islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Конституция – фаровон ҳаётимиз асоси

«Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин».

Шавкат Мирзиёев

 Конституция миллий давлатчилигимизнинг рамзи сифатида инсоннинг қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқий қонуний манфаатлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Маълумки Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдадир.
Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлигида, ўйлаймизки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.
Конституциямиз мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий — иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, инсоний қадриятлар ва оилавий муносабатларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.
Бош Қомусимизда динимизнинг равнақи учун кенг имтиёзлар белгилаб берилди. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди.  Айни пайти турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.
Конституциямизда “Ўзбекистон республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар, – деган қоида мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратади.
Биз кўп миллатли халқмиз. Мамлакатимиз аҳолиси ҳозирги кунда 36 миллиондан ортиқдир. Кўп миллатли жамият кўп конфессиялиликка асос бўлади. Юртимизда 130 га яқин миллат ва элат – бир неча дин, ўн олтита конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизда “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. … Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл кўйилмайди “, деб алоҳида таъкидланган
Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.
Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган тамойиллар динимиз таълимоти асосларига ҳам тўла мос келади. Масалан, қуйидаги ояти карима инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…” (Бақара, 256).
Юртимизда азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келинган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили, дея эътироф этилган. Конституциямизда оилага алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”.
Динимиз таълимотларида фарзандни баркамол инсон қилиб вояга етказиш ота-онанинг юксак бурчидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Фарзандларингизга чиройли одоб беринглар”. Бу борада ҳам Ислом дини ва асосий қонунимиз ҳамоҳанг: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”.
Бугунги кунда фарзандларимиз замон талабларига жавоб берадиган шароитларда, бепул ва сифатли билим олиш ҳуқуқига эга. Бош Қомусимизда бу ҳақида шундай дейилган: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”. Асосий Қонунимизда инсон омилининг, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда.

Одилжон Нарзуллаев,
Янгийул туман
«Қирсадақ» жоме
масжиди имом хатиби

435170cookie-checkКонституция – фаровон ҳаётимиз асоси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: