2018 йил 5 сентябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги ва 2018-2019 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ҳамда “Мустақиллик – улуғ неъмат” мавзусидаги мустақиллик дарси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, У.Алимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маъмурияти масъул ходими К.Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов шунингдек, ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов қатнашдилар.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси мадҳияси билан бошланди. Анъанага кўра тадбир аввалида Тошкент ислом институти 1-курс талабаси, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” Республика босқичи иштирокчиси Иброҳимжон қори Тўрақулов Қуръон тиловат қилиб берди сўнгра муфтий ҳазратлари юртимиздан, мусулмонлар идораси ва Олий маъҳадда ишлаб ўтган дин уламолари ҳаққига ҳамда янги ўқув йилининг баракали бўлишини сўраб дуо-и хайрлар қилди.
Шундан сўнг, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров 2018-2019 ўқув йилининг бошланиши олдидан нутқ сўзлаб, бугунги кунга қадар институтда эришилган ютуқлар ва ўзгаришларни қайд этиб, бошланаётган янги ўқув йилида институт жамоасига омад ва зафарлар тилаб сўзни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимовга берди.
Муфтий ҳазратлари бу даргоҳдан қандай улуғ алломалар, дин арбоблари ўтганини эслаб, талабаликка қабул қилинган илму толибларга аждодларга муносиб авлод бўлишини тилаб керакли маслаҳатларини берди.
Кейинги сўз навбати Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходими К.Комиловга берилди. К.Комилов бугунги кунда мамлакатимиз томонидан диний соҳа вакилларига ҳамда диний ташкилотларга, қолаверса ёшларга берилаётган имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш ва маърифий исломни дунёга кўрсата олиш, соф исломдан оғишмасликда ва адашганларни тўғри йўлга бошлашда қатъият билан илм олиш кераклигини, илм олишда ҳаракатчан бўлишни таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, сўз навбати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комиловга берилди. У ўз нутқида талабалар аввало кучли билимга эга бўлиши, бу ердаги устозлардан илм олишда ва одоб-ахлоқ сабоқларини ўрганишда тиришқоқ бўлишини таъкидлаб, соф исломни нафақат ўз юртида балки, дунёга етказа оладиган салоҳиятга эга бўлиш кераклигини қолаверса, аждодларимизга муносиб авлод бўлиш лозимлигини таъкидлаб ўз тавсиялари билан сўзига якун ясади.
Шундан сўнг, янги ўқув йилида 1-курсга қабул қилинган 4 нафар талаба араб, инглиз, рус ва ўзбек тилларида ўзларининг миннатдорчиликларини билдириб ўтди.
Шунингдек мазкур “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остидаги тадбир “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида ҳам бўлиб ўтди. Мустақиллик дарсини Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси А.Абдуллаев олиб борди. Қолаверса, юртимиздаги улуғ фахрий имомларидан бири, кўплаб қориларнинг устози Яҳё қори Турдиев ҳам иштирок этди. Яҳё қори Турдиев ўз нутқларида илмнинг фазли, нажот эканлиги, уни қаттиқ шижоат билан ўрганиш лозимлиги, ҳар бир талаба миллатни тўғри йўлга бошлашда толмас иродали бўлиши ва имкониятлардан унумли фойдаланиб юқори марраларни эгаллаши лозимлигини таъкидлади.
Тадбир сўнги юртимиз, хонадонларимиз ва институтимизга файз баракалар ёғилишини, осмонимиз мусаффо бўлишини Яратгандан сўраб дуолар қилинди.