Маъруф ибн Файруз ал-Кархий — Бағдодда яшаб ўтган буюк авлиёлардан бири бўлиб, куняси Абу Маҳфуз бўлган. У тақвоси, парҳезкорлиги, зоҳидлиги билан шуҳрат қозонган. Кўп эҳсон қилар, саховатли инсон бўлган. Ундан кўплаб карамотлар ривоят қилинган. Ибн ал-Жавзий машҳур «Сифат ас-сафва» китобида Кархийнинг карамотлари ҳақида алоҳида қисм ажратган.
Асл насаби
Унинг асли Набатий, яъни қадимги Бобиллик Ироқликларга бориб тақалади. Бу ҳақда бир нечта тарихий ва академик тадқиқотларда таъкидланган. Унинг араб илдизларига мансуб эканига араб тарихчилари, жумладан Мустафо Жавод ва Ножий Маъруф кабилар далил келтирган. Ҳақиқатан ҳам, Ножий Маъруф унинг араб экани ва асл араб насабидан эканини тарихий санадлар билан исботлаган.
Исломни қабул қилиши
Маъруф Кархий насроний оилада туғилган, кейинчалик болалигида Исломни қабул қилган ва ота-онасининг ҳам исломга киришига сабаб бўлган. Ота-онаси уни муаллимга беришганда, муаллим унга: «Учта илоҳнинг бири деб айт», дедди. У эса: «Йўқ, У — Ягона, Самаддир», деб жавоб берди. Муаллим уни қаттиқ калтаклади. У эса қочиб кетди. Ота-онаси: «Қайтса эди, майли қайси динда бўлса ҳам, розимиз», дейишарди. Кўп йиллардан сўнг қайтиб келиб эшикни қоқди. Ота-онаси: «Ким у?» — дейишди. У: «Маъруфман» – деди. Улар: «Қайси диндасан?» — дейишди. У: «Ислом динидаман», деди. Шунда ота-онаси ҳам Исломни қабул қилди.
У Исломни Али ибн Мусо ар-Ризо орқали қабул қилган ва унинг эшигида узоқ вақт турган. Натижада у шиа мазҳабига яқин бўлган. Кейин эса Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳузурига кўчиб ўтди ва сунний мазҳабига яқинлашган.
Фазилатлари ва ҳикматлари
Унинг бағрикенглиги ва фикр доираси кенглигини кўрсатувчи воқеалардан бири: бир куни у Дажла дарёсига тушиб таҳорат олди ва Мусҳафи ва ҳамёнини қўйиб қўйди. Бир аёл келиб уларни олиб қочди. У аёлнинг ортидан бориб: «Мен Маъруфман, хавотир қилма. Сени Қуръон ўқийдиган ўғлинг борми?» деди. Аёл: «Йўқ», деди. У: «Эринг борми?» деди. «Йўқ», деди. У: «Унда Мусҳафни бергинда, ҳамённи олиб қол», деди.
Яна бир воқеа, у Дажла соҳилида ўтирганида бир гуруҳ йигитлар қайиқда мусиқага ўйнаб, маст ҳолда ўтаётганди. Ёнидаги одамлар Маъруфга: «Уларни дуои бад қилинг», дейишди. У эса қўлларини кўтариб: «Эй Парвардигор, уларни бу дунёда қандай хурсанд қилган бўлсанг, охиратда ҳам хурсанд қилгин», деди. Ёнидаги кишилар ҳайрон бўлиб: «Биз сизга уларни лаънатланг, дегандик!» дейишди. У эса: «Агар Аллоҳ уларни охиратда хурсанд қилса, демак, уларга бу дунёда тавба насиб қилади. Сизларга эса, бунинг зарари етмайди», деди.
Яна бир гўзал жавоб: Маъруф Кархий Имом Абу Юсуфнинг жанозасида қатнаша олмагани учун афсусланди. Шунда муридларидан бири: «Сиз дунёпараст, подшоҳнинг яқинларидан бўлган мансабдор бир одам учун қайғуряпсизми?» — деб таъна қилди. У эса шундай деди: «Тушимда жаннатга кирдим, у ерда улкан қасрни кўрдим. “Бу кимга тегишли?” – деб сўрадим. “Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий — Абу Юсуфга” – дейишди. “У қандай қилиб бу даражага етди?” дедим. “Одамларга илм ўргатгани ва уларнинг озорларига сабр қилгани учун” – дейишди».
Ҳикматли сўзларидан
– «Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди.»
– «Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам.»
– «Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади.»
– «Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган зотинг бўлсин. Чунки, инсонлардан наф йўқ».
– «Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам»
– «Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир.»
– “Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.
– «Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, фақат “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади.»
– «Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашганда, “аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади» – деб жавоб берган.
– «Довуд ат-Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?”, деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат»-деди.
Вафоти
Маъруф Кархий 200 ҳижрий (815 милодий) йили Бағдодда вафот этди. У ердаги машҳур Шунизия қабристонида — қадимги Боб ад-Дийр қабристонида дафн қилинди. Бу қабристон кейинчалик «Мақбараи Шайх Маъруф» деб аталди.