Инсон ҳаётида ота-онадан улуғ, уларнинг дуосидан қимматлироқ неъмат йўқ. Биз улар сабаб дунёга келдик, меҳри билан вояга етдик ва дуолари билан ҳаёт йўлларида қадам ташламоқдамиз. Шу боис Ислом динида ота-онага яхшилик қилиш, уларни эъзозлаш ва рози қилиш энг улуғ ибодатлар қаторига қўйилган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бундай деганлар:
«Ота-онанинг йиғлашига сабабчи бўлиш – оқликдир ва у катта (кабира) гуноҳлардандир» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Бу ҳадис ота-онанинг қалбини оғритиш, кўнглини синдириш Исломда нақадар оғир гуноҳ эканини очиқ кўрсатади. Чунки ота-она қалби – нозик ва меҳрга тўла қалб. Уни озорлаш инсонни Аллоҳнинг розилигидан узоқлаштиради.
Ота-она билан муомала одоблари
Фарзанд ота-онаси билан ҳар бир сўзи ва ҳаракатида ҳурмат ва камтарликни намоён қилиши шарт. Улар билан гаплашганда овозни баландлатмаслик, сўзларини бўлмаслик, қаттиқ тикилиб қарамаслик – одобнинг муҳим қоидаларидандир. Ҳатто уларнинг фикри нотўғри туюлса ҳам, дағал жавоб қайтариш ёки жеркиш фарзандга ярашмайди.
Шунингдек, ота-онани ортиқча ташвишга солиш, кўнгилларига оғир ботадиган гапларни айтиш, айниқса, бетоб пайтларида аламли сўзлар билан ранжитиш катта беодобликдир. Камчиликларини юзларига солиб озор бериш эса қалбни синдириш билан баробардир.
Агар ота-она билмасдан гуноҳга олиб борувчи хатога йўл қўяётган бўлсалар, фарзанд уларни мулойимлик ва ҳурмат билан тўғри йўлга чақириши лозим. Дин аҳкомларини ўргатишда ҳам қаттиқлик эмас, чиройли сўз ва сабр асос бўлиши керак.
Огоҳлантирувчи ибрат
Салафи солиҳ зотлардан бири бир йигитга бундай насиҳат қилган:
«Қачон ота-онанг сен билан гаплашишда “аччиғи чиқиб қолмасмикин” ёки “безовта қилиб қўймасмикинман” деб эҳтиёт бўлиб сўзлай бошласалар, сенга ёқадиган гапни қидириб қолсалар – билгинки, сен уларга оқ бўлибсан».
Бу сўзлар инсонни чуқур тафаккурга чорлайди. Агар ота-она фарзандини ранжитмаслик учун сўзини ўйлаб, эҳтиёт бўлиб гапира бошласа, бу ҳурмат эмас, балки қалб оғриганининг белгисидир.
Жаннатга элтувчи йўл
Ота-онага хизмат қилиш, эҳтиёжларини сидқидилдан адо этиш, юзларига табассум улашиш – жаннатга элтувчи баракали йўллардандир. Уларга қилинган ҳар бир яхшилик ва айтилган ҳар бир мулойим сўз Аллоҳ таолонинг ҳузурида улуғ савобга сабаб бўлади.
Ота-онанинг розилиги – Аллоҳнинг розилиги, уларнинг дуоси эса инсон учун икки дунё саодатининг калитидир. Шунинг учун ҳар бир фарзанд бу неъмат қадрини билиб, ота-онасини ҳаётлик чоғларида қадрлаши ва хизматларини шараф деб билиши лозим.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби






