islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби (2-қисм)

الحمد لله و الصلاة و السلام على رسول الله و على آله و صحبه و من والاه. أما بعد:

Ўтган дарсимизда Имом Абдуллоҳ ибн Муборак билан бўлган Тарсус воқеаси зикр қилинди. Шу ўринда Тарсус шаҳри тарихига назар солиш мақсадга мувофиқ. Ахир ушбу шаҳар ўз вақтида ҳадис марказларидан бўлган.

Тарсус. Ҳозирги Туркия. Ислом тарихида Шом диёри. Константинопль ҳам бу жойлар қатори Рум империяси йирик пойтахти, ҳудиди, Ислом фатҳи чегараси бўлганидан доимо диққат марказида турган. Қолаверса, Қустантинияни фатҳ қилиш ва бу орқали ғарбга Исломни ёйиш умиди бўлган. Табиийки, бу фатҳ денгиз йўлисиз амалга ошмасди. Тарих зарварақларига Қустантиния фотиҳи деган шарафли номга Муҳаммад фотиҳ Аллоҳнинг изни ила сазовор бўлгани битиб қўйилгани маълум ва машҳур. Фатҳ денгиз орқали амалга оширилган. Муҳаммад фотиҳнинг бу ишига сув кўп халал берган. Чунки Константинопль сувнинг бўйида қурилганди. Мустаҳкам қалъа ва деворлар билан ҳимояланганди. У томонга ҳаракат бошланиши билан улар денгизга нефть тўкиб юборишар ҳамда устидан ўт ёқиб, фатҳга ҳаракат қилганларни мағлуб этишарди. Олдидан кема билан боришнинг иложи бўлмагач, султон Муҳаммад ҳам орқа тарафдан қуруқликдан кемани юрғазиб, уларга билдирмай ҳужум қилган ва фатҳни қўлга киритган.

Ўқувчини: «Нима, аввалгилар ҳаракат қилмаганми, Муҳаммад фотиҳгача ўтганларнинг бу ишда ҳиссаси йўқми», каби саволлар қизиқтириши мумкин. Албатта, бу саволларга ҳа деб жавоб бериш, ислом тарихига хиёнат қилиш демакдир. Чунки фатҳга ҳаракат Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлариданоқ бошланган. Муовия розияллоҳу анҳу шомга волий бўлибди ҳамки, халифага бориб кема ясаш, денгиз флотини қуриш таклифини билдиради. Араб яримороли, Ҳижоз аҳли – буларнинг бари қуруқлик шерлари. Улар учун денгиз, сув устида жанг қилиш тамомила бегона. Сувдан, боринг ана, мисрликлар, шом вакиллари, искандария аҳолиси хабардор бўлса бордир. Араб жазираси учун эса сув ёт!

У пайтлар Форс фатҳ бўлди. Ироқ, Хуросонга қадар етиб боришди. Шом ҳам, Ироқ ҳам буткул Ислом фатҳи олдида таслим бўлди. Муовия розияллоҳу анҳу ҳам халифадан кемасозликни йўлга қўйишни фатҳ мақсадида сўрадилар. Чунки бу масала мусулмонларга оғриқли масала бўлиб турганди. Форс империяси Ироқни мустамлака қилганди, у билан ҳижозга таъсир қилиб турарди. Сабаби Ҳижозда, тожли бир султонлик ёки бир кишига бўйсунадиган ҳокимиятнинг ўзи йўқ эди. Халқ қабила, уруғ шаклида яшарди. Мана вазиятни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Энди бояги гапга қайтсак. Таклиф нима бўлди? Умар розияллоҳу анҳу ўша пайт Мисрнинг волийси бўлган Амр ибн Осга мактуб йўллаб денгиз ҳақида, унда жанг қилиш маҳорати тўғрисида сўраб мактуб йўллайди. Волийдан эса қуйидагича жавоб хати келади:

«Мадинадаги мусулмонлар ва денгиздаги кеманинг мисоли худди дарёга бир кичкина новда тушиб, унга осилиб турган чумолига ўхшайди. Бояги новда ағдарилди дегунча, зум ўтмай ҳашарот ҳам ҳалок бўлади».

Вазиятни англаган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Тажриба қилинмаган иш учун мен мусулмонларнинг жонини таҳликага қўя олмайман», деган қарорга келди. Бу зотнинг халифалик даври ана шу зайл давом этди.

Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлган кезлар флот масаласига рухсат берилади. Шунда ислом тарихида илк флот Муовия розияллоҳу анҳу бошчилигида қурилади.

Ҳазрати Усмон даврига келганда руҳсат берилади. Ҳазрати Муовия денгиз флотини қурганлар. Биринчи қурган киши шу киши бўлади Ҳазрати Муовия. Ҳаа. Қонида бор-да! Отаси ким? Кимсан Абу Суфён! Қурайшнинг бану Абдушшамс саййиди, қурайш зодагонлигига мутлақ даъвогар. Шернинг боласи шер бўлади-да!

Кейинчалик Муовия розияллоҳу анҳу 20 йиллик халифалик даври мобайнида ҳам Константинопльни фатҳ қилишга, уни заифлаштиришга ҳаракат қилганлар. Хусусан бу пешона терлари ортидан Қибрис(Кипр) оролини фатҳ қилишга эриша олган. Мана бу дебочалар, тамал тошлари таъсирида кейинчалик Умавийлар давридан, аниқроқ қилиб айтганда, Сулаймон ибн Абдулмалик номли шахсият бошқарувида ёппасига «ётиб олиб» Византия(Рим империяси)ни фатҳ қилишга оммавий ҳаракат бўлган. Шомда чегарага яқин ҳудудда, пойтахт Дамашқдан чиқиб Дабиҳ деган жойда муаскар тузиб, қишин-ёзин ғазот қилганлар. Бир уларнинг фойдасига, бир гал эса мусулмонларнинг. Шу тарзда амалга оширилган ишлар гўёки кейин келадиган Фотиҳ Муҳаммад учун муқаддима, тайёргарлик вазифасини ўтаган.

Шу ўринда бир нуқтага эътиборингизни қаратмоқчиман,  араб жазирасига денгизда жанг санъати бегона бўлганини юқорида таъкидладик. Энди қарангки, Константинопль ҳозирги Туркия ҳудудида жойлашган. Арабистон яриморолидан иқлими фарқ қилиши, табиий. Византия ҳудудида қиш, ёзи бор. Умавийлар шунинг эътиборидан алоҳида қишки ва ёзги қўшин тузишди. Қарангки, қишги қўшин учун алоҳида тайёргарлик, ёзги қўшин учун ҳам ўзига хос ҳаракат. Шу тарзда давом этиб Сулаймон ибн Абдулмалик охири Дабиқда, ўша муаскар (ҳарбий полигон)да вафот этди. Умри поёнига етиши олдидан валиаҳд сифатида Умар ибн Абдулазиз номини зикр қилиб, вазири  Рожа ибн Ҳайвага маҳфий ҳолатда мактуб ёзиб қолдиради. Демак, Умар бин Абдулазиз ҳам ўша ерда бўлганлар. Шу тарзда вазир барча амир, волийларни бир жойга тўплаб, хатни очадида: «Мендан кейин Умар ибн Абдулазиз халифа бўлсин», деган буйруқни ўқиб эшиттиради ва ҳаммага байъат олдиради. Халифа бўлган Умар ибн Абдулазиз ички ислоҳот ўтказиш, мусулмонларнинг ишларини яхшилаш мақсадида хилофотининг аввалги дақиқалариданоқ  бутун қўшинни қайтариб, ғазот амалиётини тўхтатади. Қабул қилинган тўғри қарорнинг самараси ўлароқ атиги 2,5 йил давом этган халифалик  муддатида мисли кўрилмаган ютуқлар қўлга киритилади. Халифаликнинг истиқболи аббосийлар бошқаруви билан давом этади.

Таъкидлаш керакки, Ҳорун ар-Рашид даврига келиб Константинопль ҳамда мусулмонлар ўртасидаги ҳолат шундай даражага чиқдики, мусулмонлар шу қадар азиз бўлдики, хатто Нақфур (Константиноплнинг ўша вақтдаги подшоҳи) йиллик тўлов орқали мусулмонлар билан ҳисоб китоб қилиш йўли билан кун кечирган. Уларнинг мусулмонларга нисбатан муомаласи: «Бизга тегмасаларинг бўлгани, ҳамма нарсага тайёрмиз», қабилида бўлган. Иш шу даражага етиб боргани ҳақида тарихий фақт билан гапимизни далиллаб кетсак мақсадга мувофиқ бўлади:

«Нақфур(Nikephoros) тахтга келишидан аввал бошқарув аёл киши-Ирина қўлида бўлган. У Ҳорунга йиллик ўлпон тўлаш асосида эмин-эркин яшаб юрарди. Орадан вақт ўтиб, ҳокимият тепасига Нақфур келгач Ҳорун ар-Рашидга мактуб ёзди: «Мендан олдин тахтга заифа бир аёл ўтирди ва у халқимнинг пулини сенга берибди. Энди олганларингнинг барини менга қайтариб юбор!!!». Бу исённома халифага етиб бориши билан Ҳорун мактубнинг орқа тарафини ўгириб, қуйидагича жавоб юборди:

«Мен ким Ҳорун ар-Рашид Аллоҳнинг бандаси, мўъминларнинг амиридан Румнинг лайчаси Нақфурга. Эшитганинг эмас кўрганинг бўлади!»

Бу билан халифа мен сен билан пачаклашиб ўтирмайман, нима бўлишини кўзинг билан кўрасан энди, деган маънода ёзган жавоб мактубининг кетиданоқ қўшинни оёққа турғизиб ўзи ҳам дарҳол йўлга тушди. Қўшинга халифанинг ўзи қўмондонлик қиларди. Шу зайл ислом байроғи остида ҳаракатланаётган бу «арслонлар» Константинопль томон йўл юришди. Шу тариқа бориб Нақфурни тавбасига таянтириб ортга қайтишди. Йўлда эса аъёнларга Нақфур яна келишувни бузгани ҳақида хабар келди. Халифанинг бу гапдан хабари йўқ. Ички тузилма халифага бу хабар етказилса, яна ортга қайтишга тўғри келиши, қиш мавсуми бўлгани, тиззагача қор ёққани сабаб қўшинга ноқулайлик туғдиришини ўйлаб яширишга қарор қилишди. Бироқ Ҳорун бўлган ишдан хабар топди ва қайтиб бориб Нақфур ғаддорни тиз чўктириб, изига қайтди.

Мана, ваъда қилганимиз мусулмонларнинг шавкати юқори даражада бўлганини кўрсатиб берувчи тарихий воқеъликни эътиборингизга ҳавола этдик. Шу тарих ҳақиқатлиги учун ҳам бунинг ҳазмига қийналган Ғарб қаламкашлари томонидан Ҳорун ар-рашид қачон қарама қораланиб ёзилган ва ёзилади ҳам. Бундай бўлиши табиий ҳол! Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг таъбири(يغالطونك إذ يقولون китоби) билан айтганда: “Уларнинг авлодлари ота-боболарини тиз чўктирган одамни нима яхши деб ёзсинми?”. Ёзмайди ҳам, бундан улар аламзада. Ҳорун ар-Рашид даври бутун шармандаликларга бой бўлган, ўзи эса жорияпараст, майпараст, саройида кайфу сафодан бўлак иши бўлмаган, ташқарида эса қароқчилик ҳукм сурарди, деб гавдалантириши табиий ҳол экан. Ичида ғарази бор, ота-боболари учун ўч оламан деб нафас олиб чиқараётган ноинсоф кишининг аҳволи шу! Халифа ҳақидаги кинолар ҳам шу каби бузуқ тарихий маълумотлар билан тўлатилган сценарийлар асосида суратга олинади.

Муҳтарам ўқувчи, энди ўзингиз айтинг-чи: тарихга эшикдан кирмай, лой чапланган дераза орқали мўралаганидан кейин оддий талабалар, омма халқ нима йўл тутади? Аввалгиларимизнинг ҳоли шунақа бўлса, биз улардан ўтиб нима бўлардик, аслимиз нима бўлса, биз ҳам наслимизга тортамиз, деб юраверади.  Аслида эса «Қулоғингизга шивирлаётганлар, сизни чалғитишга уринади».

Тарихий ҳужжатларни бу қадар синчиковлик билан варақлашимиз, сўзбошини Константиполь билан бошлаганимизнинг сабаби нима экан деб ўйлашингиз мумкин. Ҳадис илми бўлса, тарихга нима ҳожат деган хаёл келиши мумкин. Бу тарихий муқаддима Абдуллоҳ ибн Муборак билан Тарсусда бўлган воқеа ҳақида гапириш учун керак эди. Токи, сиз азиз ўқувчи Адуллоҳ ибн Муборак Тарсусда нима қилиб юрибдилар, деб ҳайратдан ёқа ушламанг. Тарихий вазиятни яхши тасаввур қилишингиз ва боридай англашингиз учун тўғридан-тўғри Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақида гапириб кетмадик. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг даври Аббосийлар халифалигига тўғри келади. У кезлар Торосус гуллаб-яшнаган, равнақ топган эди. Ҳижоз, Ироқ каби ҳадис маркази сифатида оламга бўй чўзганди Торосус диёри. Унинг бу каби тамаддуний юксалишида географик жойлашуви ҳам катта сабабчи бўлган. Иқлими мўътадил ҳудуд бўлган Торосусга келувчиларнинг кети узилмаган. Одатда, одам чўлу биёбонларга сафар қилмайди, қуёши одамни куйдирадиган ўлкаларга талпинмайди. Бунақанги ҳудудлардан ўзини олиб қочади. Бағдод – даруссаломнинг ҳам донғи ортиши шундан бўлган. Чунки бу шаҳар Дажла ва Фуротнинг шундоққина биқинида Ҳорун ар-Рашиднинг бобоси Абу Жаъфар Мансур томонидан қурилган. Улар Бобил(Месопотамия)  жойлашган координатларига тўғри келади.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

 Ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсуф

 

 

415720cookie-checkСунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: