islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37

Илмсиз донишманд

Инсон учун энг катта фазилатлардан бири илм бўлса, энг хатарли иллатлардан бири — илмсиз ҳолда ўзини илм аҳлидек кўрсатишдир. Бундай кимса ҳақиқатни билмагани ҳолда унинг соҳибидек гапиради, англамагани ҳолда ҳукм чиқаради, ўрганмагани ҳолда ўргатишга уринади. Натижада нафақат ўзини, балки атрофидагиларни ҳам адаштиришга сабаб бўлади.

Қадимдан донишмандлар жоҳилликнинг икки турини таъкидлаб келганлар: бири — ўзининг билмаслигини билган жоҳил, иккинчиси эса билмаслигини ҳам билмайдиган жоҳил. Ана шу иккинчи тоифа энг хавфлисидир. Чунки у илм излашга эҳтиёж сезмайди, насиҳатни қабул қилмайди ва ўзини ҳақиқат мезони деб ҳисоблайди.

Илмсиз донишманднинг энг яққол белгиси — кўп гапириб, кам англашидир. У ҳар бир масалада фикр билдиришни бурч деб билади. Гўёки дунёда жавобсиз савол қолмагандай, ҳар мавзуда ҳукм чиқаради. Ҳолбуки, ҳақиқий олимлар билмаган масалаларида: «Билмайман», деб айтишдан уялмайдилар. Чунки илм инсонга фақат билимини эмас, балки ўз чегарасини ҳам танитишни ўргатади.

Бугунги кунда бундай кишиларнинг кўпайиши жамият учун жиддий муаммога айланмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда бир неча саҳифа ўқиб ёки бир неча видеони кўриб олган баъзи одамлар ўзларини мутахассис сифатида кўрсатишга шошиладилар. Улар ҳақиқатни излаш ўрнига диққат марказида бўлишни мақсад қиладилар. Натижада илм қадри пасаяди, халқ орасида шубҳа ва чалкашлик кучаяди. Энг ачинарлиси, илмсиз донишманд танқидни душманлик деб қабул қилади. Унинг наздида ўз фикрига қарши чиққан ҳар бир инсон хатодадир. Шу сабабли у ҳақиқатни эмас, ўз нафсини ҳимоя қилади. Ваҳоланки, ҳақиқий илм тавозе туғдиради, кибр эмас, мулоҳаза уйғотади, манманлик эмас.

Дарахт меваси кўпайган сари шохлари эгилганидек, ҳақиқий олимнинг ҳам илми ортиб борган сари камтарлиги зиёда бўлади. Илмсиз донишманд эса аксинча, билими оз бўлгани сари ғурури ортиб боради. У ўзини баланд кўтариш учун бошқаларни камситишдан ҳам тоймайди.

Жамият тараққиёти илм билан боғлиқ. Илм эса ростгўйлик, ҳалоллик ва масъулиятни талаб қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон аввало билимини оширишга, билмаганини эса тан олишга ўрганиши лозим. Зеро, билмаслик айб эмас, билмаган ҳолда ўзини донишманд қилиб кўрсатиш айбдир.

Ҳақиқий донишмандлик — ҳамма нарсани билишда эмас, балки билмаган нарсангни тан олишда намоён бўлади. Чунки жоҳилликнинг энг оғир кўриниши — инсоннинг ўз жоҳиллигини илм деб ўйлашидир. Ана шунда у ҳақиқатдан энг узоқ нуқтага бориб қолади. Бу эса нафақат унинг ўзига, балки бутун жамиятга зарар келтиради. Бундай кимса қариса ҳам ҳақиқий маънода донишманд бўлиб қаримайди. Агар у ўзини ислоҳ қилмаса, ёши улғайган сари тажрибаси билан бирга кибри ҳам улғайиши мумкин. Чунки йиллар инсонга автоматик равишда ҳикмат бермайди, ҳикмат эса тафаккур, илм ва ўз устида ишлаш билан келади.

Баъзан шундай кишиларни учратамизки, сочлари оқарган, умрининг катта қисми ўтган бўлади, аммо фикрлаш тарзи ҳали ҳам ҳавои нафс, манманлик ва ўзини ҳақ деб билишдан нарига ўтмайди. Улар ҳар бир масалада ўзини сўнгги ҳақиқат соҳиби деб ҳисоблайди, бошқаларнинг фикрини эшитишни эса ожизлик деб билади.

Ҳақиқий мўмин ва донишманд қаригани сари мулойимлашади, камтарлашади, сўзини ўлчаб гапиради. Чунки умр унга қанча нарсани билмаслигини ҳам ўргатади. Илмсиз донишманд эса қаригани сари кўпинча ўз хатоларини ҳақиқат, ўз қарашларини эса қонун деб қабул қилишга мойил бўлади. Шунинг учун инсоннинг қадри ёши билан эмас, балки илм, одоб ва ҳикмати билан ўлчанади. Неча ёшга киргани эмас, умри давомида ҳақиқатга қанча яқинлашгани муҳимдир.

Кексаликда илм аҳли бўлса, китоб ўқиб, илм билан насиҳатгўйлик қилади. Қарилик ўз-ўзидан фазилат эмас, фазилат — қариликка ҳикмат, тавозе ва маърифат билан етиб боришдир.

Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

464270cookie-checkИлмсиз донишманд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: