Нима учун Қуръони карим оятида “Макка” сўзи ўрнига “Бакка” сўзи қўлланган? Бу икки сўз орасида фарқ борми?
Бакка – Қуръони Каримнинг 3-сураси Оли Имрон 96-оятида зикр қилинган:
“Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир”.
Уламоларнинг фикрича, Бакка Макканинг қадимий номидир.
Қуръонда Макка сўзи бир марта Фатҳ сураси 24-оятида келган:
“У зот Макка водийсида сизларни уларнинг устидан зафар қозонтирганидан сўнг уларнинг қўлларини сиздан, сизнинг қўлингизни улардан тўсган зотдир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир”.
Мусулмонлар Макка ва Баккани синоним сўз деб ҳисоблашади, лекин олимлар бу икки ном ўртасида фарқ борлигини айтадилар. Бакка Каъба ва унинг атрофидаги ҳарам ҳудудини англатади. Макка эса Бакка ва Макка шаҳри жойлашган жойнинг номидир.
Ибн Мунирнинг “Лисанул Араб” асарига кўра, Каъба жойлашган жой ва унинг атрофи гавжум бўлгани учун “Бакка” деб номланган. Арабчада “بَكَّة” сўзи бозорларда бўлгани каби “гавжум оломон” деган маънони англатади. Лекин уни бошқа “بَكَّ” – йиғламоқ феъли билан адаштирмаслик керак.
Яна ўша асарда шундай дейилган:
“Иккаласи ҳам, Макка ва Бакка бир хил шаҳарнинг номлари бўлиб, “ба” ва “мим” бир-бирини ўрнида ишлатилади”.
Яъни, “мим” ҳарфи ўрнига араблар “ба”ни ишлатадилар ва аксинча.
“Муҳарарул вожиз”да қуйидаги маълумот келган,
Имом Заҳҳок ва бир гуруҳ уламолар айтдилар:
“Бакка Макка деган маънони англатади ва Мазин каби араб лаҳжаларида “ба” “мим” билан ўрни алмаштирилиб қўлланилади”.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол”да шундай дейди: «Бакка» Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғовий маъноси, «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун уни «Бакка» ҳам деб аталади.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев