Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.
Диний таълим тизимида узоқ йиллар фаолият юритган тажрибали устоз Пўлатхон домла Каттаев Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедрасида талабаларга дарс бериб келмоқда.
Пўлатхон домла Каттаевнинг сермаҳсул фаолиятини қадрлаш ва табаррук ёшдаги меҳнатини эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, ТИИ ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов П.Каттаевнинг таълим соҳасидаги билими, ёшларга хос шижоати, қатъий меҳнат интизомига эга намунали ўқитувчи сифатида қадрланишини таъкидлади. 50 ёшни қаршилаётган домлага касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, Тошкент ислом институти жамоаси номидан табрикнома ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
“Аслида ҳар қандай табрик замирида инсоннинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малакамаҳоратига чуқур эҳтиром ётади.
Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг элюрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.
Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз ҳар биримиз учун ибратдир.
Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.
Биз Сизда ана шундай одамийлик, олижаноблик, сахийлик, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва Сизни намунали оила бошлиғи, азиз фарзандларингизнинг меҳрибон отаси, шириндан-шакар набираларнинг бобоси деб биламиз.
Қилган эзгу ишларингиз-у, меҳнатларингиз роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш Сиз азиз инсонга насиб этсин”, дейилади табрик матнида.
П.Каттаев 1992-1996 йиллари Тошкент ислом институтини тамомлаб, 2004 йилгача Самарқанд вилояти “Имом Бухорий” ҳадис илми маркази мударриси, шундан сўнг Ҳадис илми марказини мудир сифатида 2005 йилгача бошқарди. Шу таълим муассасидаги мударрислик фаолиятидан сўнг 2009 йилгача Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси вазифасида меҳнат қилди. 2022 йилда Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида магистрлик даражасини олиб, ҳозирда шу таълим муассасида илмий тадқиқот билан ҳам шуғулланмоқда. Тошкент ислом институтида эса қариб 15 йилдан буён Ислом тарихи фанидан талабаларга даср бериб келмоқда.
Ўқув ишлари бўйича проректор Ё.Бухарбоев, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи, Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Ш.Шожалилов сўзга чиқиб, ҳамкасби П.Каттаевнинг инсоний, касбий фазилатлари тўғрисида гапирдилар.
Тадбир сўнгида, Пўлатхон домла Каттаев ҳамда Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидойи устозлар ва ходимлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
ТИИ Матбуот хизмати