараши кенг инсонлар этиб тарбиялаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши керак.
Бир сўз билан айтганда, инсон қалби ва онги, аввало, фарзандларимиз ҳаётига нисбатан хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали замонда навқирон авлодимиз таълим-тарбиясига бир лаҳза ҳам лоқайд қарашга мутлақо ҳаққимиз йўқ.
Ўғил-қизларимизни мамлакатимизда юз бераётган туб ўзгаришларнинг қадрига етиб, бу жараёнда фаол иштирок этадиган чинакам ватанпарвар инсонлар сифатида вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг нафақат орзуси, балки амалий ҳаракатига айланиши лозим.
Доимо ёдда тутишимиз шарт: тарбия бу – аввало билимни болага меҳр, эътибор ва ғамхўрлик орқали сингдириш демакдир.
Шу асосда ёш авлодни эл-юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш учун мактаб – оила – маҳалла ҳамкорлигини амалда йўлга қўйишимиз керак.
Халқимиз ва Ватанимиз олдидаги масъулиятимизни чуқур англаган ҳолда, бу йўлда барчамиз ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилсак, ҳеч шубҳасиз, миллий таълим-тарбия тизимини албатта янги сифат босқичига олиб чиқамиз, бу борада кўзлаган мақсадларимизга етамиз.
Қадрли ватандошлар!
Бугун ҳаётнинг ўзи маърифатпарвар боболаримиз айтган фикрлар нақадар тўғри эканини исботлаб бермоқда: “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – илмда, нажот – муаллимда”.
Энг муҳими, ҳар бир ота-она, бутун халқимиз қалбидаги орзу-интилишларни ифода этадиган бу сўзлар ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, фаолиятимиз мезонига айланиши зарур.
Президентимизнинг таълим-тарбия соҳасидаги стратегиясини амалга ошириш учун бор билим, тажриба ва куч-ғайратимизни сафарбар этсак, шу олижаноб ишга муносиб ҳисса қўшсак, буюк аждодларимиз ва келажак авлодлар олдидаги бурчимизни шараф билан адо этган бўламиз.
Тошкент шаҳри ўқитувчи ва мураббийлари