Алишер Навоий омма, халқ истифода қилиши учун соф шаръий кўрсатмаларга доир асарлар ҳам ёзган. Бу маънода унинг энг кўзга кўринган асари, шубҳасиз, “Арбаъин” китобидир.
“Арбаъин” “қирқта” дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат ҳадис китобларига айтилади. Ушбу услубда асар яратиш Ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос бўлади:
قَالَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «مَنْ حَفِظَ عَلَى أُمَّتِي أَرْبَعِينَ حَدِيثًا فِي أَمْرِ دِينِها، بَعَثَهُ اللهُ فَقِيهًا، وُكُنْتُ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَافِعًا وَشَهِيدًا».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ва Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан”.
Бу ҳадис бироз заифроқ йўллар билан нақл қилинган бўлса-да, у жуда кўп муҳаддислар томонидан ривоят қилинган машҳур ҳадис ҳисобланади. Жумладан, уни имом Байҳақий Абу Дардо ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳумодан, Дайламий Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан, Абу Нуъайм Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Ибн Жавзий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Мазкур ҳадиси шарифнинг илҳоми билан кўпчилик муҳаддислар ва уламолар тарафидан “Арбаиън” асарлари яратилган. Бу тур ҳадис китобларини катта икки қисмга ажратиш мумкин:
1.Маъулум бир мавзудаги ҳадислардан қирқтасини жамлаган асарлар. Масалан, одоб-ахлоқ, илмнинг фазилати, истиғфорнинг фазилати, Мадинанинг фазли ҳақида, ҳажга ёки табобатга оид ҳадислардан тузилган арбаъинлар каби.
2.Исломнинг умумий асосларини ифода этувчи ҳадислардан тузилган арбаъинлар. Буларда мавзу чекланмайди. Бу тур арбаъинлар ичида энг машҳур ва мўътабари имом Нававийнинг “Арбаъин”лари эканида шубҳа йўқ.
Мазкур ҳадиси шарифда айтилган ваъдадан умид қилиб, мусулмон шоирлар ҳам шеърий “Арбаъин”лар ёзишган. Жумладан, буюк олим Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида “Арбаъин” тузиб, унда фазилатли амалларга доир қирқта ҳадисни шеърий тўртликлар билан таржима қилган. Кейинроқ у кишининг хос шогирди, мумтоз шоир Мир Алишер Навоий ҳам устоз йўлидан бориб, ўзининг “Арбаъин” асарини битган.
Алишер Навоийнинг “Арбаъин”ини ўрганар эканмиз, унда асосан Ислом ахлоқига доир ҳадислар жамланганини кўрамиз. Муаллиф унда устози Абдурраҳмон Жомий “Арбаъин”ида келтирилган ҳадисларнинг айримларини олиб, айримлари ўрнига бошқа ҳадисларни танлаган ва аввал ҳар бир ҳадиснинг арабча матнини келтириб, кетидан унинг мазмунини шеърий тўртлик шаклида ифода этган. Бунда ҳадислар сўзма-сўз таржима қилинмай, уларнинг умумий мазмуни акс эттирилган. Зеро, ҳадисларни назмда сўзма-сўз таржима қилишнинг умуман имкони йўқ. Шу боис, муаллиф аввал ҳадиснинг матнини бериб, кетидан унинг умумий мазмунини бадиий услубда баён қилган. Бу айрим уламоларнинг “етарли билимга эга кишилар ҳадисларнинг маъноларини нақл қилишлари мумкин” деган фикрларига асосланган ишдир.
Маълумки, Алишер Навоий аслида ҳадислар устида тадқиқот олиб борадиган муҳаддис бўлмаган, бошқача қилиб айтганда, бу соҳа у кишининг мутахассислиги эмас. Қолаверса, у киши яшаган пайт Ислом оламида ҳадис илмидан узоқлашиш бошланган даврга тўғри келади. Ушбу шароитда мана шунчалик ишончли ҳадисларни жамлашнинг ўзи ҳазрат Навоийнинг ҳадис илми борасида қанчалик юқори даражада эканларини кўрсатади.
4-курс талабаси
Анорбоев Исломбек Мавлонович