Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ноябрь – Фиқҳ, усулул фиқҳ, фароиз фанлари ойлиги” муносабати билан “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Абдубаннаев Абдураҳмон 3-курс талабалари учун “Усулул фиқҳ” фанидан “Шариатда буюрилган ишнинг турлари ва уларнинг хукми” мавзусида очиқ дарс ўтди.
Мазкур очиқ дарсга “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири Ф.Жўраев, катта ўқитувчи Я.Раззоқов, Н. Турабоев, ўқитувчилар З. Бегматов, А. Ғофуров, А.Аллаберганов, А.Ташпўлатов ва бошқа ўқитувчилар қатнашиб, очиқ дарсни таҳлил қилдилар.
Абдубаннаев Абдураҳмон устоз очиқ дарсда янги мавзуни “Нурул анвор” асари ва бошқа мўътабар манбалар асосида ёритиб берди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар, интерфаол методлар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди.
Усулул фиқҳ илмининг шаклланиши
Ҳижрий иккинчи асрда, мўътабар мазҳаблар имомларининг даврида усулул фиқҳ илми шаклланди, бошқа илмлардан ажралиб чиқди. Уламолар орасида қиёс, истиҳсон, масолиҳул мурсала, саҳобийнинг сўзи, биздан олдингиларнинг шариати, Мадина аҳлининг амали ва шу каби номлар айтила бошлади.
Ана шу мужтаҳид ва уламолар орасида, асосан, икки йўналиш ажраб ва кўзга кўриниб қолди. Уларнинг Ҳижоз минтақаси олимларидан иборат бўлганларини «Мадрасату аҳлил ҳадис» дейиларди. Ироқ олимларидан иборат бўлганларини «Мадрасату аҳлир рай» дейиларди. Иккала мадраса ҳам собит ҳадис ва тўғри райга амал қилган. Лекин биринчи мадраса Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаларнинг юртларида бўлгани ва маиший ҳаёти содда бўлгани учун уларда деярли барча масалаларга жавоблар ҳадислардан топилаверган. Иккинчи мадраса эса, ўзга юртлардаги мусулмонлар ҳаётлари ўзгачалиги, улардаги маданият, олдинги дин таъсири, одатлари, маъийшат ва шу каби масалаларга жавобни собит ҳадисдан топа олмаганларида, шариатга мос равишда райга амал қилганлар.
Олдин ҳам кишилар усулул фиқҳ қоидаларини саҳобаларнинг, тобеъинларнинг ва бошқа имомларнинг ижтиҳодларидан олиб ишлатишиб юришаверарди. Гоҳида бир-бирига қарама-қарши далилларнинг ораларини мувофиқлашда уларнинг ижтиҳодлари усулий қоида сифатида асос ҳисобланарди.
Мисол учун, маст одамга ҳадд уришни, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари билан, бировни зинода айблаб туҳмат қилган одамга қиёс қилишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодларига биноан, «кейинги далил олдингисини ва хос далил умумни насх қилади» деган қоида бўлган. Шу қоида билан у зот эри ўлган хотин ҳомиладор бўлса, ҳомиласини қўйгунича идда ўтиради деганлар.
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
ўқитувчиси А.Аллаберганов