islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Маърифатли она – СИФАТЛИ ТАЪЛИМ дебочаси Иккинчи мақола

Давлатимизда 2023 йилга берилган номнинг таркибида “сифатли таълим” жумласи мавжуд бўлиб, бундан мақсад етишиб келаётган авлоднинг таълимига янада эътиборни кучайтириш, мавжуд муаммоларнинг негизини топиб, уни ижобий бартараф этиш назарда тутилган.

Шу мавзудаги биринчи мақоламизда бу муаммо тарозининг биринчи палласи ҳақида сўзлаган эдик, яъни сифатли таълимнинг дебочаси – бу оиладаги муҳит эканлиги таъкидланган эди. Оилада эътибор қилиниши керак бўлган  муҳитни олти қисмга бўлиб кўриб чиққан эдик, яъни:

  1. Фарзанд дунёга келадиган оиланинг руҳий-маънавий ҳолати.
  2. Фарзанднинг мулк эмас, шахс эканлигини англаниши.
  3. “Мустақил таълим олиш” пойдеворини қўйиш.
  4. Фарзанднинг руҳий-маънавий тарбияси.
  5. Фарзанднинг камоли йўлида моддий таъминот зарурати.
  6. Ташқи таълимни тўғри танлай билиш.

Бугунги мақоламизда яна тарознинг биринчи палласи – оила муҳитига тегишли масалани кўриб чиқишни жазм қилдик. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, оиланинг маърифат устуни бўлган – оналар ҳақида.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли учун, насаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар”. (Бешовлари ривоят қилганлар)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан англашимиз мумкинки, аёл оиланинг пойдеворини бунёд этадиган, янги оила деб аталмиш қўрғон қандай  ҳолатда шаклланишининг бош омилидир. Албатта, оиланинг устуни – эркак киши ҳисобланади. Она эса ота билан оиладаги ҳолат ва фарзандлар ўртасидаги кўприк ҳисобланади. Кўприк қанчалик мустаҳкам бўлса, икки қирғоқдагилар ўртасидаги алоқа шунчалик сифатли ва бардавом бўлади ҳамда ундан кўзланган натижани беради.

Аксар оилаларда ана шу масала оқсаётганлиги сабабли шунга тўхталиб ўтишга жазм қилдик. Ҳозирги ўзбек оилаларида аёлнинг ўрни қай аҳволда ҳамда аслида қандай бўлиши керак?

Аёл зоти ўз ҳаёти давомида ҳар хил образда ўзини намоён қилади: қиз, сингил, опа, келин, рафиқа, она, қайнона ва буви. Ҳар бири ўзига хос масъулият ва мажбуриятларни ўз ичига олади. Аёлнинг ҳар бир образи оиланинг маърифат устуни қай даражада бўлишини белгилайди. Афсуски, ана шу ўлчовлар бизнинг ижтимоий ҳаётда оқсаб келмоқда ва бу бевосита сифатли таълимга эришиш йўлидаги тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Хонадонда янги оила барпо бўлиб, янги келин келар экан, бунга ота-она, аксар ҳолларда оналар навбатдаги орзу-ҳавасларни амалга оширадиган восита сифатида қарайдилар ва келин мана шу образда ҳаётининг ўртача беш йилини ана шу ҳою-ҳавасларнинг қўғирчоғи ва қурбони сифатида яшаб ўтказиб юборади. Ваҳоланки, ана шу беш йил, агар келин Аллоҳнинг фазли билан фарзандлик бўладиган бўлса, фарзанднинг тарбиясида илк ва энг муҳим пойдеворлар қўйиладиган давр ҳисобланади. Ўзлиги бўлмаган келин қандай қилиб бошқа бировга нимадир бериши мумкин?

Энди, қаранг, бу масалани кўриб чиқиш мақсадида бироз орқага қайтамиз. Қиз бола ота-она уйида яшар экан, полапон ўз инида бехавотир ва беташвиш, барча масъулият она қушнинг зиммасида бўлгани каби, у ҳам тўла-тўкис ота-онасининг бағрида, уларга суянган ва орқа қилган ҳолда яшайди. Қиз фарзанднинг бошқа хонадонга узатиб юборилиши – полапоннинг учирма бўлишига ўхшайди. Ўз уйида онасининг зўр тарбиясини олган ва ҳар қандай юмушларни маҳорат билан бажаришга ўрганган ҳар қандай қиз янги хонадонга келганда, албатта унга мослашиш ва кўникма ҳосил қилиши учун унга янги бир устоз керак бўлади. Ана шу устоз – ҳурматли қайноналаримиз бўлишади.

Қайнона сўзининг ўзагида бежизга “она” сўзи жамланган бўлмаса керак. Янги оила қурилган илк даврда қайнонажонга катта масъулият юкланади. Ана шу даврда қайнонажоннинг келинни ўз оиласида ўрнашиб кетиши ва ўз измига солиб олиши йўлидаги мустаҳкам иймони, сабр, кўрсатадиган матонат ва жасорати янги оиланинг мустаҳкам илдиз отишига замин яратиб беради. Ёки, аксинча келинни ўз хонадонида, яъни “шахсий ҳудуди”да пайдо бўлган рақиб аёл, хизматкор ва ҳою-ҳавас воситаси деб қабул қилган қайнонажон эса янги оиланинг пайдо бўлмасидан пароканда бўлишига сабаб бўлади. Нимага энди, ҳаммасига қайноналарни айбдор қилиб кўрсатасизлар, дейишингиз мумкин. Ҳа, айбдорлар, чунки юқорида таъкидлаганимиздек, қайнона, яъни катта ҳарфлар билан АЁЛ ўз оиласининг маърифати ҳисобланади.

Янги оила – бу, авваламбор орзу-ҳавас, олдидаги ўзининг ҳаёти учун бир дунё режалар тузган, уларни амалга оширишга ошиқаётган ва ҳаётининг энг ширин дамларини бошидан ўтказаётган икки жон. Қолаверса, жамиятда яралган яна бир соғлом ҳужайра ҳисобланади. Уларнинг ҳам ўз янги оиласи ва бўлажак фарзандларига доир орзу ва режалари бўлади. Ўз фарзандларида ўз орзуларини амалга оширмоқчи бўлган ота-оналар бу йўлда на ўз орзуларига тўлалигича эришадилар ва янги оиланинг келажагига футур етказиб қўйишлари ҳавфи бор. Албатта, ота-она янги оиланинг бунёд бўлишида катта ўрин тутадилар – бу эса улар ўз фарзандлари учун ўзларининг ҳаёт малакалари билан намуна бўлишларида ва тўғри йўлбошчи бўлишларида намоён бўлиши керак. Ҳар бир инсон ўзининг даврида туғилади ва у ўша даврнинг тутимларига кўра яшаб ўтиши керак. У ўзидан катталарнинг ҳаётини такрорлашга мажбур эмас.

Асосий мақсадга, яъни бош муаммога келадиган бўлсак, янги келин янги хонадонга келганидан бошлаб ҳаётининг асосий қисми атрофидаги ҳамманинг хизматини қилиш ва рози қилиш билан ўтади. У фарзандни ҳам улар учун дунёга келтиради. Тарбиячи ҳамма бўлади, илло ўз онаси эмас. Эҳҳее, давом эттираман, десак, гап кўп. Фикримизни нотўғри тушунманг – муқаддас Ислом динимиз шариатига мувофиқ катталарга ҳурмат, Аллоҳ розилиги учун хизмат қилиш, қолаверса “ўзбекчилик”даги барча ижобий йўл-йўриқлар ҳақида сўзлаётганимиз йўқ. Инсоний ҳуқуқларнинг поймол қилиниши, одамгарчилик ва ҳар бир ишда меъёр ва чегара бўлиши кераклиги ҳақида сўз бораяпти. Халқ орасида ҳазил тариқасида бўлса ҳам, “У ҳам одамми, келин-ку?!”, “Хонадоннинг итига ҳам сизлаб мурожаат қилади”, деган гаплар бежизга эмас.

Янги хонадонда ўзини тўлақонли бир шахс сифатда ҳис қила олмайдиган, ўз устида ишлашига вақт ажрата олмайдиган келиндан фарзанд тарбияси, уни маърифат билан тўйинтириш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Боласи кўпроқ ухлаб берса-ю, буюрилган бир дунё ишларни қилиб олишга улгурса, фарзанди куни билан телефон ёки компьютер ўйнаб ўтирса ҳам, жим ўтирса. Бундай мисоллардан бисёр келтириш мумкин. Ҳа, нима қилсин келин, ахир айтилган ишларни қилмаса, бошида ёнғоқ чақилса… Қандай тарбиячини ва тарбияланувчини кутаяпсиз бундай муҳитдан? Ана кейин фарзанд каттароқ бўлиб, кутилган натижа бўлмаганда, “Сен ўзи кимга ўхшадинг!” каби даъволар бўлади камига. Энг ташвишга соладигани шуки, бу нарсанинг олди олинмаса, бу иллат хонадонда давом этаверади, кейинги ва кейинги авлодга ўтиб бораверади.

Бу иллатнинг ечими аллақачон равшан бўлди, деб ўйлаймиз. Юқорида санаб ўтилган аёл киши образининг охирида, яъни энг чўққисида турган қайнонажон ва бувижонларда қолган гап. Уларнинг маърифатли бўлишлари ва тўғри йўл кўрсатиб соғлом оиланинг шаклланишига йўлбошчи бўлишлари кўплаб муаммоларга ечим топган бўлар эди. Янги оилага ҳою-ҳавас воситаси эмас, балки мустақил кичик бир жамият яралгандек ҳамда икки ёшга янги авлоднинг тарбиячиси сифатида муносабатда бўлинса, катталар эса ўзларининг ҳаётий малака ва доноликлари билан уларга йўлбошчи бўлсалар, биз кутаётган сифатли таълимга эришишга асосли пойдевор бўлган бўлар эди.

“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси

Саодат Валиева

369070cookie-checkМаърифатли она – СИФАТЛИ ТАЪЛИМ дебочаси Иккинчи мақола

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: