islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадиснинг Қуръонга нисбатан тутган ўрни

Ҳадис Қуръонга нисбатан уч хил вазифани ўтайди:

  1. Таъкидловчи. Ҳадисларнинг катта қисми Қуръонда келган маъноларни таъкидлаб, ёритиб келади.

Имом Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарса устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир”, деб гувоҳлик бериш; намозни тўкис адо этиш; закотни бериш; Рамазон рўзасини тутиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш”, дедилар.

Бу ҳадисда Ислом динининг беш асоси зикр қилинган бўлиб, улар ҳақида Қуръони каримнинг бир неча оятларида турли кўринишдаги буйруқлар бор.

Имом Буҳорий Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди”, деганлар. Қуръони каримда ростгўйликка буюрувчи,  уни мадҳ этувчи оятлар жуда ҳам кўп.

2. Изоҳловчи. Ҳадислар асосан мана шу вазифани ўтайди, Қуръонга шарҳ ва изоҳ сифатида хизмат қилади. Бу маъно Қуръони каримда ҳам таъкидланган. Аллоҳ таоло айтади: “Ва сенга Зикрни одамларга уларга нозил қилинган нарсани баён қилиб беришинг учун ва шоят, тафаккур қилсалар, деб нозил қилдик”   ( Наҳл, 44).

Қуръон оятлари кўпинча мавзуларга умумий маънода ёндашади, масалалар юзасидан одатда қамровли ҳукм чиқаради, шу боис улар шарҳ ва изоҳга, мақсадни ёритиб берадиган баёнга муҳтож. Ҳадис эса кўпинча айнан мана шу вазифани бажаради. Масалан, Қуръонда намозга умуий маънода буйруқ бор, лекин унинг қандай адо этилиши, ракатларининг сони ва бошқа масалалари ҳақида тўхталинмаган. Ьалки булар ҳадисларда баён қилинган. Закот, рўза, ҳаж ва бошқа кўп амаллар хусусида ҳам мана шу гапни айтиш мумкин. Қуръон батафсил баён қилмаган кўплаб масалаларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида муфассал ёритиб берганлар. Чунки у зот Аллоҳ томонидан етказучи, одамлар ичида шариатнинг  мақсадларини ва ғояларини энг яхши англовчи шахсдирлар.

3. Тўлдирувчи. Қуръонда насс – далилий матн келмаган ҳолатларда ҳадис орқали ҳам ҳукмлар жорий қилинади. Масалан, “Ҳайзли аёл рўзани қазо қилади, намозни қазо қилмайди”, “Насаб сабабли ҳаром бўлган нарса эмизиш сабабли ҳам харом бўлади” ҳадислари шу турдаги ҳадислардан ҳисобланади.

Яна бир мисол: бир кампир Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига меъросдаги улуши ҳақида савол сўраб келди. У киши: “Сен учун Аллоҳнинг китобидан бирор нарса топа олмаяпман ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг учун ечим бўладиган бирор нарса деганларини ҳам билмайман”, дедилар. Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу туриб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай аёлга олтидан бирни берар эдилар” , деди. У киши: “Сен билан бирга (гапингни тасдиқлайдиган ) яна бирор одам борми?“ дедилар. Шунда Муҳаммад ибн Маслама туриб, гувоҳлик берди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўша ҳукмни ижро қилдилар.

Суннатдаги аҳкомларнинг Қуръон каримга нисбатан тутган ўрни

Қуръон Ислом шариатида энг авваги асл манба ва суннат эса иккинчи манба ҳисобланади. Чунки Қуръони каримнинг барча матни қатъий равишда собит бўлган. Қатъий нарса зонний нарсадан устун қўйилади. Қолаверса Қуръон асл, суннат эса Қуръонга нисбатан фаръ ҳисобланади. Чунки суннат Қуръони каримни баён қилувчи ҳисобланади. Шундай экан асл фаръдан, баён қилувчи баён қилувчидан муқаддам қўйилади. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади[1].

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Ҳимслик соҳибаларидан ривоят қилинади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни яманга юборишни ирода қилганларидан: “ Агар сен бирор масалага дуч келсанг қандай қилиб ҳукм чиқарасан” – дедилар, “ Аллоҳнинг китоби ила” –деди. “Аллоҳнинг китобида топмасангчи” –дедилар. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам, Аллоҳнинг китобидан ҳам тонмасангчи” –дедилар. “Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман” –деди. “Шунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига урдилар ва “Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳнинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин” – дедилар. Абу Давуд ривоят қилган.

Уламолар суннатда келган ҳукмларни Қуръони каримга нисбатан тутган ўрни қуйидагилар эканлиги борасида иҳтилоф қилишмаган:

  • Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи суннат.
  • Қуръони каримда мужмал келган ҳукмларни баён қилиб берувчи.
  • Қуръони каримдаги мутлақ келган ҳукмларни қайдлаб берувчи.
  • Қуръони каримда умумий келган ҳукмларни хослаб берувчи.
  • Қуръонда зикр ила собит бўлган ҳукмларни суннат зикр қилиши[2].

Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи суннатга қуйидагилар киради: намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилишга ундовчи ҳамда Аллоҳ таолага ширк келтириш, ёлғон гувоҳлик бериш, ота-онага бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш кабилардан қайтарувчи ҳадислар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарса устига барпо этилди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, ҳамда Аллоҳнинг расули эканлигимизга иймон келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, ҳаж қилиш, рўза тутиш” –дедилар[3]

Қуръони карим мужмал келган ҳукмларни баён қилиб берувчи суннатга қуйидагилар киради: Қуръони каримда намоз ўқинглар, рўза тутинглар, ҳаж қилинглар, закот беринглар каби умумий ҳукмлар келган. Суннатда эса намозни қандай ўқиш, рўзани қандай тутиш, ҳажни қай тариқа адо этиш, закотни қандай бериш ва бошқа шунга ўхшаш ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган. Масалан, Қуръони каримдаги оятларда “намозларингизни баркамол ўқингиз ва закот берингиз” , деб марҳамат қилинади.

Аммо Қуръонда намозларнинг адади баёни ва кайфияти борасида ҳеч нарса ворид бўлмаган, фақатгина суннат келиб буларни баён қилди. Шунингдек, закотни қачон вожиб бўлиши, унинг нисоблари, қанча чиқарилиш миқдори, лекин буни ҳам суннат келиб, барчасини баён қилиб берди.

Уламолар феълий суннат ҳам баён бўла оладими ёки йўқми деган фикрда ихтилоф қилишган. Кўпчилик уламолар феълий суннат ҳам Қуръонни баён қилиб келади дейишади. Омидий айтади: “Озчилик уламолардан ташқари аксар уламолар феълий суннат ҳам баён бўла олади. Уламолар қавлий суннатни баён бўлишигага иттифоқ қилишган. Қавлий суннат баён бўла олдими, феълий суннатнинг баён бўлиши батариқа авло”[4].

Қуръонда зикри келмаган ҳукмларни суннат зикр қилиши. Бунга қуйидагиларни мисол қилсак бўлади: оила кўрган зинокорни тошбўрон қилиш ҳукми Қуръонда йўқ, лекин суннат билан собит бўлган. Шунингдек, бир гувоҳ ва қасам билан чиқариш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийик ҳаромлиги, аёл киши аммаси ёки холасини устига никоҳланиши ҳаромлиги, хиёри шарт, шуфъа масаласи, ҳайз кўрган аёлни намоз ва рўза ибодатларини бажара олмаслиги, рамазон рўзасини тутган одам кундузи жимо қилса қаффорат вожиб бўлиши, бобонинг мерос олиши, садақаи фитр каби ҳукмлар ҳам суннат билан собит бўлган. Уламолар Қуръонда зикри келмаган ҳукмларни суннат зикр қилиши борасида ихтилоф қилишган. Жумҳур уламоларининг фикрича, Қуръонда келмаган баъзи бир ҳукмлар суннат билан жорий бўлганлигини айтишади. Бошқа бир жамоа мусулмонлар эса, хоссатан имом Шотибий шундай дедилар: Суннат ила нима ҳукм жорий бўлган бўлса, унинг асли албатта Қуръонга бориб тақалади.

4-курс талабаси
Дилфуза Самандарова

[1] Шинқитий, Аҳмад Маҳмуд Абдулваҳҳоб,Хобарул ваҳид ва ҳужжийятуҳу, Мадинаи мунаввара, 2002-йил,61-б.
[2] Шинқитий, Аҳмад Маҳмуд Абдулваҳҳоб, Хобарул ваҳид ва ҳужжийятуҳу, Мадинаи мунаввара.: 2002-йил, 63-б.
[3] Абу Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ишоқ Ибн Мусо Меҳрон ал-Асбаҳоний, Муснадул мустахраж аъла Саҳиҳул Муслим , Байрут,: Дорул кутубу ал илмийя, 1996-йил, 1-ж, 110-б.
[4] Шинқитий, Аҳмад Маҳмуд Абдулваҳҳоб, Хобарул ваҳид ва ҳужжийятуҳу, Мадинаи мунаввара, 2002-йил, 64-бет.

77220cookie-checkҲадиснинг Қуръонга нисбатан тутган ўрни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: