islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар

Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар:

Биринчи одоб – эзгу ният қилиш.

Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя  улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган.

Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади.

Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш.

Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг  яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади.

 Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган.

Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак.

Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади.

Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик.

Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган:  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.

Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади.

Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш

Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган.  Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя берувчини берган ҳадясидан афзали билан ёки ўшанинг мислидек нарса билан тақдирлаганлар.

Олтинчи одоб – ҳадяни муносиб вақтда беришга ҳаракат қилиш

Ҳайит байрамлари сингари улуғ кунларда ҳадя бериш ундан кўзланган мақсаднинг самаралари янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра, ана шундай улуғ кунларда ҳадядан кўпроқ шодланадиган инсонларни ҳадя билан севинтириш афзал ишлардан саналади. Ҳадя беришда дастлаб ота-она ва устозлар сингари улуғ зотлардан бошлаш ҳам ҳадя одобига киради.

Шунингдек, ҳадя беришда муносиб ўринни танлашга ҳам эътибор қаратилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Саҳобалар ҳадяларини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Оиша онамизнинг кунларида беришга ҳаракат қилар эдилар. Чунки улар у зот алайҳиссаломнинг Оиша онамизга бўлган муҳаббатларини билар эдилар”,-дейилган.

Еттинчи одоб – муносиб ҳадя танлаш.

Муносиб ҳадяни танлаб бериш ҳам ҳадянинг муҳим одобларидан бири саналади. Шу маънода кимгадир кийим, кимгадир мол, кимгадир китоб ва бошқа ҳадя қилинадиган кишининг табиати ва ҳолатига қараб у яхши кўрадиган муносиб ҳадя танлашга ҳаракат қилиш лозим бўлади. Саккизинчи одоб – ҳадяни миннат қилмаслик.

Ҳадя берувчига берган ҳадясини миннат қилмаслиги вожиб бўлади. Чунки миннат қилиш ҳадянинг савобини йўқ қилади. Қуръони каримда садақа қилувчиларга қарата шундай буйруқ келган: “Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетказманг”(“Бақара” сураси, 264-оят).

Ушбу буйруқ садақа қилувчиларга қарата айтилган бўлса-да, ҳеч шак-шубҳасиз, ҳадя қилувчиларга ҳам тааллуқли ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишимизга сабаб бўладиган амалларни адо этиш бахтига мушарраф қилсин.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилалари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим

50970cookie-checkЎзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: