islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бир ҳадис шарҳи

Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Саъд ибн Муозга Бану Қурайза қабиласи устидан ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Саъдга одам юбордилар, у эшакка миниб келди. Масжидга яқин келганда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга: “Саййидингиз ҳурмати учун туринглар!“, дедилар. Саъдга: “Мана буларнинг устидан ҳукм чиқариш сенга топширилди!“-деб яҳудийларга ишора қилдилар. Саъд: “Уларнинг урушга яроқлиси қатл қилинсин, бола-чақаси эса асир олинсин!“-деб ҳукм қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳам шундай эди“-дедилар.

Аввало, ҳадисда зикр қилинган Бану Қурайза ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак: Бану Қурайза яҳудийлардан ташкил топган бўлиб, Мадинага яқин жойда жойлашган. Улар ўзлари ва Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ўрталарида бир-бирлари билан урушмасликка, уларга қарши уруш очганларга ёрдам бермасликка аҳднома имзолагандилар. Аммо, Бану Қурайза ушбу аҳдни бузди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳиёнат қилиб, бошқа жамоаларга ёрдам қўлини чўзди. Гарчи, улар мусулмонларга қарши бўлган томонга ёрдам берган бўлсаларда, Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи нусрат берди. Қарши тараф жамоалари ортга чекиниб, тарқаб кетдилар. Ўз навбатида, мусулмонлар ҳам диёрларига қайтдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам урушдан ҳоли бўлгач, силоҳларини ечиб, ювиниб турганларида, Жаброил алайҳиссаллом келдиб қолдилар ва:“Сиз силоҳингизни ечибсиз, аммо биз ҳали ечганимиз йўқ! Уларга (Бану Қурайзага) қарши отланинг!“ -дедилар. Шундан сўнг, қайта йўлга чиқдилар. Бану Қурайза ерига шом пайти етиб келинди. Уларнинг адади таҳминан уч мингта эди. Мусулмонлар қарши тарафни бир неча ўн кеча қамал қилдилар. Бу орада Аллоҳ таоло душман қалбига қўрқув солиб қўйди.

Бу пайтда Аҳзоб уришида ўқ еб жароҳатланган Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Мадинадаги масжидда (бир ривоятда: Масжиди Набавийда) чодир ичида даволанаётган эдилар. У кишига қавм устидан ҳукм чиқариш талаб қилинди. Саъд розияллоҳуни анҳу эшакка миндириб, ўнг ва чап тарафларига икки киши суянч бўлиб олиб келдилар. Масжидга яқин қолганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Саййидингиз учун туринглар! Уни тушириб қўйинг ва икром қилинг!“-дедилар ва Саъдга: “Албатта, мана булар ҳукмимиз остидадирлар!“-деган маънода юзланиб қўйдилар. Саъд: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен булардан Исломга қарши қурол кўтара оладиган кишиларни қатл қилишга, болалари ва зурриётларини асир қилишга ва моллари ҳамда диёрларини ўлжа қилиб олишга ҳукм қилдим“-деди. Шу пайт Аллоҳ таолодан ваҳий нозил бўлди. Унда Саъд айтган ҳукм бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло уларга Жаброил тилида етти қават осмондан ҳукм қилди“-дедилар. Қатл қилинганлар сони 600тага етди.

Бу ҳадис борасида уламолар бир қанча фойдалар олишни айтиб ўтганлар:

1) Келувчини ҳурматлаб ўриндан туриш;

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига мавлолари Зайд ибн Ҳориса, амакиваччалари Жаъфар, қизлари Фотима розияллоҳу анҳум кириб келганларида, У зот ўрниларидан турганлар.

2) Қийин масалаларда ҳукм чиқариш учун ҳакам тайинлаш шаръий иш экани;

3) Ҳакамликка фазилатли кишини тайинлаш;

4) Аҳдни бузган ва келишувга ҳиёнат қилганга уруш очишнинг жоизлиги;

5) Саҳоба Саъд ибн Муоз буюк иш қилгани ва бир қанча фазилатлари зоҳир бўлгани юқоридаги ҳадисдан маълум бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ва офият берсин ва олаётган илмларимизни манфаатли қилсин!

303-гуруҳ талабаси
Юсупова Феруза

90390cookie-checkБир ҳадис шарҳи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: