Илм толиби, токи ўзида тўғри ва теран фикрлашни шакллантирмас экан, ўз мақсадига тўлиқ эриша олмайди. Бунинг учун толиби илм — бир-бирига ўхшаш ишларни ўзаро ажрата оладиган, маъноларнинг зоҳирига эмас, балки негизидаги асл мағзига қарайдиган, ҳаётдаги асосий мақсадларни иккинчи даражали мақсадлардан ажрата оладиган малакага эга бўлиши лозим. Толиби илм бундай ақлий салоҳиятга эга бўлиши учун муайян малака ва услубни ўзлаштириши шарт.
Юзлаб китоб ўқиган киши маълумотга эга бўлиши мумкин, бироқ у ҳақиқий илмга эга деб ҳисобланмайди. Чунки унда маълумотларни саралаш ва уларнинг моҳиятига етиш учун зарур бўлган малака шаклланмаган. Шу боис, тартибсиз китоб ўқиш ва маълумот тўплашнинг ўзи илм деб ҳисоблаш хато бўлади.
Илм — маълумотлардан тўғри фикр ва ҳукм чиқариш ҳамда уни ҳаётга тўғри татбиқ этишдир. Бу эса фақат жидду жаҳд ва юксак фаросат билан ҳосил бўлади.
Буюк аждодларимиз бу амалиётни теран англаганлар. Бу жараён талабанинг қалбида фақат тўғри ва аниқ маърифатларнинг жамланиши билан бошланади. Талаба маълумотларни таҳсил ва жамлаш босқичидан ўтиб, сўнг ижод қилиш босқичига кўтарилади.
Илм таҳсилининг асослари ва шартлари. Илм толиби ўз фикрини тўғри шакллантириши учун муайян таълим тизими ва қоидаларига риоя қилиши лозим. Бу борада буюк уламоларимиз қуйидаги мезонларни белгилаганлар:
Имом Муҳаммад Шайбоний айтадилар: «Илмга учта хислат билан эришилади: кучли рағбат, заковатли ақл ва моддий таъминот».
Имом Шофеий таъкидлайдилар: «Толиби илм уч нарсага муҳтож: узоқ умр, моддий барқарорлик ва заковат». Хатиб Бағдодий шу жумлаларни келтириб шундай изоҳ берадилар: «Узоқ умр» — илмга доимий боғланиш; «моддий барқарорлик» — тирикчилик ташвишидан холи бўлиб, бор эътиборни илмга қаратишдир.
Абу Ҳилол Аскарий фикрича: Илм олти нарсасиз мукаммал бўлмайди: ўткир зеҳн, узоқ вақт, кифоя қилувчи таъминот, кўп меҳнат, моҳир устоз ва кучли рағбат.
Мовардий толиби илмда бўлиши шарт бўлган 9та олтин сифатларни санадилар:
- Ақл — масалаларни ҳақиқатини идрок этиш учун.
- Фаросат — илмнинг нозик ва мураккаб жойларини англаш учун.
- Заковат — англанган маълумотни хотирада мустаҳкам сақлаш учун.
- Рағбат — изланишда давомийликни таъминлаш ва зерикишдан сақланиш учун.
- Моддий етарлилик — эҳтиёж ташвишларидан қутулиш учун.
- Бўш вақт — бор кучни илмга йўналтириш учун.
- Хотиржамлик — чалғитувчи касаллик ва ташвишларнинг йўқлиги.
- Узоқ умр — камолотга етишиш учун зарур вақт.
- Моҳир ва тажрибалик устоз — илмини қизғонмайдиган раҳнамо.
Ибн Арабий илм эгаллашнинг етти асосий қоидасини шундай белгилаганлар:
- Ниятни холис қилиш — барча ишларнинг негизи.
- Илмда тавозели бўлиш — кибр илмнинг душманидир.
- Устозга ҳурмат — ҳатто фикри бошқача бўлса-да, унинг тажрибасини улуғлаш.
- Устоз кўрсатмасига риоя қилиш — таълим жараёнида интизомни сақлаш.
- Босқичма-босқич таълим олиш — илмни соддадан мураккабга қараб ўрганиш.
- Музокара — ўрганилган илмни бошқалар билан фикр алмашиб мустаҳкамлаш.
- Амал қилиш — илмнинг меваси унинг ҳаётга татбиқ этилишидадир.
Илм йўлида заковат ва савол бериш санъати ҳам муҳим омиллардан ҳисобланади. Илм талаб қилишда заковатнинг икки тури мавжуд:
- Хилқий: Табиий қобилият.
- Касбий: Инсоннинг ёши, меҳнати ва тажрибаси билан ривожланадиган ақл.
Илм калитларидан бири — тўғри савол беришдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу илмга қандай эришгани ҳақида сўралганда: «Сўровчи тил ва ақлли қалб билан», деб жавоб берганлар.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтганидек: «Саволни гўзал (ўрнида ва мантиқли) бериш — илмнинг ярмидир». Бунинг ёрқин мисоли сифатида Имом Абу Ҳанифанинг ўз устози Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга берган тинимсиз ва теран саволларини келтириш мумкин. Ҳатто устози бир куни: «Эй Абу Ҳанифа, мени (саволларинг билан) қуритдинг!» деб, шогирдининг заковат ва изланувчанлигига тан берган экан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳақиқий илм — бу шунчаки маълумот тўплаш эмас, балки уларни саралаш, уларнинг моҳиятини англаш ва ҳаётга татбиқ этиш қобилиятидир. Илм — бу маълумот, малака ва амалиёт (татбиқ) занжиридир. Ушбу занжирнинг бирор халқаси масалан, заковат бўлса-ю, ҳаракат бўлмаса ёки ҳаракат бўлса-ю, устоз бўлмаса, яъни узилса, талаба ўз мақсадига тўлиқ эриша олмайди.
М.ЯШНАРОВ,
“Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси





