islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ТАҲОРАТ ҲАР БИР НАМОЗГА ҚИЛИНАДИМИ?

Ўз каломи шарифида : «Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади» (Бақара сураси, 222),- дея бандаларини покликка ундаган Зот – Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Ҳадиси шарифларида: «Аллоҳ покдир! Покликни севади!»,- дея Роббисининг сўзини тасдиқ қилган зот-ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин. Ислом дини ҳукмларини гўзал тарзда, буюк омонат қилиб етказган зотлар – саҳобаи-киром, тобеъин, улуғ мужтаҳидларга Аллоҳнинг ризолиги, раҳмати ва мағфирати бўлсин.
Биз ўрганмоқчи бўлган мавзу – таҳорат диннинг беш арконидан шаҳодатдан кейинги ўринда турувчи, мўминнинг меърожи бўлган намознинг  асосий шартларидандир. Бунинг бошқа амалларга ‎масалан айнан намозга шарт қилинишида Ислом динининг нафақат маънан, балки, ҳиссан (моддий) покланишга ҳам қанчалар аҳамият берганини кўрасиз. Чунки, намоз бошқа амаллардан фарқли равишда мўмин кишининг кундалигидан алоҳида ўрин олгандир.
Биз бу мавзуни Ҳанафий мазҳабимиз учинчи табақаси – мазҳаб соҳибларидан ривояти келмаган масалаларда ўз ижтиҳодлари ила ҳукм чиқаришга қодир бўлган мужтаҳид-фақиҳлар табақасидан бўлмиш имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салама ибн Салама ал-Аздий ат-Таҳовий (роҳматуллоҳи алайҳ) қаламларига мансуб «Шарҳи маонил-осор» – «Осорлар маʼнолари шарҳи» китоби орқали ўрганамиз. Мавзуни ўрганиш жараёнида ҳадисларнинг бир-бирига қандай мувофиқлаштирилиши, бир ҳадисдан қандай маъно тушунилиши, ҳадисларнинг ҳукмлар билан нақадар боғлиқлиги, ‎ асосийси, бу Динни етказиш йўлида уламоларнинг қилган ҳиммату ғайратлари, машаққату заҳматларини озгина бўлсада тушуниб, ҳис қилсак ажаб ‎эмас…
Биздан Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳгача муттасил равишда етиб келган ривоятга кўра, у зот роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Сулаймон ибн Бурайра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз учун таҳорат қилар‎дилар. (Макка) фатҳ бўлган пайтда ‎эса (беш вақт) намозларни бир таҳорат билан ўқидилар». Сулаймон ибн Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ бўлган куни беш (вақт) намозни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки махсиларига масх тортдилар. Шунда, Умар розияллоҳу анҳу У зот соллалллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Росулуллоҳ, аввал ҳеч қилмаган ишингизни қилдингиз?!, – дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Буни атайин қилдим, ‎эй Умар!», – дедилар.
Зоҳирийлар ва Шофеийлардан бир жамоаси бу ҳадисларни ҳужжат қилиб: “Муқим бўлган кишиларга ҳар намозга алоҳида таҳорат қилиш вожиб, – дейишди. Тўрт мазҳаб имомлари ва уларнинг асҳоблари, ҳадис аҳлининг кўпчилиги ва бошқалардан иборат жумҳур уламолар шундай дедилар: «Таҳорат таҳоратсизлик (яъни, уни бузувчи нарса) етгандагина вожиб бўлади». Бу масалада ушбу уламолар юрган йўлга мос келувчи ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган:
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир аёлнинг уйига саҳобалар билан (меҳмонга) бордилар. Саҳобия – ансория аёл уларнинг ҳузурларига қовуриб қўйилган қўй гўштини келтирди. (Ундан) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам едилар ва биз ҳам едик. Сўнг пешин вақти кирди. Шу дам Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиб намоз ўқидилар. Сўнг, аср вақти кирди, шунда, таҳорат олмай намоз ўқидилар».

Абу Жаъфар роҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин ва аср намозини пешин вақтида қилган таҳоратлари билан ўқиганлар. Бурайда розияллоҳу анҳу  ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намоз учун таҳорат олишлари фазлни истаб бўлгани ‎эҳтимол, вожиб бўлганлиги учун ‎мас. Бирор киши: “Бу ишда қандай исталадиган фазл бор?”, – деса, унга шундай жавоб берилади: “Албатта, фазл бор. Бизга Абу Ғутойф ал-Ҳузалийдан ривоят қилинди, у киши айтди: “Мен Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Пешин намозини ўқидим. Шунда, у зот розияллоҳу анҳу ҳовлиларидаги мажлисга кетдилар, мен ҳам у зот билан бирга кеттим. Аср намозига нида қилинган пайт таҳоратга сув буюрдиларда, таҳорат қилдилар.
Сўнг чиқдилар, мен ҳам у зот билан бирга чиқдим. Дарҳол Аср намозини ўқидилар. Сўнг ўз мажлисларига қайтдилар, мен ҳам У зот билан бирга қайтдим. Шомга нидо қилинган пайт таҳоратга сув буюрдиларда, таҳорат қилдилар. Шунда мен У зотга: «Бу қандай иш (бўлди), э‎й Абу Абдурроҳман? Ҳар бир намоз учун таҳоратми?», – дедим. Шунда у зот розияллоҳу анҳу: “Мен қилган бу ишни сен суннат ‎эмас, деб билдингда!? Албатта, менга, модомики таҳоратим бузилмаса, бомдод намозига қилган таҳоратим ҳамма намозларим учун етарли‎дир. Лекин, мен Росулуллоҳдан шундай деётганларини ‎эшитганман: «Кимки поклик устига таҳорат қилса, Аллоҳ манашу иши сабабли у бандага ўн яхшилик ёзади».  Эй биродаримнинг ўғли! Мен мана шуни хоҳладим”.  Демак, Бурайда розияллоҳу анҳу  бу ишни мана шу фазлга э‎ришиш учун қилган бўлишлари мумкин. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай фазлларга ‎эриштирувчи амалларни қилиш вожиб бўлатуриб, нимага бундай қилмасинлар!? Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳоратлари учун сув келтирилди, шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у сувдан таҳорат олдилар». Амр ибн Омир розияллоҳу анҳу  айтадилар: “Мен Анас розияллоҳу анҳуга: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз олдидан таҳорат қилармидилар?», – дедим, Анас розияллоҳу анҳу : «Ҳа», – дедилар. Мен: «Ҳа, сизларчи?», – дедим. Анас розияллоҳу анҳу: «Биз намозларни битта таҳорат билан ўқирдик», – дедилар”. Анас розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феълларида биз айтиб ўтган амалнинг ҳукмини билдирдилар ва буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқага фарз деб билмадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу амални қилиб юрган пайтлари бу вожиб бўлган бўлиши , сўнгра ‎эса, насх бўлган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Энди, биз бу масалага мана шу жиҳатдан ҳам ёндашиб, осорлардан шу маънога далолат қиладиган бирор нарса топилармикин, деб қараганимизда  Абу Довуд розияллоҳу анҳу бизга ҳадис айтганларини топдик.
Муҳаммад ибн Яҳё ибн Ҳиббондан, у киши Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга айтдим:
“Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳар бир намозга пок бўлсалар-бўлмасалар таҳорат олганларини кўрганмисиз?”
Мана шу ҳақида Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ айтдилар:
“Менга буни Асмо бинти Зайд ибн Хаттоб сўзлаб берди. Асмо бинти Зайдга эса Абдуллоҳ ибн Ҳанзала ибн Абу Омир сўзлаб берди: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз учун пок бўлсинлар-бўлмасинлар таҳорат қилишга буюрилдилар. Ўша амал у зотга оғир келиб қолгач, ҳар бир намоз учун мисвок ишлатишга буюрилдилар”. Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса ўзларида ўша амалга куч-қувват бор, деб билардилар. Шунинг учун у зот ҳар бир намозга таҳорат қилишни ҳеч тарк қилмас эдилар». Мана бу ҳадисда, демак, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намозга таҳорат олишга буюрилганлар, кейинчалик, ўша амал насх бўлган. Бундан, модомики, таҳоратни бузувчи нарсалар ўтмас экан, биз айтиб ўтган нарсалар далил ўлароқ, албатта, ўша таҳорат етарли бўлиши ва ўтавериши келиб чиқади.

Агар бирор киши савол бериб қолса: «Ҳа, бу ҳадисда мисвокни ҳар бир намозга вожиб қилиш бор экан, қандай қилиб сизлар ушбу амални вожиб санамаяпсизлар ва ҳадисни ҳаммасига амал қилмаяпсизлар? Ахир сизлар ҳадиснинг баъзисига амал қилиб қўйдингизку?».

Бунга қуйидагича жавоб берилади: “Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намозда мисвок тутиш билан хосланган бўлишлари мумкин, умматлари эмас. Яна, эҳтимол, бу амалда умматлари ҳам У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам баробар бўлишлари мумкин. Бу масаланинг тагига фақатгина бир тўхтамга келиш билан етиш мумкин. Энди, биз бунга ҳам эътибор қаратдиб, шу масалалардан бирортасига бизни йўллаб қўядиган бирор манба чиқармикан, деб, Али ибн Маъбад бизга сўзлаб берган ҳадисни топдик:
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Агар умматимга қийинчилик туғдириб қўй (ишни ўйла) маганимда эди, уларни, албатта, ҳар бир намоз пайтида мисвок тутишга буюрган бўлардим». Ибн Марзуқ бизга сўзлаб берди, Умар розияллоҳу анҳудан, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги ҳадиснинг ўхшаҳсини ривоят қилганлар. Абу Жаъфар розияллоҳу анҳу айтдилар: “Бу ҳадис «ғариб»дир”. Биз буни Ибн Марзуқдангина ёзиб олдик.
Абу Ҳурайра розияяллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимга оғирлик қилиб қўйишдан қўрқмаганимда эди, уларни ҳар бир таҳорат пайтида мисвок тутишга буюрган бўлардим», – дедилар. Демак, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзлари билан бу ишга буюрмаганлари келиб чиқади. Бу билан эса, бу иш умматларига вожиб эмаслигига, умматларидан бу нарса кўтарилгани ва бу амал ҳар бир намоз учун таҳоратдан ўринбосар қилинганига, ҳар бир намоз учун таҳорат қилиш умматларига вожиб эмаслигига, улар бунга буюрилмаганларига, бу амалга буюрилган зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликларига, умматлари эмаслигига, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амалдаги ҳукмлари умматларининг ҳукмидан бошқача эканига далил келиб чиқади. Бу мавзуимизнинг осорлар маʼноларини тўғрилаб чиқиш тарафидан кўриниши эди.
Бу масалани назарий томондан кўриниши эса, қуйидагича:
Биз таҳоратни таҳоратсизликдан покловчи эканини билдик. Энди, таҳоратсизликлардан покловчи нарсаларга бирма-бир қараб чиқишга ҳаракат қилдикки, у покловчи нарсаларнинг ҳукми қандай, уларни бузадиган нарсалар нима экан. Мана, биз таҳоратлар ва уларни вожиб қиладиган ҳадасларни икки турли деб топдик: бири ғусл бўлса, иккинчиси таҳорат экан. Демак, ким жимо қилса ёки жунуб бўлса, унга ғусл вожиб бўлар, ким бавл қилса ёки ҳожатчиқарса унга таҳорат вожиб бўларкан. Энди, вожиб бўлиб қилинган ғуслни биз айтиб ўтган далилларга биноан, вақтнинг ўтиши бузмас, фақатгина, ҳадаслар бузар экан. Демак, жимо ва эҳтиломдан покланиш ҳукми биз айтиб ўтгандек тайин топгач, назарий кўринишда ҳам бошқа ҳадаслардан покловчиларнинг ҳукми худди шундай бўлади. Чунки, уни вақтнинг ўтиши бузмайди, худди ғуслни вақтнинг ўтиши бузмаганидек. Яна бошқа бир ҳужжат ҳам борки, биз уламоларни мусофир киши масаласида, модомики, таҳорати синмаган экан бир таҳорат билан барча намозларни ўқий олади, деб ижмо қилганларини билдик. Улар муқим масмаласида ихтилоф қилдилар. Биз жимо, эҳтилом, бавл ваҳожатга боришдан иборат таҳоратсизликларни ва муқим кишидан содир бўлганда, у сабабли мазкур муқимга таҳоратни вожиб қиладиган нарсаларни кўриб чиқдик. Албатта, у агар мусофирдан содир бўлса ҳам худди шундай бўлар, унга ҳам муқимга қандай покланиш бўлса шундай бўларкан. Биз яна вақтнинг чиқиши уни бузадиган таҳоратни кўриб чиқдик, у икки махсига масъҳ тортишдир. Демак, муқим ва мусофир ушбу масалада, гарчи, вақтнинг ўзи улар ўртасида ўзаро фарқ қилсада, баробар бўлди. Зеро, у иккисининг иллати-сабаби бирдир, у ҳам бўлса вақтнинг чиқиши бўлиб, муқимнинг ҳам, мусофирнинг ҳам таҳоратини бузади. Демак, биз айтиб ўтган масалалар худди шундай бўлар ва муқим кишининг таҳоратини нима бузса, у мусофирнинг ҳам таҳоратини бузар, мусофир томонидан вақтнинг чиқиши унинг таҳоратини бузмас экан, муқим томонидан ҳам вақтнинг чиқиши унинг таҳоратини бузмайди.

Муқимнинг қиёси худди шундай бўлади, биз баён қилган бу масалаларнинг назирий кўриниши ҳам шундай бўлади. Бу Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳимларнинг сўзлари-тутган йўлларидир. Шубҳасиз, бу нарсаларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги бир қанча жамоат ҳам айтиб ўтганлар. Улардан бири: Амр ибн Омирдан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳунинг шундай деётганларини эшитдим: «Биз модомики, таҳоратимиз бўлар экан, барча намозлари бир таҳорат билан ўқирдик».
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳар (фарз) намозга янги таҳорат қилардилар ва
«Агар намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни ювинг…» (Моида сураси, 6), оятини ўқирдилар. Абу Жаъфар р.оҳматуллоҳ алайҳ айтдилар: Бу оятда, бизнинг наздимизда, ҳар бир намоз учун таҳорат қилиш вожиб эканига ҳеч қандай далил йўқ. Чунки, Аллоҳ таолонинг бу ояти каримаси таҳоратсиз бўлгандаги намозга туришга айтилган бўлиши мумкин. Ўзингиз уларнинг: “Мусофир таҳорати синмаса, унга «ҳадас»етмаса, таҳорат вожиб бўлмайди”, – деган ижмоларини яхши билдингиз. Ояти каримада эса, мусофирга ҳам, муқимга ҳам бирдек нидо қилиняпти мусофирнинг ҳукми ўзгармаётган экан, муқимнинг ҳам ҳукми худди шундайлиги, ўзгармаслиги келиб чиқади. Ибн Ғавғо айтдилар: “Улар (саҳобийлар), агар, таҳоратсизлик етса, то таҳорат олмагунча туришмасди. Шунда, ушбу:«Агар намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни ювинг…» ояти нозил бўлди. Демак, хабар берилдики, у қиём ҳадас етгандан кейинги намозга туриш экан. Муҳаммаддан ривоят қилинади: Албатта, Шурайҳ барча намозларни бир таҳорат билан ўқирди”. Ҳасандан ҳам бу нарсани ёмон санамаслиги ривоят қилинди. Валлоҳу аълам.
Кўриб турганингиздек, бир мавзуни ўрганиб чиқиш асносида уламоларнинг нақадар масалалар чиқаришда моҳир эканиклари, айниқса, ҳанафий олимларининг учинчи табақа уламоси шунчалар бўлса, бош табақалардан жой олган Имом Абу Ҳанифа, у кишининг шогирдлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва бошқалар (роҳимаҳумуллоҳ) қай даражада экани яққол намоён. Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари: «Менинг гапим замирида, албатта, саҳиҳ ҳадис ётади», мазмунидаги сўзлари маъносини тушуниш ҳам, энди, қийин эмас. У зот роҳматуллоҳи алайҳ бир масалани чиқариш билан кифояланмас, балки, мутлақ ижтиҳод қила олиш даражасидаги қирқта шогирдлари даврасига ташлар эдилар. Шундай қилиб, ҳар бир масала мислсиз даражада сайқалланиб, эгиб бўлмас даллиллар ила бурканарди. Бундай масалалардан минглаб келтириш мумкинку, бунга вақт етмайди. Мавзуни ўрганиш давомида, биз ҳанафийлар эргашган йўл қуруқ имомимизнинг сўзлари эмас, ортида минг-минглаб нақлий ва ақлий далиллар ўзаро уйғунликда мустаҳкам асос бўлиб турганини, ҳозирда, оятни қўятуринг, ҳадисдан тўғридан-тўғри ҳукм олувчилар қолмаганини, «аҳли ҳадислар» даъволари қанчалар пуч ҳаёллар эканини, ҳис қилган бўлсак, не ажаб. Ҳидоят фақат Аллоҳдандир. У улуғ фазл эгасидир.

ВАЛҲАМДУ ЛИЛЛАҲИ РОББИЛ АЪЛАМИЙН.

ТИИ талабаси
Мансуров Абу Бакр

92570cookie-checkТАҲОРАТ ҲАР БИР НАМОЗГА ҚИЛИНАДИМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: