islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хулқи Қуръон бўлган Зот

Оламлар Парвардигори Аллоҳ Таоло барча нарсани яратишдан олдин Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурларини яратди, ҳамда нурни отамиз Одам алайҳиссалом пешоналарига жойлади. Бу нур Одам алайҳиссаломдан кейинги Пайғамбарларга ўтиб келди ва алал оқибат оламларни ёритгувчи нур – Набиййимиз бузрукворлари Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибнинг пешоналарига кўчди. У зотнинг пешоналаридаги нур қалб кўзи очиқларгагина кўринган. Набиййимиз оталари Абдуллоҳнинг оналари Оминага никоҳлари барокатидан оламларга раҳмат бўлган Расулимиз таваллуд топдилар. Бу кун Фил йилида, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчиси Душанба куни эди. Рабиул аввал ойи суюкли Набиййимиз таваллуд топган кун бўлгани боис ўзгача шукуҳда ўтказилади.

Имомул Анбиё вал-Мурсалин, Саййидул авлиё вал-ахирин, Ҳазрати Мустафо ва Жаноб Аҳмад Мужтабо соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш чиқмай туриб, Маккаи Мукаррамада, амакилари Абу Толиб уйида дунё юзини кўрдилар. Ҳазрати Карим Набий алайҳис-салом отадан ҳам онадан ҳам ёлғиз фарзанд эдилар. Дунёга келмасларидан олдин отадан етим қолдилар. Боболари Абдулмуттолиб набираларининг исмларини таърифу мақтовга ҳақли бўлсин деб “Муҳаммад” қўйдилар. У зотни оламлар Парвардигори Ўзининг  Азиз каломида мақтаган, малоикалар ва мўминлар мақтаб ҳамд айтишади. Суюкли Набиййимиз хулқлари билан Аллоҳ Таоло оламдаги макоримул ахлоқни комил қилди. У зоту бобаракотни Аллоҳ Таоло ўз бандаларини зулматдан нурга чиқариш, уларга тавҳидни етказиш, ҳалол ва ҳаром орасини ажратиш, макоримул ахлоқни мукаммал қилиш, ҳамда ўзининг рози бўлган дини бўлмиш Ислом рисолатини у зот воситаларида ўзининг бандаларига раҳмат ўлароқ етказишни ирода қилди. У Зотнинг хулқлари Қуръон эди, шунингдек, одоб-ахлоқлар ичида энг гўзали, комили, ёқимлиси эди. У Зот Қуръонда қандай яхши сифатлар, мақталган одоблар бўлса, улар у билан зийнатланган, қандай разил ёмон хулқлар бўлса, улардан холи эдилар.

Ҳаё динимизда мақталган фазилат саналади. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўрнак бўлдилар. Расулуллоҳ агар бирор нарсани хуш кўрмасалар очиқ айтмас эдилар, балки юзларидан билинар эди. Ҳеч урушиб, койиб, маломат қилмаганлар. Бунга қуйидаги ҳадис мисол бўлади:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга 10-йил хизмат қилдим, менга бирор марта уф демадилар, шу билан бирга буни нимага қилдинг ёки буни нимага қилмадинг”, демадилар.

Бундан олинадиган ибрат 2 турли бўлиб:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўл остиларидагиларга қилган гўзал муомалалари.

2. Анас розияллоҳу анҳунинг холис қилган хизматлари. Улар Расулуллоҳнинг хизматларига чоғланишганда доим аввалги сафга ҳарис бўлганлар. Анас розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ эркалаб Унайс ёки ўғилчам деб чақирар эдилар.

Расулуллоҳ сабрлиларнинг энг сабрлиси бўлганлар. Ҳаттоки саҳобалар ёзишни, ўқишни билмаганликлари учун зеҳнларида яхши қолишига чизиб, турли услубларни қўллаб таълим берганлар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларга энг буюк муаллим бўлдилар. Аллоҳ Субҳанаҳу Таоло Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримда Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб зикр этди: “Сен улуғ хулқ узрадирсан”. Шарҳи: Бу одоб Қуръондир. Аллоҳ Сизни Қуръон билан одоблантирди яъни хулқингизни Қуръон қилди. Қуръоний одоб Ислом ва Аллоҳнинг шариатидир.

У Зот мажлисларига қавм ичида энг ёмон, беадаб қўпол кимса келиб қолса ҳам, уни очиқ чеҳра билан кутиб олар, ширин сўзлар айтиб юзларини унга қаратар, сўзлари билан ҳам унга беэътибор эмасликларини билдирардилар.

Расулуллоҳ бесабаб ғазаб қилмас эдилар, уларга бирор нарса хуш келмаса юзлари қизариб кетар, агар маъқул деб топсалар, табассум қилар эдилар. Набий алайҳиссаломни аёлларига ҳам чиройли хулқ билан муомала қилганларига гувоҳ бўламиз. Расулуллоҳ аёллари рашк қилиб жаҳл қилганда ҳам оғир-босиқлик билан гўзал ўрнак бўлганларини қуйидаги ҳадисда кўришимиз мумкин:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом аёлларидан бирининг ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналарининг бирлари идишга таом солиб, ўз ходимларидан юбордилар. Бас, У (аёл) идишни қўли билан уриб синдирди. Набий алайҳиссалом идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва : “Онангиз рашк қилди, енглар”, – дедилар. Улар то у аёлнинг идиши келгунча едилар. У Зот : “Енглар”, деб, хизматчини ҳам, идишни ҳам тутиб турдилар. Токи улар таом емоқдан фориғ бўлганларида бутун идишни хизматчига бердилар”.

Ушбу ҳадисдаги Расулуллоҳ ҳузурларидаги завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиз бўладилар. Ровийлар бу ишни мақтовга сазовор эмас, деб тушуниб, У кишини исмларини очиқ айтишмаган. Расулуллоҳга таом юборган завжалари София онамиз бўладилар. Бу ўринда бизга ибрат бўладиган жиҳат Расулуллоҳнинг гўзал тарзда Оиша онамизга таълим берганларидир. Оиша онамиз бу ишларидан хижолат бўлиб Расулуллоҳдан бу ишимнинг каффорати нима, Ё Расулаллоҳ? –деб сўрайдилар. У Зот идишга ўхшаш идиш, таомга ўхшаш таом деб жавоб берадилар.

Агар У Зотга бирор киши ёмонлик қилса, ёмонлик билан қайтармас, айбидан ўтар, кечириб юборар эдилар. Аслида ёмонликни ёмонлик билан жазолаш жоиз бўлса-да, юксак одоб соҳиби бўлган Пайғамбаримиз айнан шундай йўл тутганлар. Албатта, бу ўч олишга ожизликдан эмас, карами кенглигидан қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам сиёсат бобида ҳам моҳир етакчи бўлганлар. Одамлар қалбини очиқ чеҳра, гўзал муомала кенг карам, меҳр оқибат билан забт этар, ҳақ динга киришга моил қилардилар.

Ҳабибимиз алайҳиссалом умматларига икки дунёда ҳам раҳмат ўлароқ жон куйдирганлар. Бу дунё диёрида уларнинг ўгитлари ҳидоят чироғи бўлиб келмоқда.  Охират диёрида эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ Таолодан умматлари учун сўраган шафоатлари мўминлар учун чексиз инъомдир.

Тошкент ислом институти 1-босқич талабаси, Исматуллаева Одина

422880cookie-checkХулқи Қуръон бўлган Зот

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: