islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бу масканда буюк ўтмиш акс этган келажак қурилади

«Ислом цивилизацияси маркази» барпо этилиши нафақат Ўзбекистонда, балки бу муқаддас динга эътиқод қилувчи миллиардлаб инсонлар сочилиб кетган бутун дунёда катта янгилик бўлди. Бевосита давлат раҳбари ташаббуси билан бунёд қилинаётган улкан мажмуага ташриф буюриш ҳамма учун қизиқ албатта. Ҳозирда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган бу марказ тез орада ўз эшикларини очади.

Халқаро Пресс-клубнинг бугун, 10 апрель куни ўтказилган навбатдаги сессияси анъанавий услублардан чекиниб, очиқ осмон остида, бевосита қизғин жараён устида ўтказилди – ОАВ вакиллари, ижодкорлар, домлалар ва талабалардан иборат катта гуруҳ «Ислом цивилизацияси маркази»нинг қурилиш жараёни кетаётган ҳудудга ташриф буюришди.

Қурилишлар жадал давом этаётган 1,9 гектар майдонга кириб келишингиз билан бинонинг маҳобатидан ҳайратга тушасиз. Бу бежизга эмас, албатта.

Марказни барпо этаётган дирекциянинг алоҳида муҳим ишлар бўлими бош мутахассиси Ҳусан ака Шукуровнинг маълум қилишича, гумбазнинг юқори нуқтаси 60 метрни ташкил қилади, яна унинг устида 7 метрли найза (шпиль) ҳам жойлаштирилади ва бу марказий нуқтанинг жозибасини янада оширади. Ҳозир бир сменанинг ўзида 300 нафардан ортиқ ишчи ишламоқда.

Пештоқлардаги ёзувлар, бинолардаги нақшларнинг ҳаммаси маълум маъно касб этади, муқаддас Ислом дини, маърифат, илмга оид ўгитлар жо қилинади.

Марказ:

* 40 мингдан ортиқ ноёб экспонатларга эга музей;
* 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмалар фондига эга кутубхона;
* Қадимий тошбосма ва қўлёзмаларни реставрация қилиш, кўпайтириш бўлими;
* Ислом динининг мазмунини чуқур таҳлил қилишга қаратилган тадқиқотлар маркази;
* Доимий нашр ишларини олиб борувчи замонавий ускуналар билан жиҳозланган нашриёт;
* Қорилар мусобақаси сингари мусобақалар, йирик анжуманлар ўтказишга мўлжалланган 300 кишилик конференция залига эга бўлади.

 Манба: kun.uz
74650cookie-checkБу масканда буюк ўтмиш акс этган келажак қурилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: