Болалар орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифаси ва болаларнинг ҳаққидир.
Ислом адолат динидир. У доимо барча нарсада, барча ерда, барча учун адолат бўлишининг тарафдоридир. Айниқса, ёш болалар учун. Шунинг учун ҳам ота-оналардан болалари орасида адолатли бўлишлари талаб қилинган. Бу болаларнинг тарбиясига ҳам, шахсиятига ҳам катта таъсир кўрсатади.
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нуъмонга ўз молимдан буни, буни бердим», деди.
«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у зот.
«Йўқ», деди.
«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил, – дедилар ва сўнгра: – Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Ундай бўлса, йўқ (гувоҳ бўлмайман)!» дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.
Агар шаръий сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади.
Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз ва ҳоказо.
Иброҳимдан ривоят қилинади:
«Одамлар болалари орасида, ҳатто ўпишда бўлса ҳам, адолат қилишни яхши кўрар эдилар».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Адолатсизлик бўлиб қолмасин, биттасини кўпроқ ёки яхшироқ ўпиб қўйиб, иккинчисининг кўнгли синмасин, деган маънода ота-оналар болаларига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муомала қилар эдилар.
Саҳобалар ва тобеъинларнинг одатлари шундай бўлган экан. Болаларга нисбатан адолатли, ҳаммаларига бир хил муносабатда бўлиш, ҳаммаларини бир хил кўриш зарурлигини яхши англаган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ҳаттоки болаларини ўпишда ҳам адолат бўлиши учун ҳаракат қилишар экан.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эди. Унинг бир ўғли келди ва у уни ўнг сонига ўтирғизди. Кейин бошқа ўғли ёки қизи келди, уни ерга ўтирғизди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковига тенг муомала қилганингда эди», дедилар.
У унисини ҳам сонига ўтирғизди».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Болаларнинг муомаласидаги адолат қанчалик бўлиши кераклиги ушбу ривоятда очиқ кўриниб турибди.
Болаларидан бирини қучоғига олиб, бошқасини ерга ўтирғизиш адолат бузилганининг аломати эканидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам отага насиҳат қилдилар. Саҳобий розияллоҳу анҳу дарҳол ана шу амрни бажо келтириб, иккинчи болани ҳам қучоғига олди.
Ушбу ҳақиқатларни ҳам жуда яхши англаб олишимиз керак. Болаларимизга қиладиган катта-кичик муомалаларимизда адолатли бўлишимиз, ҳаттоки уларни ўпиш ёки қучоғимизга олишда ҳам бу ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим.
Абдулазиз ибн Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинади:
«Умар ибн Абдулазизнинг Каъб қабиласилик хотинидан ўғли бор эди. У ўша ўғлини яхши кўрар ва ўзи билан бирга уйида олиб ётар эди. Бир кеча унинг олдига бордим.
«Абдулазизмисан?» деди у.
«Ҳа», дедим.
«Сени қайси ёмонлик келтирди? Кир!» деди.
Кириб, Шозкуниянинг олдига ўтирдим. У намоз ўқиётган экан. Қаттиқ титраб кетди. Тирноғининг учидан сочигача титради. Мен бирор оятни ўқиб ўтди шекилли, дедим. Кейин рукуъ қилди. Олдимга келиб:
«Сенга нима бўлди?» деди. Мен унга:
«Ҳой киши! Ҳорисиянинг ўғлига бизга қилмаган муомалани қиляпсиз», дедим.
«Буни сенга биров ўргатдими?» деди.
«Йўқ», дедим.
Яна қайтариб сўради. Мен ҳам гапимни қайтардим.
«Ётоғингга қайт», деди.
Мен қайтиб кетдим. Мен, Иброҳим, Осим ва Абдуллоҳ бир ётоқхонада ётар эдик. Шу пайт биров кўрпа-тўшак кўтариб келаётганини кўриб қолдик. Қарасак, Ҳорисиянинг ўғли экан.
«Сенга нима бўлди?» дедик.
«Сен нима қилган бўлсанг, шу бўлди!» деди.
Нуъайм:
«Унга жабр бўлишидан қўрқди», деди.
Абдулазиз:
«Умар ҳовлидан узоққа чиқмас эди. Илло, Аллоҳ истаганича», деди».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтирғиздилар. Бола у зотнинг кийимларига бавл қилиб юборди. Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифни ўрганар эканмиз, кичкина ўғил бола кийимга бавл қилиб қўйса, нима қилиш кераклиги билан бирга, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мутавозелик, меҳрибонлик, одамохунлик каби юксак инсоний фазилатларга эга эканликларига гувоҳ ҳам бўламиз.
Мадиналик мусулмонлар ўзларининг гўдак болаларини доимо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларни қўлларига олар, ўпиб-эркалар, танглайларини кўтарар ва ҳақларига дуо қилар эдилар.
Кунлардан бир куни Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳо «ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди».
Яъни, гўдак онасини эмар эдию, ўзи таом ейдиган ёшга етмаган эди. Бу васфни зикр қилишдан мақсад ҳукмнинг қандай бўлишига таъсир қилади. Чунки фақат сут эмаётган ўғил бола билан таом ейдиган ўғил бола орасида фарқ бор. Уларга боғлиқ ҳукм икки хил бўлади.
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар».
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги болани қучоқларига олиб ўтирдилар.
«Бола у зотнинг кийимларига бавл қилиб юборди».
Ҳамма болаларнинг одати каби, Умму Қайснинг ўғилчаси ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини ҳўл қилиб қўйди.
«Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар».
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув олиб келишларини сўрадилар ва сувни олиб, бола бавл қилган жойга сепдилар. У жойни ювиб, сўнгра сиқиб ташламадилар.
Бошқа бир ривоятда «Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.
Яъни, боланинг пешоби теккан жойга сув қуйиб қўйганлар, холос.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Эмизикли ўғил боланинг бавл қилган жойига сув қуйиш мумкинлиги.
2. Эмизикли бўлмаган боланинг пешоби нажаслиги (баъзи уламолар «нажас эмас», деганлар).
3. Кичик болаларга шафқатли ва меҳрибон бўлиш кераклиги. (Бу ишда мўмин-мусулмонларга сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш гўдакларни қучоқларига олар, лутф кўрсатар, ўпиб-эркалатар, ҳатто гўдаклардан баъзилари кийимларига бавл қилиб юборса ҳам аччиқланмас эдилар).
4. Ёш гўдакларни тақводор, аҳли фазл ва солиҳ кишиларга олиб бориб, дуоларини олиш яхши эканлиги.
Бу ривоят болаларнинг орасида адолат, эркинлик ва ҳаммаларининг бир хил вазиятда ўсиб боришларини таъминлаш муҳимлигини кўрсатади.
Баъзи ҳолатларда Умар ибн Абдулазиздек улуғ зотларда ҳам турли сабабларга кўра ушбу ривоятдагига ўхшаш нуқсонлар содир бўлиб туради. Аммо улуғларнинг улуғлиги ўзидаги нуқсонни англаб етиши билан дарҳол уни тузатишларидадир. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи кичик ёшдаги ўғлидан ўзининг фарзандлари орасидаги муомаласида адолатсизликка йўл қўйгани ҳақида танбеҳ ва шикоят эшитди. Аммо болага: «Бор, йўқол! Сен зумраша нимани ҳам билар эдинг!» демади. Аксинча, дарҳол нуқсонни тўғрилади.
Бундай улуғвор ишлар барчамизга ўрнак ва намуна бўлиши, барчамиз уларга амал қилишимиз лозим.
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом хатиби,
модул таълим тизими талабаси Суфиев Жаъфархон