islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

НАРХНИ ЧЕГАРАЛАШ ВА ИҲТИКОР ЖОИЗ ЭМАС

Мазкур мақолада ислом фиқҳи нуқтаи назаридан бозордаги нархларни сунъий равишда белгиллаш, товарларни ушлаб туриш орқали нархни кўтариш (иҳтикор) амалиёти шариатда қандай баҳоланишига оид масалалар таҳлил қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва саҳобалар ривоятлари асосида нарх белгилаш ва эҳтикорнинг шариатдаги ҳукми, ижтимоий оқибатлари ҳамда замонавий хатарлари очиб берилган.

Ислом иқтисодий тизими адолат, ўзаро розилик ва зулмсиз муомала асосига қурилган. Бозор иқтисодиётида муҳим тушунчалардан бири – нарх белгилаш ҳуқуқидир. Шариатда бу масала шунчаки иқтисодий восита эмас, балки ахлоқий ва илоҳий қоида билан чамбарчас боғланган. Нархни сунъий равишда чегаралаш ёки тижорат молини ушлаб туриб нархни кўтариш – шариатда қораланган ишлардан ҳисобланади. Бу мақолада мазкур ҳолатларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносабати, уламолар фатволари ва ижтимоий оқибатлари таҳлил этилади.

«Нархни чегаралаш» деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади.

«Иҳтикор» деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.

Анас р.а.дан ривоят қилинади: «Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди бизга нархни белгилаб беринг» дейишди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: «Албатта, Аллоҳнинг ўзи нархни белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм, даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбаро бўлишни хоҳлайман» дедилар». Сунан эгалари ривоят қилдилар.

Қимматчилик кўпчиликни ташвишга солиб қўяди. Чунки бу ҳолат барчага зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма бу ҳолатдан чиқиш йўлини истайди. Энг осон, энг содда ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб, кўринади. Нима учун Пайғамбар с.а.в. бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилганларида ҳам маъқул кўрмадилар. Чунки Пайғамбар с.а.в. ҳеч бир нарсага юзаки қарамасдилар.

Нархни чегаралаш вақтинча фойда бергани билан алдамчиликдир, кейин эса зарар бўлиши турган гап. Сўнгра тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл юртга бошқа томондан ризқ келишини маън қилади. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча бой давлатлар хонавайрон бўлади. Фақирилк ва мискинликка рўбарў бўлади.

Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархда сотса, яхши бўлади. Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб, хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.

Яхши ва сифатли нарсанинг нархи баланд бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарсанинг нархи эса паст бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга урингандан кейин юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.

Муаммар р.а.дан ривоят қилинади: «Набий с.а.в.: «Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир» дедилар». Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилдилар.

«Иҳтикор» луғатда ушлаб туриш маъносини англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархини ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «иҳтикор» деб айтилади.

Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсанинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.

Биринчиси мутлоқ мумкин эмас десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас деганлар. Иҳтикор ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.

Абдуллоҳ ибни Умар р.а.дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз с.а.в.: «Ким таомни 40 кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ у Аллоҳдан воз кечган ва Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар» деганлар.

Баъзилар шу ҳадисга суяниб эҳтикор фақат таомда бўлади дейдилар. Лекин жумҳур уламолар эҳтикор ҳақида ҳадислар кўп, шунинг учун бу ҳадис асос бўла олмайди дейдилар.

Умар ибн Ҳаттоб р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в.: «Жалб қилувчи ризқлантирилгандир, эҳтикорчи эса лаънатлангандир» деганлар.

«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш, яхши ишдир. Ким бу ишни қилса ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчилар лаънатлангандур. Чунки унга халқ муҳтож бўлиб турганди, у эса ишлаб чиқармай, бошқа юртдан олиб келмай фойда топишга уринган харомхўр кимсадир.

Имом Аҳмад Абу Хурайра р.а.дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз с.а.в.: «Ким мусуломонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ўтказмоғи ҳақ бўлади» деганлар.

Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлади.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қуръони Карим. – Тошкент: Ҳилол нашриёти, 2018.
  2. Имом Муслим. Саҳиҳ Муслим. – Қоҳира: Дарул-Ҳадис, 2007.
  3. Имом Аҳмад. Муснад. – Бейрут: Муассасатур-Рисола, 1995.
  4. Абу Довуд. Сунан. – Бейрут: Дарул-Маориф, 2003.
  5. Ат-Термизий. Сунан. – Бейрут: Дарул-Ғарб ал-Исломий, 1996.
  6. Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. Иҳё Улуумиддин. – Қоҳира: Дарул-Қалам, 1993.
  7. Табароний. Муъжам ал-Кабир. – Бейрут: Дарул-Фикр, 1984.

Ашуров Махмудхон Мухуммадғуломович

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

450760cookie-checkНАРХНИ ЧЕГАРАЛАШ ВА ИҲТИКОР ЖОИЗ ЭМАС

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: