islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг 1–3 жилдлари тақдимоти бўлиб ўтди

Имoм Бухoрий нoмидаги Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг дастлабки 1–3 жилдлари тақдимоти ўтказилди.

Ушбу муҳим маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Ислом энциклопедияси бўлими мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, академик Нурислом Тўхлиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳамда Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири, фалсафа фанлари доктори (PhD) Маъмуржон Эркаев иштирок этдилар. Шунингдек, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва ходимлар тадбирда фаол қатнашдилар.

Энциклопедия – исломшуносликда улкан қадам

Тадбирни институтнинг Илмий ишлар ва фан бўйича проректори С.Примов очиб берди ва сўзни институт ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғафуровга берди. Ректор ўз нутқида энциклопедиянинг исломшуносликдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, унинг узоқ умр кўрувчи, келажак авлод учун ҳам манба бўлиб қоладиган асарлардан бири эканини билдирди. Шунингдек, у совет давридаги машаққатли шароитда ҳам Қуръони карим маънолар таржимаси каби буюк ишлар амалга оширилганини эслаб ўтди.

Нурислом Тўхлиев: “Энциклопедия – давлат раҳбарининг шахсан назаридаги иш”

Академик Нурислом Тўхлиев нутқида энциклопедиянинг яратилиш тарихи ва мақсадларига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу иш 20 жилддан иборат қилиб режалаштирилган бўлиб, давлат раҳбарининг шахсан назоратлари остида амалга оширилмоқда.

Н.Тўхлиев энциклопедия мақолаларини тайёрлашда бирламчи манбалардан фойдаланиш, илмийлик, холислик ва оммабоплик тамойиллари асос қилинаётганини қайд этди. Ушбу асарнинг фарқли жиҳати шундаки, уни кенг жамоатчилик ҳам осон англай олади.

Маърузачи турли мисоллар келтирди:

  • “Уйғониш даври одамлари” асарида 99 нафар Бухорий нисбали, 30–40 нафар Термизий ва Насафий алломалар тилга олингани,
  • Шаҳрисабз ва Иштиҳондан йигирмадан ортиқ муҳаддислар етишиб чиққанини,
  • энциклопедиянинг мақсадларидан бири – кенг омма билмаган, аммо ислом илмида из қолдирган алломаларни ҳам тарихга муҳрлаб қўйиш эканини таъкидлади.

Шунингдек, Н.Тўхлиев энциклопедия яратиш тажрибасини халқаро мисоллар билан солиштириб, Туркиядаги ISAM тўплами 60 йил давомида 700 дан зиёд муаллиф иштирокида тайёрланганини ва 44–45 жилддан иборат бўлганини қайд этди.

Энциклопедияда кимлар акс этади?

Тадбирда таъкидланишича, энциклопедияга:

  • саҳобалар ва тобеинлар,
  • юртимиздан чиққан буюк алломалар,
  • ислом цивилизациясига ҳисса қўшган Европа олимлари ҳам киритилмоқда.

Мақолаларда шахслар ҳаёти билан бирга уларнинг асарлари, илмий мероси ва улар ҳақидаги тадқиқотлар ҳам ҳавола қилинади. Бу эса энциклопедияни нафақат умумий маълумот, балки илмий йўналишда ҳам муҳим манбага айлантиради.

Меҳмонлар фикрлари

ЎМИ раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов нутқида энциклопедиянинг юртимизда илм қайта тикланаётганидан далолат беришини таъкидлади. У Самарқанддаги Чокардиза қабристони ҳақида қизиқарли маълумотлар келтириб, унда 1 млн 240 минг уламо дафн этилгани, уларнинг 400 мингдан ортиғи Муҳаммад исми билан танилганини қайд этди.

Маъмуржон Эркаев эса энциклопедиянинг илмий ва оммабоп йўналишда бўлиши лозимлигини айтиб, бу асарнинг ҳар бир атама ва мисоллар билан бойитилиши муҳимлигини қайд этди.

Энциклопедиянинг аҳамияти

Нурислом Тўхлиев энциклопедиянинг аҳамиятини қуйидагича ифода этди:

  • у дин, илм, фан ва маданият вакиллари учун масъулиятли вазифа,
  • оммага етказишда қисқа, лўнда ва тушунарли бўлиши,
  • мақолалар илмий талабларга жавоб бериши,
  • хар бир мақоланинг муаллифи кўрсатилиши орқали масъулият ва жавобгарлик таъминланиши.

Якуний хулоса

Тадбир якунида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Энциклопедия мақолаларининг ОАК талабларига мослиги, электрон шакли ва Википедия каби очиқ платформалардаги ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди.

Институт раҳбарияти тадбир меҳмонларига миннатдорлик билдириб, ташакурнома ва эсдалик совғаларини топширди.

453680cookie-checkТошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг 1–3 жилдлари тақдимоти бўлиб ўтди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: