Намоз диннинг устуни ва мўминнинг меърожи эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу баракоти ҳам баланд.
Намоз бир кунда беш марта фарз қилингани билан у мўмин банда онадан туғилганидан бу дунёни тарк этгунича ҳамроҳ бўлади. Масалан, бола туғилиши билан унинг чап қулоғига такбир, ўнг қулоғига азон айтилади. У ҳали эсини танимай туриб, атрофидаги кишилар намоз ўқиётганларини кўради.
Кейинчалик балоғатга етгач, беш вақт намоз унга-да фарз бўлади. Шу тариқа бу амалнинг ҳузурини ҳис этган кишилар қатори нафл намозлари ўқишга ўтади. Нафл намозларнинг тури кўп.
Икки ракат ишроқ – қуёш чиқишидан кейинги намозни ўқиганлар кейинроқ зуҳо – чошгоҳ намози ўқийдилар. Кечаси туриб таҳажжуд намози ўқишнинг фазилини эса, айтиб тугатиш қийин.
Бундан ташқари турли муносабатлар билан ўқиладиган махсус намозлар бор. Аллоҳга ҳожати тушган банда ҳожат намози ўқийди. Бирор ишни қилиш ёки қилмасликни билмай қолган одам эса, икки ракат истихора намоз ўқигувчилар бор.
Тавба қилишни ирода этган киши шунга атаб намоз ўқиса, афзал саналади. Қурғоқчилик мўмин бандаларни ташвишга солганда эса, истисқо намоз ўқиб, серобчилик сўрайдилар.
Шунингдек, мўмин бандалар қуёш ва ой тутилса, кусуф ва хусуф намозлари ўқиганлар. Никоҳ тўйи куни эса келин-куёв бир-бирлари билан учрашувларидан олдин икки ракат намоз ўқимоқлари азал-азалдан фазилатли саналган. Ҳайит кунлари эса, барча мўминлар ийд намозлари ўқийдилар.
Вақти-соати етиб, мўмин банда вафот этса унга жаноза намози ўқилади. Хулласи калом, мўмин банда бешикдан қабргача намоз билан, ибодат билан умргузаронлик қилади.
Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига банда шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп.
Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситаси. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодатла руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир. Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўл бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз қилувчини Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.
Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга, эга бўлади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзал бўлиб, намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди, куч жамоатда бирликда эканини англатади, ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради[1].
Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган энг муҳим омил. Намозда бандалар ким бўлишидан қатъи назар, бир жойда, бир сафда туради бир хил амални бажарадилар ва Аллоҳ таологагина банда эканлари изҳор этадилар.
Бандаларнинг намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниши, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади. Ҳатто жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар[2].
Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар.
Намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.
Шу сабабли намоз ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлисидир. Намоз арабчада (الصلاة) луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади. Шариатда эса талаб қилинган шартлар асосида такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган ибодат «намоз» дейилади.
Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан (Ясриб, яъни Мадина шаҳрига кўчишларидан) бир ярим йил олдин фарз бўлган. Беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намознинг фарзлиги Қуръон, суннат, ижмоъ билан жорий бўлган. Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарздир.
Намоз – Ислом динининг иккинчи рукни, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз саналади. Намозни масжидларда жамоат билан ўқишнинг алоҳида фазилати ва афзаллиги бор. Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Қуръони Каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар намоз ўқишга тарғиб қилинган, намоз мусулмонликнинг асосий белгиларидан, Исломнинг муҳим рукнларидан экани зикр этилган. Қуръони Каримнинг олтмиш беш оятида намоз киши иймонининг далили экани зикр этилиб, мўминлар намозни тўкис адо этишга, намозларини муҳофаза қилишга буюрилган. Қолаверса, намоз поклик рамзи. Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.
Аллоҳ таоло:
فَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباً مَّوْقُوتاً….[3]
«Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», (Нисо сураси, 103-оят, мазмун)
Бу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг бири бўлиб, ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.
«Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир», (Анкабут сураси, 450-оят, мазмун)
Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга, оятда намознинг ҳикматларидан бири, ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши таъкидланмоқда.
Ҳадис шарифларда ҳам намознинг шаъни ва қадри ҳамда фазилати борасида ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
– عَنْ أَبِي قَتَادَةَ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: إِنِّي افتَرَضْتُ عَلَى أُمَّتِكَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ وَعَهِدْتُ عِنْدِي عَهْدًا أَنَّهُ مَنْ جَاءَ يُحَافِظُ عَلَيْهِنَّ لِوَقْتِهِنَّ أَدْخَلْتُهُ الْجَنَّةَ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهِنَّ فَلاَ عَهْدَ لَهُ عِنْدِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси қудсийдир. Чунки уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар.
Ушбу ҳадиси қудсуйдан олинадиган фойидалар:
- Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига беш вақт намоз фарз қилгани;
- Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, Аллоҳ таоло уни, албатта, жаннатга киритиши;
- Ким беш вақт намозни ўз вақтида яхшилаб ўқимаса, унга Аллоҳ томонидан яхши ваъда бўлмаслиги айтилган.
–عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ؟ قَالُوا: لَا يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ، قَالَ: فَذَلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الْخَطَايَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.
«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар»[4].
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: ҳадиси шарифдан намознинг фазилати ва гуноҳларнинг ювилиши бобида тутган ўрни яққол аён бўлмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маънони яхшироқ тушунтириш учун мисол келтирлар.
Бировнинг эшиги олдидан анҳор оқиб турсаю, у одам ўша анҳордан ҳар куни беш маҳал ювиниб турса, кир қолмаганидек, ҳар куни беш марта намоз ўқиган одамнинг гуноҳлари ювилиб, унда гуноҳ ҳам қолмайди[5].
Ким бир вақт намозни ўқимаса, унинг гуноҳларидан бир қисми тўкилмай, баданида кир қолади. Икки вақтни ўқимаса, яна ҳам кўпроқ қолади ва ҳоказо. Бир кунги намозларини ўқимаса, анчагина кир тўпланади. Бир ҳафта ўқимаса, бир ой ўқимаса, бир йил ўқимаса нима бўлиши маълум. Бир умр ўқимаганлар эса, бир умр ювинмаган одамдан кўра бир неча миллион марта жирканч ҳолга келади. Чунки бадан кири моддий кир. Намоз ўқимаганнинг кири эса маънавий руҳий кирдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1.Шаръий масалаларни тушунтириш учун шундай ёрқин мисоллар келтириш яхшилиги;
- Намознинг ўта фазилатли эканлиги;
- Намоз туфайли банданинг гуноҳлари ювилиши[6].
Динимизда намозга киришишдан аввал бир қанча амалларни бажариш талаб этилади:
- Аввало намоз вақтининг кирган бўлиши;
- Баданнинг пок бўлиши;
- Кийимниг пок бўлиши ва аврвтларнинг тўсилган бўлиши;
- Қиблани топиши;
- Ният;
- Ўз вақтида ўқиш.
Энди эса намозни комил адо этиш учун фарз қилинган қилинган амалларга тўхталсак:
- Такбири таҳрима (Намоз аввалида айтиладиган, дунё ишларини ҳаром қилувчи «Аллоҳу акбар» сўзи);
- Қиёмда туриш;
- Қироат қилиш;
- Руку;
- Сажда;
- Қаъдаи охир (ташаҳҳуд миқдорида ўтириш).
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов
[1]Муҳаммад Али ас-Сайис – Тафсиру Аятил Аҳкам Матбаъату Муҳаммад Али Субайҳ. –Б. 258.
[2]Муҳаммад Али ас-Сайис – Тафсиру Аятил Аҳкам Матбаъату Муҳаммад Али Субайҳ. –Б. 179.
[3] Нисо: 103
[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳилол Нашр. –Б. 46.
[5]Молик ибн Анас ал-Асбаҳий ал-Хумайрий. Муватаъулимами Малик. Доруннафаис. Байрут. –Б. 245.
[6] Муҳаммад Али ас-Сайис – Тафсиру Аятил Аҳкам Матбаъату Муҳаммад Али Субайҳ. 224-бет.